Ўзбекистон | 22:45 / 06.05.2022
45992
4 дақиқада ўқилади

ТИВ чет эл нашрларининг “иғвогар” ҳаракатларини қоралаб чиқди

Россия ҳукуматига қарашли “Спутник” нашрининг иккита сайтида Беларус президенти Александр Лукашенко гўёки Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилишини айтгани ҳақида дезинформация тарқатилди. Сиёсий хато бир ҳафтадан буён тузатилмагач, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “айрим чет эл нашрлари”нинг “иғвогар” ҳаракатларига йўл қўйилмаслигини таъкидлаб баёнот берди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “баъзи чет эл нашрлари”нинг “иғвогар ҳаракатлари”ни қоралаб баёнот эълон қилди.

“Сўнгги вақтларда ҳодисаларни ёритишда холислик ва бетарафликка даъво қиладиган баъзи чет эл нашрлари айрим хорижий давлатлар раҳбарларининг Иттифоқ давлатини кенгайтириш ва унга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақидаги асоссиз фикрларини тарқатишда давом этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай иғвогар ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш мақсадида фақат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бундан буён ҳам ўзи танлаган мустақил тараққиёт йўлида қатъий давом этади”, – дейилади баёнотда.

29 апрел куни Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги “Лукашенко Ўзбекистоннинг Иттифоқ давлатига қўшилишини башорат қилди” сарлавҳали хабар тарқатди. Хабардаги жиддий сиёсий хато орадан бир ҳафта вақт ўтган бўлса-да ҳамон тузатилмай қолмоқда.

Хабар гўёки Беларуснинг “БелТА” агентлигидан олингани кўрсатилган, бироқ “БелТА” тарқатган ахборотда бундай маълумот йўқ.

Гап шундаки, Беларус президенти Александр Лукашенко 28 апрел куни Минскда Россиянинг Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев билан учрашган. Учрашувда Лукашенко яна бир марта Иттифоқ давлатининг кенгайиши ҳақида гапирган.

“Сизларнинг шарофатингиз билан мана шундай ҳамкорлик алоқаларига эгамиз ва ягона Иттифоқ давлатини янги тамойиллар асосида қуришга интиляпмиз, токи ҳеч ким норизо бўлмасин, суверен ва мустақил давлатлар – Беларус ва Россия тараққий этсин. Бундай иттифоққа, ишончим комилки, собиқ Совет иттифоқининг бошқа республикалари ҳам қўшилади”, деган у (видео).

Беларус раҳбари СССРнинг бошқа республикалари деганда айнан қайсиларини назарда тутаётганига бу сафар аниқлик киритмаган, яъни аниқ бир давлат номини тилга олмаган. Орадан бир кун ўтиб “Спутник” агентлиги берган хабарда эса Лукашенко гўёки ўз сўзида Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Арманистон ҳам Иттифоқ давлатига қўшилишини айтгани таъкидланган.

Хабарда Лукашенконинг феврал ойида журналист Владимир Соловьёв билан интервюда айтган сўзлари юқоридаги абзацда келтирилган 28 апрелдаги сўзлардан сўнг айтилгандек кўрсатилган, уч ой олдинги иқтибос сўзма-сўз кўчириб қўйилган.

Айни бир хато “Спутник”нинг ҳам Ўзбекистон, ҳам Тожикистонга мўлжалланган сайтларида бирдек такрорланган, ҳар иккисида ҳам ҳамон тўғриланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Лукашенконинг феврал ойидаги баёнотига жавобан Ўзбекистон томони “маслаҳатчи”ларга ўз ишлари билан шуғулланишни тавсия қилган эди.

Январ ойида эса Беларус раҳбари Қозоғистондаги тартибсизликлардан энг аввало Ўзбекистон ўзига хулоса чиқариши кераклигини иддао қилгач, президент Шавкат Мирзиёев таҳдидларга муносиб жавоб қайтариш учун Ўзбекистоннинг ўз салоҳияти етарли эканини айтганди.

  • Маълумот учун, апрел ойида Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет билан учрашган, томонлар хорижнинг турли агрессив тарғиботларидан ҳимояланиш бўйича ҳамкорликка келишиб олган эди.
  • Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'га берган интервюсида Россия назоратидаги ОАВнинг Ўзбекистон жамиятида ҳаддан ташқари катта ўринга эга эканидан хавотир билдирган эди. У Кремл бир кун келиб ўзбек медиамаконида катта таъсирга эга эканидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид