Спорт | 12:46 / 03.04.2022
40146
9 дақиқада ўқилади

«Буржуйлар ўйини»дан каратегача: СССРда тақиқланган спорт турлари

Совет иттифоқи том маънода тақиқлар мамлакати бўлган. Ҳолат шу даражага етадики, ҳатто дунёнинг аксар қисмида оммабоп бўлган бир қанча спорт турлари ҳам ҳар хил баҳоналар билан тақиқлаб қўйилади. Лекин одамларни нимадандир тўсиш барибир иложсиз эди.

Бугунги кунда анча оммавий бўлган карате, билярд, бодибилдинг, йога ва бейсбол каби спорт турлари билан ошкора шуғулланиш СССРда тақиқланган эди. Бу спорт турларидан карате ва бейсбол шафқатсиз деб топилган бўлса, бодибилдинг инсон танасини зўриқтирувчи спорт тури деб топилган. Йога инсонларни фикрлашга ундайди деган баҳона билан, билярдни эса «буржуйлар ўйини» деб тақиқлашади.

1980-йилларнинг охиригача юқоридаги спорт турлари билан очиқча шуғулланиб бўлмас, яширинча шуғулланганлар эса қамалиши ҳам мумкин эди. Фақат 1988-89 йилларга келиб, Горбачёв бошлаган ислоҳотлар туфайли тақиқланган спорт турлари билан шуғулланишга рухсат берила бошланади.

1. Карате

Япон жанг санъати ҳисобланган карате билан СССРда аввалига ҳеч ким шуғулланмаган. Шунингдек, собиқ иттифоқда карате федерацияси бўлмаган, расмий мусобақалар ҳам ўтказилмаган. Иккинчи жаҳон урушида СССРнинг японларга қарши уруши, кейин эса «капиталистик Япония»га қарши олиб борилган кенг кўламли тарғиботлар туфайли ўтган асрнинг 50-70 йилларида совет фуқароларида каратега қизиқиш унчалик бўлмаган. Аммо 1970-йилларнинг охири, 80-йилларнинг бошида вазият ўзгаради.

Фото: Yandex

1980-йилларгача Жанубий Курил оролларига эгалик даъво қилган «душман Япония»нинг иқтисодий ҳолати, японлар турмуш тарзи оддий совет фуқароларининг аксариятига номаълум эди. Аммо 1979 йилда СССР ҳарбийлари Афғонистонга бостириб киргач, одамлар нафақат япон техникалари билан танишади, балки карате билан ҳам шуғулланиш авж олади.

Гарчи Афғонистонда уруш кетаётган бўлса ҳам бу мамлакатнинг бозорлари хорижий маҳсулотлар билан тўла эди. Шу жумладан, Японияда ишлаб чиқарилган турли буюмлар билан ҳам. Вазиятдан унумли фойдаланган совет ҳарбий чайқовчилари бу давлатдан «япон мўъжизаси» ҳисобланган кўплаб замонавий буюмларни СССРга таший бошлайди. Ана шунда илк марта видеомагнитафон, видеокамера каби буюмларни кўрган совет фуқаролари Япониянинг жуда тараққий этиб кетганини ва одамлари юқори турмуш даражасида яшаётганини англаб етишади.

Ўшанда видеомагнитафонлар билан бирга карате, таэквондо каби яккакурашлар тасвирланган хорижий фильмлар ҳам кириб келади. Ўша фильмлар туфайли совет ёшлари орасида карате билан шуғулланадиганлар сони кескин кўпаяди. Шундан сўнг 1981 йилда СССРда карате билан шуғулланишга тақиқ қўйилади. Бу спорт тури зўравонликка асосланган деб топилади.

Гарчи каратега расмий равишда тақиқ қўйилган бўлса-да, совет ёшлари бу спорт тури билан яширинча шуғуллана бошлайди. Милиция ҳам қараб турмайди ва бундайлар таъқиб остига олинади, ушланганлар эса жиноий жавобгарликка тортилади.

