Ишғол қилинган Херсоннинг «янги раҳбарияти» Путиндан ҳудудни Россияга қўшиб олишни сўрамоқчи
Россия давлат нашрлари Херсон области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари деб атаган шахс 11 май куни оккупация қилинган регион ҳукумати Россия президентидан областни Россияга қўшиб олишни сўрамоқчилигини айтди. Аввалроқ Россия Херсонда «халқ республикаси» ташкил этиш учун референдум ўтказиши ҳақида хавотирлар янграганди.
Херсон урушнинг дастлабки даврида Россия армияси томонидан ишғол қилинганди.
Украина ҳукумати ўтган давр мобайнида оккупацион ҳокимият ҳудудда «Херсон халқ республикаси» ташкил этиш бўйича референдум ўтказилишидан хавотир билдириб келди.
Мамлакат президенти Володимир Зеленский агар янги халқ республикаси тузиш бўйича референдум ҳақида эълон қилинса, Украина ҳар қандай музокаралардан чиқишини маълум қилган.
27 апрел куни РИА Новости Херсон областида янги маъмурият шакллантирилгани ҳақида хабар берди. Унга 2002-2021 йилларда уч бор Херсон мэри ва «Регионлар партияси»дан Украина Олий радаси депутати бўлган 65 ёшли Владимир Сальдо раҳбарлик қилиши маълум қилинди.
Маҳаллий аҳоли вакили, аввалги маъмуриятда ҳам ишлаган Кирилл Стремоусов эса ўзини Сальдонинг ўринбосари сифатида эълон қилди. «Херсон области Россия Федерацияси назоратида. Област ва туманларда фуқаролик-ҳарбий маъмуриятлар шакллантирилган», деганди ўшанда у.
Стремоусов ким ўзи?
Стремоусов - маҳаллий фаол, Украинада коронавирусга қарши эмлашга қарши ҳаракат етакчиларидан бири бўлган, 2019 йилда Херсон газетаси таҳририятига кўздан ёш сиздирувчи газ ва травматик қуроллар билан қилинган ҳужумда иштирок этишда гумонланган.
Херсонда мэр Игор Колихаев раҳбарлигидаги Украина маъмуриятида кўп йиллар ишлаган. «Маиший ва коммунал масалалар билан шуғулланган, ундан ортиғига ваколати бўлмаган», деган BBC билан суҳбатда аввалги маъмуриятда ишлаган манба. Унинг сўзларига кўра, 25 апрел куни кечқурун бинога қуролланган шахслар бостириб киришган ва у ерда бўлган барчани ҳайдаб чиқариб, калитларни олиб қўйиб, қуролли қўриқчилар жойлаштиришган.
Сўнгги ҳафталарда Кирилл Стремоусов Россия нашрларида ҳудуд келажаги гўёки Россия билан боғлиқлиги ҳақида мунтазам баёнотлар билан чиқмоқда.
28 апрел куниёқ Стремоусов Херсон области 1 майдан рублли ҳудудга ўтишини маълум қилди. Унинг ғоясига кўра, ўтиш даври тўрт ойгача давом этади ва бу вақт ичида вилоятда рубль ва гривна муомалада бўлади. «Кейин бутунлай рублда ҳисоб-китоб юритамиз», деганди у.
Стремоусов, шунингдек, Херсон областининг Украинага қайтарилиши истисно қилинганини айтади. «Бу мумкин эмас. Херсон области иқтисодий жиҳатдан ривожланади. Киев энди бизнинг еримизда одамлар ва уларнинг ўзига хослигини йўқ қилишга қаратилган ўзининг хунук фашист сиёсатини татбиқ эта олмайди», деган Стремоусов.
У шунингдек Херсонда Лениннинг ҳайкалини тиклаш ва «кўчаларга тарихий номларни қайтариш»ни ваъда қилган.
6 май куни Херсонга келган «Единая Россия» бош кенгаши котиби Андрей Турчак Россия Херсонда бутунлай қолишини ва «ўтмишга қайтиш бўлмаслиги»ни айтди. «Биз бирга яшаб, бу тарихан бой, ўз одамлари билан бой бўлган бу ҳудудни биргаликда ривожлантирамиз».
Стремоусов РИА Новостига берган кейинги интервьюларида Херсон области Украина назоратига қайтмаслиги, Россия империяси давридаги герб қайтарилиши, Украина «қулаши муқаррарлиги», шунингдек Одесса ва Николаев ҳам «озод этилиши»дан умидворлиги ҳақида гапирган.
Март ойидаёқ Херсон области прокуратураси Херсон аҳолиси вакилларидан бири давлатга хиёнат қилишга оид жиноий моддалар бўйича гумонланувчига айланганини эълон қилганди. Бунга асос «Тинчлик ва тартиб учун» номли қутқарув қўмитасининг ноқонуний йиғилиши бўлган. Украиналик журналистлар прокуратура томонидан эълон қилинган гуруҳ фотосида Стремоусовни танишган.
Стремоусов Украина ҳукуматининг «Херсон халқ республикаси» тузиш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарларини рад этган. «Бизнинг ҳарбий-фуқаролик маъмуриятимизда референдум масалалари муҳокама қилинмаган, Херсон халқ республикасини тузиш масаласи ҳам», деганди у Россиянинг Биринчи канали эфирида.
8 май куни РИА Новостига берган навбатдаги интервьюсида Стремоусов Херсон области аҳолисига катта эҳтимол билан «шу йилнинг ўзидаёқ» Россия паспортлари тарқатилиши ҳақида айтди. 9 май куни эса «Россия Федерацияси таркибига максимал даражада интеграция бўлиш» режалари ҳақида гапирди.
«Ҳеч қандай ХХР бўлмайди»
11 май куни Россия нашрлари орқали ушбу фаол навбатдаги қадамни ташлади - Россия раҳбариятига Херсон областини қўшиб олиш бўйича мурожаат қилинишини анонс қилди. Унинг сўзларига кўра, Херсон области маъмурияти йил охирига қадар Россия таркибига кириш учун қонунчилик базасини тайёрлайди, қарор ҳам ўшанда қабул қилинади.
«Херсон шаҳри - бу Россия. Херсон области ҳудудида ҳеч қандай Херсон халқ республикаси ташкил этилмайди, референдумлар ҳам ўтказилмайди. Бу Херсон области раҳбариятининг Россия президентига мурожаатига асосланган ягона фармон ва ҳудудни Россия Федерациясининг тўлақонли ҳудудига киритиш бўйича сўров бўлади», дея ундан иқтибос келтирган РИА Новости ва ТАСС.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Херсон областининг Россияга қўшилиш тўғрисидаги қарор регион аҳолиси томонидан қабул қилиниши кераклигини айтди.
«Шубҳасиз, бундай мурожаат билан чиқиш-чиқмасликни Херсон области аҳолиси ҳал қилиши керак. Ўз тақдирини ҳам Херсон области аҳолисининг ўзи белгилаши керак. Ва албатта, бу масала юристлар ва ҳуқуқшунослар томонидан синчиклаб текширилиши ва баҳоланиши лозим. Чунки тақдирни ҳал қилувчи бундай қарорлар аниқ юридик асосга эга бўлиши, Крим билан бўлган ҳолатдаги сингари мутлақо қонуний бўлиши шарт», деди у.
Херсон области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари сифатида эълон қилинган Сальдо шу кунларда ТАСС учун берган интервьюсида ҳозирча регионнинг аннексия қилинган Қримга қўшилиш бўйича режаси йўқлигини билдирганди. «Эҳтимол, бу менинг таклифим, қандайдир федерал округ тузилиб, унинг таркибига Қрим, Херсон, Запорожье областлари кириши мумкин, аммо область область бўлиб қолиши керак», деганди у.
Украина ҳукумати баёнотларига кўра, улар босқин чоғида бой берилган регионларни қайтариб олмоқчи ва оккупацион ҳокимият билан ҳамкорлик қилганларни судга тортмоқчи. «Украинская правда» нашри ёзишича, Украина прокуратураси Сальдо давлатга хиёнатда гумон қилинишини маълум қилган.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк твиттери орқали Стремоусовнинг сўзларига муносабат билдириб, Херсондаги коллаборантлар ҳукумати қилиши мумкин бўлган ягона мурожаат - суд ҳукмидан кейин афв сўраб мурожаат қилиши бўлишини ёзди. Унинг сўзларига кўра, улар «хоҳ Марсга, хоҳ Юпитерга қўшилиши» мумкин, Украина армияси эса ҳар қандай «сўз ўйинлари»га қарамай Херсонни озод этади.
Мавзуга оид
17:48 / 29.02.2024
Украина Херсон областидаги амалиётда элита жангчилари ҳалок бўлганини маълум қилди
17:21 / 22.02.2024
Украина Херсон областида ҳам руслар полигонига HIMARS билан зарба берди
11:03 / 19.11.2023
«Ишончли плацдарм». Украина армияси Херсоннинг чап соҳилида ўрнашди, буёғига нима бўлади?
14:49 / 14.11.2023