Дардга шифо идишлар, «холодилник» сопол хумлар – Хоразмдаги кулолчилик марказидан фоторепортаж
Хоразмдаги кулолчилик маркази кулоллар сулоласини бирлаштиргани ва уста-кулолларнинг қизиқ ҳикоялари билан диққатга сазовор жой. Kun.uz мухбири кулолчилик марказидан фоторепортаж тайёрлади.
18-19 апрел кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги, маданий мерос агентлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги журналистлар учун Хоразм вилоятига инфотур ташкил қилди. Kun.uz мухбири Хоразмнинг Янгиариқ туманида жойлашган кулолчилик марказидан фоторепортаж тайёрлади.
ХХ аср бошларидан бугунгача Хоразмда Кўҳна Урганч (марҳум Эшмурот уста), Хива, Мадир (Хонқа яқинидаги қишлоқ) ва Каттабоғ (Янгиариқ) кулоллар мактаби фаолият кўрсатади. Янгиариқ туманидаги кулолчилик маркази кулолларнинг бир неча авлодини бирлаштиргани, қўл меҳнати билан оила тебратаётган усталарнинг кулолчилик ҳақидаги қизиқ ҳикоялари билан диққатга сазовор жой.
Кулолчилик маркази 2020 йил май ойида очилган. Марказда кулоллар оилавий ишлаб рўзғор тебратади. Янгиариқ туманининг Каттабоғ қишлоғида илгари кулоллар оиласи яшаган. Ҳозир бу ерда кулолчиларнинг 6-7-авлодлари фаолият юритади.
Аввалдан маҳаллий аҳоли орасида кулолчилик идишларига эҳтиёж катта бўлган. Ҳозир улар маҳаллий бозорларда сотилади. Бундан ташқари, зангори кулолчилик идишлари экспорт ҳам қилинади. Сопол идишлар Хива, Урганч, Ҳазораспга олиб чиқиб сотилади, шунингдек, бу ердаги кулоллар хориж ва Ўзбекистондан буюртмалар олади.
“Бизнинг кулолчилигимиз оддий халқ учун. Оддий халқ орасида сопол идишлар ишлатилади. Хоразмда тўйлар катта бўлади, тўйларга биз 200-300та идишлар тайёрлаб берамиз.Тўй эгалари тўйдан кейин идишларни кам таъминланган оилаларга, маҳаллага беради”, – дейди уста кулол Рўзмат Шерматов.
Усталар идиш ясаш учун қизил тупроқни Қорақалпоқ ҳудудидаги Султон Увайс тоғидан олиб келади. Айрим идишлар оддий қишлоқ тупроғидан ясалади. Тайёр миллий сопол идишларнинг нархи 4-5 минг, энг қиммати 10 минг сўм туради.
Зангори кулолчилик идишлари оддий тупроқдан ясалган миллий сопол идишлардан 10 баробар қимматроқ. Чунки уларни тайёрлаш учун кулоллар тоғдан қизил тупроқ олиб келади, кўпроқ ишлов беради. Ўз навбатида, зангори ва оддий сополлар сифат жиҳатидан ҳам фарқланади.
Усталарнинг айтишича, касал одамлар – қон босими юқори бўлган беморларга сопол хумларда овқат пишириб берилса, шифо бўлади. Бу идишларни кўпинча бетоб ётганлар сотиб олади.
Хумларда гўшт бир йилгача бузилмайди, помидор ёпилса 2 йилгача сифати сақланади. Чунки хумлар маҳсулотларни муздек сақлайди. Бу идишлар ўзига хос музлаткич вазифасини ўтайди. Ҳажми ва шаклига қараб хумлар ҳар хил маҳсулотлар учун мўлжалланган.
“Миллий кулолчилик идишларига гулларни қўлда чизамиз. Бизда ҳеч қандай андоза йўқ. Гул туширишда мижознинг хоҳиши ва ўзимизнинг ғояларимиздан келиб чиқиб ижодий ёндашамиз. Шу ишим ортидан ойига 8-10 миллион сўм даромад қиламан”, – дейди кулол Одамбой Одамбоев.
Усталар сопол идишларнинг ясалиш босқичини шундай тушунтиради: аввал лой қилинади (оёқда тепиб), кейин ангок (идишнинг сирти оқартирилади) қилинади. Нақш чизилгач, бўялиб, идишга сирт берилади.
Кулол Баҳодир Отажонов турли миллий безаклар туширилган кўзалар ва кошинлар ясаш билан шуғулланади.
“10 квадратлик ишни 5-6 кунда тугатамиз. Хумдонда лойни пишириб олиш ишнинг энг қийин қисми. Шунча меҳнат қилиб, хумдонда тўғри пиширилмаса, иш ўхшамайди. Ўтнинг ҳароратини билиш муҳим”, – дейди уста.
Бундай идишлар усталар томонидан буюртма асосида тайёрланади. Идиш ангок қилингач (оқартирилгач), андоза билан қўлда нақш чизилади. Битта кўзага нақш чизиш учун уста 4-5 кун вақтини сарфлайди
Янгиариқдаги бу марказ кулолчилик бўйича янги “туризм қишлоғи” деб ҳам аталади. Бу ерга туристлар ҳам келиб туради, объектда хорижликлар учун кулолчилик тарихини акс эттирувчи музей ҳам бор
Мадина Очилова Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:50 / 28.10.2024
Хоразмда айрим лойиҳалар учун Полша технология ва инвестициялари жалб қилинади
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
18:40 / 18.09.2024