Фақатгина 80-йилларнинг охирига келиб одамларга карате билан шуғулланишга рухсат берилади. Карате федерацияси эса СССР парчаланиб кетгач тузилади.

Фото: Рамблер

2. Бодибилдинг

Мушакларни ўстириш ҳисобига танани кучли ва чиройли қилиш устига қурилган бу спорт тури ўтган асрнинг 60-70 йилларида АҚШ ва Ғарбий Европада жуда оммалашади. Кейинчалик жаҳонга машҳур актёр бўлган Арнолд Шварценеггер айнан ўша пайтларда кўплаб мусобақаларда ғолиб чиқиб, бу спорт тури бўйича энг машҳур шахслардан бири эди.

Фото: ebay.com

Ўша пайтларда Ғарбда бодибилдинг нафақат мушакларни ўстириш, балки соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва ижобий фикрлаш фалсафасига йўғрилган спорт тури бўлган.

Аммо СССРда бодибилдинг партия раҳбарларини қўрқитиб юборади. Уларнинг наздида совет кишиси қандайдир машқлар туфайли мушакларини ўстириши эмас, балки кўпроқ меҳнат қилишни ўйлаши ва бу билан социалистик жамиятни коммунизмга янада яқинлаштиришга ҳисса қўшиши керак эди. Шу сабабли ҳам улар 1973 йилдан бошлаб бодибилдингни совет кишилари учун зарарли спорт тури деган қарорга келишади ва шуғулланишни тақиқлаб қўйишади.

Фото: Пикабу.ру

Гарчи тақиқ қўйилган бўлса-да, совет ёшлари каратега ўхшаб бодибилдинг билан ҳам яширинча шуғуллана бошлайди. Бодибилдинг билан шуғулланиш учун махсус жиҳозлар ишлаб чиқарилмагани учун ёшлар ундай нарсаларни ўзлари қўлбола тарзда ясаб олишади.

Бодибилдинг билан шуғулланишга 1980-йилларнинг охирига келиб рухсат берилади. Собиқ иттифоқ тарқаб кетгач, мустақил бўлган республикаларда бодибилдинг федерациялари тузилади.

3. Бейсбол

Бейсбол спорт турини СССРга илк бор 1930-йилларда амалга оширилган Янги иқтисодий сиёсат (Новая экономическая политика – НЭП) даврида океан ортидан келиб завод ва фабрика қурган америкаликлар ўйнаган. Бу спорт тури советлар мамлакатида тез оммалашган. Ҳатто 1930-йилларнинг охирида олий таълим муассасаларида тўгараклар ва жамоалар ташкил этилган.

1937 йилгача аксарият йирик шаҳарларда бейсбол ўйнайдиган махсус майдонлар қурилади. Ўша пайтларда мамлакатда илк бейсбол лигаси тузилади ва мусобақалар ўтказила бошланади. Аммо кўп ўтмай, СССРда Сталин қатағонлари бошланади ва америкаликлар жосусликда айбланиб қамалади. Шундан сўнг бейсбол мусобақалари тўхтатилади.

Фото: спортс.ру

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг бейсбол оммавий спорт турига айланмаган бўлса ҳам унга тақиқ қўйилмаган, совет фуқаролари бу спорт тури билан шуғулланиши мумкин эди.

1950-йилларга келиб Германияни бўлиб олиш, сўнг Корея яриморолидаги қарама-қаршиликлар ортидан СССР ва АҚШ ўртасида алоқалар совуқлашгач, вазият ўзгара бошлайди.

Бир неча йилдан сўнг Кариб ҳавзасида, Куба давлати билан боғлиқ вазият жиддий кўриниш олади ва «Совуқ уруш» даври бошланади. Шундан сўнг совет ҳукумати АҚШга боғлиқ барча нарсага тақиқ қўяди ва мамлакатда бейсбол билан шуғулланиш ҳам тақиқланади.

Бошқа тақиқланган спорт турлари каби бейсболга ҳам 1980-йилларнинг охирига келиб рухсат берилади.

Фото: lenta.ru

4. Билярд

Собиқ иттифоқда билярд октябр тўнтаришидан кейин «буржуйлар ўйини» сифатида тақиқлаб қўйилади. 1930 йилга келиб мамлакат раҳбари Сталин билярд ўйинига қизиқиб қолади. Шундан сўнг тақиқ бекор қилинади ва бу ўйинни барча ўйнаш имкониятига бўлади.

Фото: liveinternet.ru

Шахсан давлат раҳбари қизиқиб қолгани учун билярдни оммалаштириш бошланади. Мамлакатдаги барча санаторийлар, театрлар ва музейларнинг фойесида, ҳатто истироҳат боғларигача билярд столи қўйиб чиқилади. Физкультура ва спорт ўйинлари қўмитаси жойларда билярд ўйинини ўргатадиган тўгараклар очади. Мамлакат бўйлаб турли турнирлар ташкил этилади.

Фото: rferl.org

1947 йилга келиб, жойларда билярд оммавийлигини йўқота бошлайди. Шу билан бирга бу ўйин қайта тақиқланмаса ҳам унинг оммавийлигини сунъий равишда туширишга уринишади. Жойлардан билярд столлар тўлиқ йиғиштириб олинади. Аввалгидай мусобақалар ўтказилмайди. Шу тариқа 1970-йилларда одамлар орасида билярдга норасмий тақиқ қўйилган деган гаплар тарқалади.

1988 йилга келиб, Москвада билярд федерацияси тузилади ва шундан сўнг мамлакат бўйлаб бу ўйин яна оммалаша бошлайди.

5. Брейк-данс

Брейк-данс рақси ўтган асрнинг 70-йилларида пайдо бўлади ва Ғарбда тез оммалашади. Гарчи уни кўпчилик спорт ўйинлари сирасига киритса-да, СССРда у норасмий тақиқда бўлади. Шундай бўлса ҳам ёшлар яширинча у билан шуғуллана бошлайди.

Фото: pages.stolaf.edu

1985 йилдан кейин вазият ўзгара бошлайди. Мамлакатнинг турли шаҳарларида брейк-данс билан шуғулланадиган майдончалар пайдо бўлади. Томдаги рақс, Курьер каби фильмларда Брейк-данс билан шуғулланиб турган ёшлар тасвирланган кадрлар кўрсатилади. Шу тариқа мазкур рақсга қўйилган норасмий тақиқ бекор қилинади.

Фото: Adobe Stock

Маълумот учун, скейтбординг, сёрфинг, қояга чиқиш каби спорт турлари билан бирга Брейк-данс 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига киритилган.

6. Йога

Совет мафкураси йога инсон руҳиятини камолга етказади, соғлом фикрлашга ўргатади деб ишонишган. Советларга эса соғлом фикрлайдиган одамлар керак эмас эди. Улар йога билан шуғулланадиган одамлар коммунизмни қуриш учун ҳаракат қилмайди, деб ҳисоблашган. Шу сабабли йога билан шуғулланишни тақиқлаб қўйишган.

Фото: Alamy stock

1970 йилда «Киевнаучфильм» йога ҳақида ҳужжатли фильмни намойиш этади. Намойишдан сўнг мамлакатда йогага қизиқадиганлар, у билан шуғулланишни хоҳлайдиганлар сони кескин ошиб кетади. Одамлар орасида йога билан шуғулланадиганлар оловда куймайди, уларнинг танаси жароҳат олмайди деган миш-мишлар тарқалади.

1980-йилларда совет ҳукумати йога билан шуғулланадиганларни ҳеч нарса билан қайтариб қолишнинг иложи йўқлигини тушуниб етади. Шундан сўнг совет мафкураси уни ўзига мослаб тарғиб қила бошлайди. Йогадан фалсафий унсурлар чиқариб ташланади ва фақат танани чиниқтириш қолдирилади.

Фото: www.gismeteo.lv

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид