Жаҳон | 15:32 / 06.04.2022
51945
3 дақиқада ўқилади

Владимир Жириновский вафот этди

Жириновский 30 йилдан ортиқ вақт давомида катта сиёсатда эди. У февраль ойи бошида коронавирус ташхиси билан шифохонага ётқизилганди.

Валерий Шарифулин / ТАСС

Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Давлат думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди.

«Оғир ва давомли касалликдан кейин Владимир Вольфович Жириновский бу оламни тарк этди… Барчамиз учун — бу ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш. Унинг хотираси доим қалбларимизда», — дейилади Володиннинг Telegram-каналидаги хабарда.

Спикер Давлат думаси йиғилишида ҳам Либерал-демократик партия етакчиси вафот этганини маълум қилиб, бир дақиқалик сукут эълон қилди. 

Партия матбуот хизмати ҳам Жириновскийнинг ўлими юзасидан некролог эълон қилган. Унда бу ўлим бутун Россия ва унинг тарафдорлари армияси учун катта зарба бўлгани таъкидланади.

Россиялик таниқли сиёсатчи 1946 йилда Олмаота шаҳрида туғилганди. 1970 йилда Москва давлат университети қошидаги Шарқ тиллари институти (ҳозирги Осиё ва Африка мамлакатлари институти) «Туркия ва турк тили» факультетини тамомлаган, 1977 йилда эса МГУнинг юридик факультетида «юрист» мутахассислиги бўйича диплом олган.

Владимир Жириновский 1989 йилда РЛДП аъзоси бўлган, 1990-йилларда партия раҳбарлигига келган.

У 1991 йилда ушбу партиядан РСФСР президентлиги учун, 1996, 2000, 2008, 2012, 2018 йилларда Россия президентлиги учун сайловларда номзод бўлган.

1993 йилда Россия Конституцияси лойиҳасини тайёрлашда иштирок этган.

  • 2 февраль куни Владимир Жириновский коронавирусга чалиниб Москвадаги Президент ишлари бошқармасининг Марказий клиник шифохонасига жойлаштирилганди.
  • Март ойи бошида ТАСС агентлиги сиёсатчи сунъий уйқу ҳолатидан чиқарилгани ҳақида хабар берган, Володин эса Жириновский Давлат думасининг кейинги мажлисларида иштирок этишни режалаштираётганини айтганди. Бир неча кун ўтиб ОАВда РЛДП етакчисининг ҳолати ёмонлашгани хабар қилинган, партия эса бу маълумотни рад этганди.
  • 25 март куни Mash Telegram-канали, шунингдек сенатор Александр Пронюшкин унинг ўлими ҳақида хабар тарқатди. Кўп ўтмай Володин ва РЛДП бу маълумотни рад этди, Пронюшкин постини ўчирди ва узр сўради. Володин унга ваколатини топширишни тавсия қилди. Кремл Жириновскийнинг ўлими ҳақидаги хабарни «ҳазил» деб атаб, сиёсатчи шифокорлар назоратида эканини маълум қилди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид