Жамият | 11:46 / 11.04.2022
20573
2 дақиқада ўқилади

«Ясаган моделларим жаҳон бозорида сотиляпти» – имконияти чекланган ёш дизайнер

Муҳаммадаюб Алимов туғма II гуруҳ ногирони. 2006 йилда туғилган Муҳаммадаюб мактабда 9-синфда ўқийди.

Ўқишдан ташқари Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида таҳсил олади. Муҳаммадаюб марказга 3D Мax’га (компьютерда модель ва интерьер яратиш) ихтисослашган курсга келишни бошлаган. Ҳозирда у фрилансерлик фаолиятига ўтиб, ясаган моделлари жаҳон электрон бозорларида сотила бошлади.

“2021 йилнинг ёз ойида Рақамли технологиялар марказига келганман. Шу пайтгача сайтларга моделлар жойлаб, жаҳон бозорларида даромад топяпман.

Асосан ванна ва қандиллар ясайман. Тажрибамни ошириб, каттароқ, кучлироқ моделларни ясашга ҳаракат қиляпман. Келажакда шу йўналишда билим ва тажрибамни оширмоқчиман.

Асосан моделларимнинг ясалишига, дизайнига, кўринишига эътибор бераман. Кейин уларни сайтларга жойлаб бораман. Ёшлигимдан компютер йўналишини ўрганмоқчи бўлиб, мактабдаги устозларимга бу ҳақда кўп айтардим. IT маркази очилганини билиб келиб, курсга ёзилиб шу соҳа бўйича изланяпман”, – дейди у.

Муҳаммадаюбнинг отаси тадбиркор, онаси уй бекаси. Улар оилада 3 нафар фарзанд бўлиб, Муҳаммадаюб ўртанча фарзанд.

“Бошланғич курсларимиздаёқ Муҳаммадаюбнинг шу соҳага қизиқиши, иқтидори борлигини билиб, уни моделлаштиришга йўналтирганмиз.

Асосий йўналтирган ишимиз чет эл бозорларида 3D моделлар сотишдан иборат. Ўзи ясаган моделларни чет эл бозорларида сотишни бошлагандан кейин бунга қўшимча қилиб чет элдан буюртмалар олиш, яъни бозорга эмас, буюртмачилар учун алоҳида иш қилишни шакллантирмоқчимиз.

Қандил моделлари ясаш учун Муҳаммадаюбга алоҳида йўналиш қилиб бердик” – дейди марказ ходими Абдусаттор Эгамбердиев.

Муҳаммадаюбнинг келажакдаги мақсади – кўпроқ моделлар яратиш орқали фрилансерлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда имконияти чекланганларга замонавий касбларни ўргатишда ўз билим ва малакаси билан ҳисса қўшишдан иборат.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид