Жаҳон | 23:00 / 01.04.2022
78185
6 дақиқада ўқилади

Россия украин вертолётлари Белгороддаги нефть базасига ҳужум қилганини айтмоқда. Асосий маълумотлар

Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳужум акс этгани айтилган видео тарқалди. Украина ҳукумати изоҳ беришдан тийилмоқда. Кремлдагилар бу ҳодиса Россия-Украина музокараларини давом эттириш учун қулай шароит яратмаслигини билдирган.

РФ ФВВ / AP / Scanpix / LETA

1 апрель куни тонгда Белгородда жойлашган нефть базасида йирик ёнғин рўй берди. Бу ҳақда Белгород области губернатори Вячеслав Гладков телеграмдаги каналида хабар берган. Ёнғин «Роснефть»га қарашли «Белгороднефтепродукт» базасида рўй берган. ФВВ маълумотига кўра, Константин Заслонов кўчасидаги ёнғин ҳақида сигнал соат 5:51да келиб тушган. Нефтбаза ҳудудида дизел ёнилғиси сақланадиган саккизта резервуар (ҳар бирининг ҳажми 2000 куб метрдан) ёниб кетган. Соат 12:50 га келиб ўт ўчирувчилар уларнинг ярмидаги оловни ўчиришган. Ўт ўчириш ишларига автоцистерналарга сув қуйиб берувчи ўт ўчирувчилар поезди жалб этилган.

Губернатор берган маълумотга кўра, нефт базанинг икки нафар ходими жабрланган. ФВВ ва «Роснефть» эса қурбонлар ва яраланганлар йўқлигини айтган. Нефт база ходимлари, шунингдек атрофдаги кўчалар аҳолиси вақтинча кўчирилган.

Белгород области губернатори ёнғин «Украина қуролли кучларининг икки вертолёти йўллаган зарбалар» оқибатида рўй бергани ҳақида айтган. Унинг сўзларига кўра, бу вертолётлар «Россия ҳудудига жуда пастлаб учиб кириб келган». Губернатор бошқа тафсилотларни келтирмаган. Белгород Украина чегарасидан 35-40 километр масофада жойлашган. Агар авиазарбалар тўғрисидаги маълумот тасдиқланса, бу Украина кучлари томонидан Россия ҳудудига бу тарзда қилинган илк ҳужум бўлади. 

Белгород атрофидаги турли аҳоли пунктларидан ҳам авиация ва артиллерия зарбалари ҳақида хабарлар келган. Хусусан, Северний посёлкасига (Белгороддан 5 километр масофада) «Константа» босмахонаси жабрланган. Ходимларнинг сўзларига кўра, вертолётлар босмахонани эрталабки соат 5:30 атрофида ўққа тутишган. Бино деразалари синган, техникаларга шикаст етган, атрофда эса «ракета болванкалари» ётганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, яқин атрофдаги «Росэнергоучёт» биносига ҳам ракета келиб тушган. Ҳудудни миналардан тозалаш ишлари ўтказиш режалаштирилган.

Северний посёлкасида икки саноат паркидаги камида етти объект  жабрланган: ишлаб чиқариш объектларидан ташқари электр узатиш линияси ва трансформатор нимстанцияси шикастланган. Яраланганлар ёки қурбонлар борлиги ҳақида хабар берилмаган.

ТАСС манбаси 1 апрель куни кундузи Никольское қишлоғида (Белгороддан 20 километр узоқда) «Украина ҳудудидан учирилган» артиллерия снаряди болалар боғчаси ҳудудига келиб тушгани ҳақида хабар қилган. Тез ёрдам бу ерга тиббий ходимлар бригадаси жўнатилганини маълум қилган, жабрланганлар бўлмаган. «Белгород № 1» телеграм канали Никольскойга қандайдир объект келиб тушиши акс этган видеони тарқатган (аммо видеода бутунлай бошқа сана акс этган — 2018 йил 16 январь).

Бундан ташқари, Белгород аҳолиси шаҳардаги портлашлар ҳақида хабар беришган ва бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган. Қатор маҳаллий нашрлар журналистлари эса миналаштирилганлик ҳақидаги хабарлар туфайли таҳририятларнинг эвакуацияси амалга оширилганини айтишган.

Украина Белгороддаги нефт базасига ҳужумга алоқадорлигини тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортди. Украина мудофаа вазирлиги расмийси Александр Мотузяник Украина томони «Украина ҳудудига Россиянинг қуролли тажовузини қайтариш бўйича мудофаа амалиёти» ўтказилаётганини айтган. «Ва бу Украина бундай ҳисобдаги янглишишлар, РФ ҳудудидаги барча фалокатлар ва воқеалар учун масъулиятни зиммасига олиши керак дегани эмас. Биз бундай айбловга биринчи марта гувоҳ бўлиб турганимиз йўқ. Шунинг учун, мен бу маълумотни тасдиқламайман ҳам, рад этмайман ҳам», — деган Мотузяник.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба эса, рўй берган ҳодисага Украинанинг алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотни тсдиқлаши ҳам, инкор этиши ҳам имконсиз экани, чунки унда «барча ҳарбий маълумотлар бўлмаслиги»ни айтган. Украина президенти офиси раҳбари Алексей Арестович, қисқагина қилиб, «Биз Россия ҳудудида бўлаётган воқеалар учун жавоб бермаймиз» деди. 

Кремлдагилар Белгородда рўй берган ҳодисалар Россия ва Украина ўртасидаги музокараларга ёрдам бермаслиги аниқ эканини таъкидлади. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «албатта, буни музокараларни давом эттириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш сифатида қабул қилиб бўлмаслиги»ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Владимир Путинга ҳодиса ҳақида хабар берилган. Белгороддаги воқеалар муносабати билан қўшни Курск областидаги барча хавфсизлик хизматлари жанговар шай ҳолатга келтирилган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Вазирлик расмийси Игорь Конашенковнинг айтишича, ракета зарбалари украинларнинг эрта тонгда Россия ҳаво ҳудудига жуда паст учиб кирган икки Ми-24 вертолётлари орқали берилган.

«Украина вертолётлари Белгород атрофида жойлашган нефт сақланувчи фуқаролик объектларига ҳужум қилди. Ракеталар келиб тушиши оқибатида алоҳида резервуарлар шикастланган ва ёниб кетган», деган Конашенков ва бу нефт базаси ҳарбийларга алоқадор бўлмагани ва фақат фуқароларнинг автотранспортини ёнилғи билан таъминлаганини қайд этган.

Мавзуга оид