Жамият | 11:11 / 09.05.2022
15177
4 дақиқада ўқилади

«120 йигитдан 4 киши қайтганмиз» — Уруш қатнашчиси хотиралари

Андижон вилояти Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Умарали ота Отабоев 100 ёшга кирди. 1943 йилда ёш Умарали урушга чақирилиб, Биринчи Украина фронтида Киев, Житомир шаҳарларини немис фашистлардан озод этиш жангларида қатнашиб, танасининг тўрт жойидан жароҳат олган.

Уч йил жанггоҳларда курашган отанинг тушларида ҳалигача уруш даҳшатлари яшайди... Фарзандлари ва набиралари қуршовида том маънода умргузаронлик қилаётган Умарали ота билан суҳбатимиз узоқ давом этди.

Урушга кетиш

Пахтаободдан бир юз йигирма йигит бир вақтда урушга кетганмиз. Уруш сўнгида эса шулардан фақат тўрт киши жанггоҳлардан тирик қайтди, холос. Ҳаммамизни туман марказидаги ҳаммомда кийинтириб, Фарғонага олиб бориб урушга тайёрлашган. Сўнг Уфа шаҳрида пулемётчиликка ўргатишди. Сўнг Биринчи Украина фронтига жўнатилдик.

Битта пулемёт расчётида етти киши бўлар эди. Житомир остонасидаги жанглардан бирида беш кишимиз ҳалок бўлди. Командирлар агар зарурат бўлиб қурол ташлаб кетиладиган бўлса пулемётнинг «тяга»сини синдириб, яроқсиз ҳолда қолдиришга буйруқ беришганди. Биз ҳам шундай қилганмиз. Кейин автоматчи бўлдик.

Эсимда, фашистлар тарғиботига учиб битта дивизия тўлалигича душман томонга ўтиб кетганди. Ҳар куни фронтнинг у томонидан радиокарнайларда ўзбек, қозоқ, рус тилларида таслим бўлишимизни сўраб ташвиқотлар бўларди.

Тула шаҳрини озод қилиш пайтида ярадор бўлиб шифохонага тушганман. Сўнг тузалиб яна сафга қайтдим. Мен фашистларни отганман, лекин уларни отмасам улар мени ўлдирган бўларди.

Уруш даҳшатлари

Украинада Стальня деган кичик шаҳар бор экан. У ерда қаттиқ жанг бўлган. Немислар тиш-тирноғигача қуролланган эди. Кечалари олов ёнган жойга самолётлари билан бомба ташлар эди. Бизникилар кўпи қуролсиз жангга кирар эди. Ўлганларнинг қуролини олиб отишга мажбур бўлишган. Армиямиз аста-секин кучайиб бориб сўнг ғалаба қилган.  

Фашистлар яҳудийларнинг кўпини қирган. Житомирга яқин жойда ҳам ўра кавлаб, уларни тириклай кўмиб юборишган. Маҳаллий аҳоли бир ҳафта ер кўтарилиб-тушиб турганини айтишганди. Урушда инсон ўлик кўравериб, таъсирланмай қўяр экан. Жасадлар кўплигига ўрганиб кетганмиз.

Урушдан кейинги ҳаёт

Украинада танишларим кўп эди. Бориб турардим. Энди у ерларда ҳозир жанг бўляпти...

Урушда икки марта ярадор бўлдим. Бир марта Ростовда ётиб, яна фронтга кирганимдан сўнг оёғимга ўқ тегди. Уйга икки марта мен ўлганим ҳақида қорахат борган экан. Кўп яраланиб 1945 йилнинг март ойларида уйга қайтдим. Шундан сўнг янги ҳаётим бошланди.

Қаҳрамонимиз урушдан қайтгач аввал косибчилик қилади. Сўнг педтехникумда, институтда ўқиб педагоглик касбини танлайди. У 42 йил мобайнида мактабда бошланғич синфларга дарс берган. Унинг шогирдларининг сон-саноғи йўқ.

Юз ёшга кирган Умарали ота ҳали дадил. Унинг айтишича, уруғида юз ёшдан ошганлар кўп бўлган экан.

«Фарзандларим етти нафар. Икки қиз, беш ўғил. Невара ва чеваралар қирқдан ошиқ. Ҳозир уч эварам ҳам бор.

Президентимиз жуда катта ғамхўрлик қилиб ҳар йили бизга катта-катта совғалар беради. Мен учун озиқ-овқатларни ҳар ойда олиб келиб беришяпти. Куни кеча 15 миллион сўм мукофот бериб кетишди.

Уруш ёмон. Унинг оқибатида Ўзбекистондан қанчадан қанча одам бедарак йўқ бўлиб кетди. Бугунги ҳаётимиз жуда ҳам зўр ҳаёт. Дунёда энг бахтли замон деса бўлади. Тинчликнинг қадрига етиш керак», дейди Умарали Отабоев.

Элмурод Эрматов, Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид