Жаҳон | 15:29 / 23.05.2022
16685
2 дақиқада ўқилади

Кремл Медведчукни "Азовстал"дан чиққан ҳарбийларга алмашиш эҳтимоли борасида изоҳ берди 

12 апрел куни Украина президенти Володимир Зеленский Медведчук қўлга олинганини айтиб, уни украиналик асирларга алмашишни таклиф қилганди.

Фото: DPA

Украиналик сиёсатчи Виктор Медведчукни "Азовстал"дан чиққанларга алмашиш эҳтимоли ҳақида гап бўлиши мумкинмас, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

"Медведчук Украина фуқароси экани, унинг Россияга алоқаси йўқлиги ва у ҳарбий эмаслигини аввал айтганмиз. "Азовстал"даги асирга олинган шахсларга келадиган бўлсак, гап ҳарбийлар ва националист тузилмалар аъзолари тўғрисида бормоқда", - деди у.

"Улар турли тоифадаги шахслар бўлгани учун қандайдир алмашиш тўғрисида гапириш имконсиз", - деб таъкидлади Песков.

Унинг аниқлик киритишича, алмашиш масалалари билан мудофаа вазирлиги шуғулланади.

Виктор Медведчук украиналик россияпараст сиёсатчи ҳисобланади. У Россия Украинада ҳарбий ҳаракат бошлагач, йўқолиб қолганди. 12 апрел куни Украина президенти Володимир Зеленский Медведчук қўлга олинганини айтиб, уни украиналик асирларга алмашишни таклиф қилди.

Медведчук қўлга олингач, унинг хотини Оксана Марченко ўзининг YouTube саҳифасида қатор давлат раҳбарлари, хусусан, Украина президенти Володимир Зеленский, Туркия президенти Ражаб Эрдўған, Британия бош вазири Борис Жонсон, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилди.

17 апрел куни Марченко эрини Россия армиясига асир тушган Шон Пиннер ва Эйден Аслинга алмашиш ҳақида гапирди.

Мавзуга оид