Жамият | 21:44 / 09.05.2022
50614
9 дақиқада ўқилади

Ўзбек онаси сиймосида қалбларда қолган аёл – Тўти Юсуповани хотирлаб

Тўти Юсупова – ҳаёти ибратга, матонатга тўла аёл, она, санъаткор. У ҳамма ўзбекларнинг қадрли, севимли бувиси эди. Яқинлари билан суҳбатлашарканмиз, хаста фарзандини даволатиш учун Америкада ишлашга мажбур бўлган, ўғли вафотидан кейин келинини турмушга узатган, бир эмас, беш ўлим чаққан жони синмаган, набиралар учун жонфидо АЁЛ сиймоси кўз ўнгимизда қайтадан гавдаланди.

Ўзбек театр ва кино санъатининг ўчмас юлдузи, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова 2022 йил 15 март куни 86 ёшида вафот этди. Kun.uz Хотира ва қадрлаш куни арафасида Тўти аянинг яқинларидан унинг ҳам ижоддаги, ҳам саҳна ортидаги ҳаёти ҳақида сўзлаб беришларини сўради.

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Тўти Юсупова билан салкам 70 йилга яқин бирга ижод қилдик, бирга яшадик, турмушнинг аччиқ-чучугини бирга тотдик. Тошхўжа Хўжаев саҳналаштирган “Монсерра” спектаклида биринчи марта она ролини шу қадар маромига етказиб ўйнадиларки, ундан кейин театрда она ролларини доим уларга беришган.

Театрга яқин жойда яшаганлари учун уйларига кўп борардик – эшиклари доим ҳаммага очиқ эди. Театр актёр-актрисалари жуда камтарона ҳаёт кечиришарди. Ҳозиргидай тўйларга чиқишлар йўқ эди. Театрнинг 40 сўм ойлиги билан кун кўрганмиз. Тўти опа билан Мирғиёс ака оиласи ҳам шу маош билан уч фарзандни катта қилишди. Болалари ёш эди, Тўти опам театрга чиққанларида мен қараб турардим уларга.

Муқаддас Холиқова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Уйда ўрганмаган уй юмушларигача, ҳатто хамир ёйишниям Тўти опамдан ўргандим. Бола тарбияси, инсонлар кўнглини оғритмасдан тушунтиришни ҳам улардан ўргандим. Шундай тушунтирардиларки, айбингни ўзингга билдирмай, кесатмай англатардиларки, беихтиёр тузатишга ҳаракат қилардинг.

“Фарзандларимнинг бирор ножўя ишини сезсам, фалончи дугонамни боласи шунақа ёмон иш қилиб қўйибди. Онаси ер ёрилмади, ерга кирмади, дердим. Болаларимга шунақа таъсир қилардики, уялганидан кўзларини яширишарди. Қайтиб шу ишни қилишмасди”, дердилар.

Дилноза Кубаева, актриса:

— Тўти ая билан бизни дард бирлаштирганди десам тўғри бўлади. Бошимга синов тушиб, турмуш ўртоғимни йўқотиб онамнинг уйига қайтиб келганимда қўнғироқ қилганлар. “Болажоним, энди ишга чиққин. Ўтганлар ўтди энди, мен ҳам икки фарзандимни тупроққа қўйганман. Иш билан овуниб, қийин кунларни меҳнат билан енгиб ўтасан”, деганлар. Бу менга, онамга қаттиқ таъсир қилган, катта далда бўлган.

Уларни “эна” деб чақирардим. Турмуш ўртоқлари Мирғиёс Соатов жудаям беназир инсон эдилар. Аяга ниҳоятда меҳрибон эдилар, уларнинг кучи биргаликларида эди. Ҳар қанақа кунда додам Тўтихон ая билан бирга эдилар.

Охирги кунларигача ҳожи оналар даврасида, аҳил жамоа орасида бўлдилар. Уйларида ўтирганимизда етти ёт бегоналар ҳам кириб келаверишарди: “Сиз онамга ўхшайсиз”, “сиз бувимга ўхшайсиз” деб яқин олиб гапиришарди.

Нилуфар Насриддинова, Тўти Юсупованинг невара-келини:

— Ҳалигача уларни йўқотганимизга кўниколмаяпман. Уларсиз вақт ўтиши ҳам қийинлашгандай назаримда.

Вафотларидан аввал “Тўти Юсупова ўлди” деб хабар тарқалганда жуда хафа бўлдилар. Ўшандан кейин уйимизга жуда кўп одамлар келишди, бу хабарни бувижонимдан яширишга қанча ҳаракат қилмайлик, иложи бўлмади. Чиндан вафот этганларида эса кўпчилик ишонмади.

Ҳеч қачон бўш ўтирмасдилар, ғийбатлар билан умуман ишлари бўлмасди. Ҳар доим ё тикиш билан, ё рол ёдлаш, ё болаларга нимадир пишириш билан овора бўлардилар. Умрлари фақат меҳнатда ўтди.

Театрда ўтган умр, саҳнада унутилган дардлар

Зуҳра Ашурова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Тўти Юсупова менинг қайнонам билан қўшни бўлган. Мени келин қилишдан олдин суриштиришганда: “Агар Зуҳра тегаман деса, индамай келин қилинг” деган эканлар. Ўзлари қўли гул чевар бўлганлари учун ҳамма тўй либосларимни тикиб бергандилар.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам саҳна учун масъулиятларини унутмасдилар. Бир йили ёз чилласида Гулистонга борганимизда мазалари қочди. Спектаклни тўхтатмоқчи бўлганимизда рози бўлмасдан, бир кунда икки маҳаллаб саҳнада рол ижро этдилар. Сафаримиз тугагунча шу аҳволда саҳнага чиқишга ўзларида куч топдилар.

Жамолиддин Насриддинов, Тўти Юсупованинг невараси:

— Театр ҳаётлари эди. Мазалари бўлмагандаям театрдан чақиришганда “чиқмай қўя қолинг, тобингиз йўқ” десам, кўнмасдилар. Шундан кейин менга айтмасдан чиқадиган бўлдилар, рухсат бермаслигимни билиб.

Додам билан бувимдан жуда кўп нарса ўргандим. Оддий муомала одобидан тортиб энг майда нарсаларгача ўрганганман. Доим дастурхон атрофида ҳамма жам бўлишини ёқтирардилар. Ўлимдан қўрқмасдилар, уволни ёмон кўрардилар.

Уйга кирганимда кутиб олардилар, кетаётганимда дуо қилиб кузатардилар. Йўқликларига кўникиш жуда қийин бўляпти.

***

Тақдир Тўтихон аяни мудом синовларда тоблади. Унинг бир неча йиллар давомида Америкада ўтган ҳаёти, ундан кейин санъатда ўз ўрнини қайта тиклашга бўлган уринишлар актрисага таъсир қилмай қолмади. Бу ҳақда ҳамкасблари ва яқинлари шундай хотирлашади.

“Америкага ҳавас учун бормадилар”

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Ижодкор сифатида чексиз ҳурмат-иззатга сазовор бўлдилар. Лекин кечирган ҳаётлари анча оғир бўлди. Ижод билан баравар тикувчилик ҳам қилардилар, ўзларини ўтга-чўғга урардилар, қўллари ниналардан қадоқ бўларди.

Шундай даврлар бўлдики, ишлаш учун Америкага кетишга мажбур бўлдилар. Ҳали юртимиз мустақилликка эришмаган даврлар эди. У ердан қайтиб келганларидан кейин театрга қайтиб олишмади. У замонлар қандай бўлганини ҳаммамиз биламиз. Бир-икки йил юрганларидан сўнг, бекор ўтирмаслик учун яна Америкага кетдилар. Бу ҳаммаси яхши ҳаётдан эмас эди. Ўз соғликлариниям анча йўқотдилар.

Гулчеҳра Рустамова, Тўти Юсупованинг жияни:

— Поччамиз қарши бўлдилар кетишларига, лекин Миркамол ўғилларини даволатиш учун катта маблағ керак эди. Шу сабабдан Америкага кетишга мажбур бўлдилар, ҳавас учун эмас.

Холам раҳматли жуда содда аёл эди. У ерда бола қараган эканлар, улар ҳам азбаройи холамни яхши кўриб қолганларидан кетишларини хоҳлашмаган экан. Лекин Тошкентда қиладиган ишларим кўп, деб қайтиб келганлар. Яна ишига тиклангунча кўп қийналди, ҳар хил гап-сўзлар бўлган.

Фарзанддан ҳам қадрли бўлган Ёдгора келин қисмати

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Бир куни ғалати гап бошлаб қолдилар. Кенжа ўғиллари вафот этган, келинлари ёлғиз қолган эди. Шу келинни узатмоқчи эканликларини айтдилар. Шу ўғилдан қолган болалар келажаги учун бу ишни қилаётганликларини айтдилар. Шулар қийинчилик кўрмасин, яхши инсон бўлсин деб, келинларини яхши бир инсонга турмушга бердилар. Афсуски, келин яна бир фарзандли бўлгандан кейин кўп яшамади – вафот этди. Яна шу болаларни уй-жойли қилиш, илмли қилиш учун бор кучини ишга солиб, кўнгиллари сал таскин топди.

Гулчеҳра Рустамова, Тўти Юсупованинг жияни:

— Келинимиз Ёдгора холамга қиздай бўлиб қолганди. Яхши кўрганлари учун: “Уйимга келиб, учта бола туғишдан бошқа нима кўрди?” деб турмушга беришга қарор қилдилар. Келин ҳам ҳайрон қолиб, кези келса хафа бўлиб менга маслаҳат қилиб йўл-йўриқ сўради. Зўрға кўндирганмиз турмуш қуришга. Лекин у ҳам узоққа бормади.

Болаларидан ҳам кўра келинга кўп сиқилди холам. “Ўзи ота-онасидан ёдгорлик эди, Ёдгора эди. Яна бунақа бўлди ҳаёти, пешонасида шунақа умр бор экан” деб куюндилар.

Шодия Тўхтаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

— Саҳна ортида ҳассага суяниб турган бўлсалар ҳам, саҳнага шунақанги кучли, матонатли бўлиб, овозларини баралла қўйиб гапирадиган аёл бўлиб чиқардилар.

“Денгиздан томчи” рукни остида видеофильмлардан бирида Севара Турсунова Тўти аяга бағишлаб сценарий ёзди. Ўғли оламдан ўтган она келинини эрга беради. Шунда биз қайнона-келин ролини ўйнаганмиз. Чидолмасдан кўзимдан дув-дув ёш тўкиларди. Чунки бу уларнинг дарди эди, бу оғриқни саҳнага олиб чиқишнинг ўзи бўлмайди.

Мен уларни фидойи инсон, фидойи актриса, фидойи она, фидойи буви деб биламан. Ая билан вилоятларда съёмкаларда юрамиз, лекин хаёллари набираларида бўларди. Тинимсиз қўнғироқ қилиб: “Нима единг, қорнинг тўқми, дарсингни қилдингми?” деб сўрардилар, улар учун ота-онасидан ҳам кўпроқ куюнардилар.

“Уйимда шум етимларим бор. Қандай қилиб тинч ўтирай? Мендан кейин уларнинг ҳаёти қандай бўлади?” дердилар. Ҳайрон бўлардим, нега унақа дерканлар деб. Билсам, ота-онаси йўқ етимларни шундай деб аташаркан. Уларнинг куюнчакликлари, меҳр ва матонатлари ҳаммамизга ибрат бўла олади.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид