Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
3 йилдан бери пул ўрнига ваъда олиб келаётган тадбиркорлар
Термиз шаҳридаги дўконлари 2019 йилда “снос”га тушган ота-бола тадбиркорлар 3 йилдирки, келишилган пулни ололмай сарсон бўлмоқда.
Таҳририятга мурожаат қилган термизлик тадбиркор Сафарбек Одинаев ва унинг отаси Ҳайитқул Азимовга тегишли бўлган, Термиз “Марказий деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида жойлашган 2та дўкон Термиз шаҳри ҳокимининг 2018 йил 23 апрелдаги қарори асосида 2019 йил май ойида бузилган.
Иккала дўкон эгалари ҳамда Термиз шаҳри ҳокимлиги ўртасида 2019 йил 23 май куни тузилган келишув битимларига кўра, шаҳар ҳокимлиги 30 кун ичида дўконларнинг ҳар бирига салкам 100 млн сўмдан компенсация пулини тўлаб бериш ва шаҳар ҳудудидан нотурар жой сифатида 55 кв метрдан ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини олган.


Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, уларга келишилган ер майдонлари ажратиб берилган, бироқ 200 млн сўмга яқин компенсация пулини тўлаб бериш 3 йилдан бери пайсалга солиб келинмоқда.
2020 йил 5 ва 13 ноябр кунлари чиқарилган ҳал қилув қарорларида иккала дўкон учун 200 млн сўмга яқин пул тўлаб бериш мажбурияти ҳокимликка юкланган. Аммо суд қарорлари ҳам ижро этилмай келинмоқда.


“Уч йилдан бери шу пулга қараб қолганмиз. Бузилган дўконимиз ўрнига дўкон ҳам қуролмаяпмиз. Вилоят ҳокими қабулига кирганимизда пул тўлаб бериш ҳақида шаҳар ҳокимлигига кўрсатма берган. Бироқ, шаҳар ҳокимлиги “ана тўлаймиз, мана тўлаймиз, кейинги ойда ташлаймиз” деб чўзиб юришибди”, – дейди Сафарбек Одинаев.
Мурожаат юзасидан Термиз шаҳри ҳокимлиги матбуот котиби Одил Худойқулов билан боғланганимизда, у ҳокимликнинг “снос”дан қарздорлиги мавжудлигини тасдиқлади ва мазкур қарздорлик шу йилнинг апрел ойида бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан тўлаб берилишини айтди.
“Ҳокимнинг биринчи ўринбосари билан тадбиркорларнинг мурожаати бўйича гаплашиб олдим, компенсация апрел ойида бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан тўлаб берилишини маълум қилдилар.
Вақтида дўкон эгаларига қурувчи ташкилот ҳисобидан компенсация олишни таклиф этганмиз. Бу таклифга кўнган кўпчилик дўкон эгалари ҳозирда қурувчи ташкилот ҳисобидан компенсация олиб бўлган.
Аммо баъзи тадбиркорлар пулни ҳокимлик тўлаб беришини хоҳлашган. Ҳокимликда эса ортиқча маблағ бўлмагани сабабли компенсация тўлаш кечикиб кетмоқда”, – деди ҳокимлик матбуот котиби.
Ҳокимлик ваъдасини бажариб, апрел ойида тадбиркорларга компенсацияни тўлаб берадими ёки бу тадбиркорлар айтганидай навбатдаги вақт чўзишми, буларнинг ҳаммасини вақт кўрсатади.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
16:38 / 10.04.2025
Ҳарбий хизматчиларга турар жой ижараси учун тўланадиган компенсация миқдори оширилди
14:59 / 10.04.2025
Тошкентда касб касалига чалиниб, меҳнат ҳуқуқлари бузилган ўқитувчига 337 млн сўм ундириб берилди
11:30 / 12.03.2025
Японияда давлат хизматчилари ишга беш дақиқа олдин келишга мажбурлангани учун 67 минг доллар компенсация олди
11:49 / 01.03.2025