Ўзбекистон | 10:58 / 14.04.2022
1959
4 дақиқада ўқилади

Болалар омбудсмани ўз қизларини шафқатсизларча калтаклаган она воқеасига муносабат билдирди

Фото: Kun.uz

Бир муддат олдин Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида ёш аёл вояга етмаган икки нафар қизини шафқатсизларча калтаклагани акс этган видеолар тарқалганди. Ушбу ҳолатга Болалар омбудсманининг Ўзбекистондаги вакили Алия Юнусова ўз муносабатини билдирди.

Эълон қилинган видеони кўришим биланоқ, бу видеони республикамизда ташкил этилган Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбасининг Telegram каналига юбордим. Чунки ушбу орган шундай болаларни ҳимоя қилиш, ота-оналарини жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг келажакдаги тақдири билан боғлиқ барча масалалар билан бевосита шуғулланади.

Ҳозирда онага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот берилди. Лекин шу билан бирга, ҳеч нарса ота-оналар томонидан болаларга нисбатан зўравонликни оқлай олмайди.

Афсуски, оилада болаларга нисбатан зўравонлик, ижтимоий норма ҳисобланиб қолмоқда. Кўпинча унинг оқибатлари муҳокама қилинмайди. Фарзандни тарбиялаш учун зўравонлик зарур, жисмоний куч жазо сифатида ишлатилиши мумкин, деб ҳисоблайдиган ота-оналар бор.

Ота-оналар турмуш шароитининг оғирлиги, қашшоқ ва камбағаллиги, спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва ўз фарзандларини ташлаб кетиши ҳамда миграцияси болаларнинг қаровсизлиги, таҳқирланиши ёки эксплуатацияси хавфини оширади.

Болалар зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапирмайдилар ва шунинг учун камдан кам ҳолларда керакли ёрдамни олишади.

Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция 1992 йил 9 декабрда ратификация қилинди. Давлат ўз зиммасига мазкур халқаро ҳужжатда қайд этилган болаларнинг барча ҳуқуқларини, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликлардан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсизлик, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шакллардаги муомаладан ҳимоя қилиш мажбуриятини олди.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида (4-модда) боланинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, боланинг камситилишига йўл қўймаслик, бола шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, болалар ҳуқуқлари ва имкониятлари тенглигини таъминлаш, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш белгиланган.

Шу билан биргаликда, ушбу қонунда давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўриши (7-модда), ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги, давлат жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга ошириши белгиланган.

Бизга ёки оммавий ахборот воситаларида болага нисбатан зўравонлик ёки шафқатсиз муносабатда бўлган бирорта ҳам ҳолат эътиборимиздан четда қолмайди!” дея таъкидлаган Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда ёш қизларини калтаклаган онага жиноят иши очилиб, ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аёл Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддасига асосан вақтинча ушлаб турилибди.

Бундан олдин онаси томонидан калтакланган қизларнинг ҳолати ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга оид