Сўнгги қўнғироқдан сўнг. Битирувчилар касб танлашда нималарни ҳисобга олиши муҳим?
Мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчи тугатяпти. Ҳозир уларнинг олдидаги энг катта танлов келажакда ким бўлишларини ҳал қилишдан иборат.
25 май – мактаб ўқувчилари учун охирги ўқиш куни. Бу йил ўрта таълимни 390 мингдан зиёд битирувчи тугатиши кутиляпти. Уларнинг олдидаги энг асосий танлов – касб танлаш. Бу қарор шунчалик муҳимки, келажакда ўзларини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантирадиган асосий манбалардан бири бўлади.
Абитуриентлар касб танлашда нимани ҳисобга оляпти?
Касб танлашда ҳар томонлама ўйлаб кўриш талаб этилади. Бу танловни қилаётган ёшларнинг ўзи нималарни ҳисобга олишаётганини билиш мақсадида “Abituriyentlar” Telegram-каналида сўровнома ўтказиб кўрдик.
“Сиз ўзингиз ҳужжат топширмоқчи бўлган ОТМ ва йўналишни танлашда нимага аҳамият беряпсиз?” деган сўровномамизда 20,5 минг нафар респондент қатнашди. Уларнинг 41 фоизи ўз қизиқишларига, 20 фоизи танлаётган соҳасининг даромадли эканига, 7 фоизи ота-онасининг фикрига қараб касб танлаётганини билдиришган.
Ота-оналарга эса Facebook'да “Касб танлашда фарзандингиз ўзи қарор қабул қиляптими ёки сиз йўналиш берасизми?” деган савол билан мурожаат қилдик. Саволга жавоб берган аксар ота-оналар болаларининг фикрини ҳисобга олишини билдирган, фақат баъзилар болалар ўзлари мустақил қарор қила олмаслиги, ҳали нима фойдали эканини тўла тушунмаслиги, шунинг учун ота-оналар уларга танлов қилишда ёрдам беришлари зарурлигини айтишган.
Баъзи ота-оналар эса фарзанди ҳали жуда кичик ёшда экани, лекин унинг ҳарбий ёки шифокор бўлишини исташини, болаларини ҳозирдан кўпроқ шу касбларга қизиқтирмоқчи эканини билдиришган.
Қандай қилиб касбни нотўғри танлаб қўйиш мумкин?
Танлов қаршисида турган ёшлар ва уларнинг ота-оналари кўпроқ нималарни ҳисобга олишлари лозимлиги ҳақида психолог Розалия Габдулҳақованинг фикрлари билан қизиқдик. У касб танлашдаги асосий муаммоларни санаб ўтди.
- Бугунги кунда оммалашаётган замонавий касблар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаслик,
- болаларнинг ўзлари эмас, уларнинг ота-оналари касб танлаши
Замон тез ривожланмоқда. Фарзандидан бир неча 10 йил олдин туғилган ота-она ҳозир талаб этилаётган касблар ва қобилиятларни тўла баҳолай олмаслиги, замонавий касбларни мутахассислик сифатида кўрмаслиги мумкин.
- Ойлик маошга асосий урғу бериш
Нотўғри касб танлашга яна бир сабаб танлов қилаётганда бўлажак соҳасида қанча маош олиши мумкинлигига урғу беришдан иборат. Бунинг натижасида ота-она асосий қарорни чиқаради, болаларнинг қобилияти инобатга олинмайди. Лекин қайсидир касбда ишлаш учун инсоннинг психологик қобилияти ҳам бўлиши керак.
Масалан, математикани яхши билган бола математика ўқитувчиси бўлиши ёки ҳисобчи бўлиши мумкин. Иккала касбга 2 хил қобилият керак. Ўқитувчи бўлиш учун болада мулоқот ва тушунтира олиш қобилияти бўлиши керак бўлса, ҳисобчилар кўпроқ интроверт бўлишади. Айнан шу нуқтайи назардан қайсидир фанни билишдан ташқари боланинг алоҳида қобилиятларини ҳисобга олиш керак.
- ОТМга кириш имконияти камлиги ва бу борада рақобат кучлилиги
Ҳаммада ҳам талаба бўлиш имкони йўқлиги сабабли баъзилар талаба бўлиш истагида балли пастроқ бўладиган йўналишларга ўқишга киради ва балки кейинчалик умуман ишлатилмайдиган дипломни олишади.
Тўғри касб танлаш нега муҳим?
“Ҳаётнинг маълум қисми уйқу билан ўтса, яна маълум асосий қисми касбга боғлиқ фаолият билан ўтади. Одам хоҳламаган ишни қилиш билан умрини ўтказса, ўзи бахтли ҳаёт кечира олмайди.
Масалан, жамиятдаги бошқарув ишларига кўпчилик интилади, бироқ ҳаммада ҳам бундай қобилият бўлмайди. Қобилиятсиз одам бошқарув соҳасига келиб қолса, ўз ҳаётини мураккаблаштиришдан ташқари жамиятга ҳам зарар келтириши мумкин”, дейди психолог Розалия Габдулҳақова.
Диплом – ҳал қилувчи эмас
Ҳозирги замон меҳнат бозори сифатли кадрларга эҳтиёж сезмоқда. Аксар ҳолатларда унинг қайси ОТМни тамомлаганидан кўра қобилияти кўпроқ ҳисобга олинмоқда.
Қолаверса, ҳеч қайси ОТМда ўқимасдан туриб ҳам нуфузли компанияда ишлаётган, бизнес бошлаган ёшлар етарлича. Уларга турли ўқув курсларининг ўзи ҳам етарли бўлган.
Ўтган йили Kun.uz билан суҳбатда Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев худди шу ҳақда фикр билдирган эди. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, маълум касблар, масалан, юрист ёки шифокор бўлиш учун, албатта, олий таълим олиш муҳим, лекин ҳозир оммалашаётган замонавий касблар учун дипломга эҳтиёж қолмаган.
“Бизда 18 ёшли бола мактабни битиргандан сўнг унга ё ўқишга кир ёки оилали бўлиб, бирор жойга кириб ишлаб пул топ, деган босимлар бошланади. Натижада ўқишга кирмаган бола катта ҳаётга тез киришга мажбур бўлади. Олий таълимда ўқиётган талабада эса ўз устида ишлаш учун 4 йил вақт бўлади. Шунинг учун дастурчи бўлишни хоҳлаган ёш ҳам олий таълимга кириши ва ўзига керакли малакани бошқа жойда бўлса ҳам ўрганишга ҳаракат қилиши мумкин”, деганди Фируз Аллаев.
Ҳақиқатан ҳам, аксар ҳолатларда шундай бўлади. Масалан, “Микрофон – қизларда” лойиҳаси учун интервью берган Райҳона Исроилова мактабни тугатаётганда ота-онаси ўқишга кирмаса, ўқимаса, турмушга бериб юборишларини қатъий шарт қилиб қўйганини айтганди.
Олий таълимга кирмаган ёшларнинг ҳаётда ўрнини топиши, ўз устида ишлаши учун имкон камроқдек туюлиши мумкин, лекин талаба бўлиш бу йил битирувчиларнинг атиги 38 фоизига насиб қилади. Унутмаслик керакки, талабаликка эришишнинг ўзи ҳам энг яхши танлов бўлмаслиги мумкин.
Дунёда энг замонавий касблар сифатида эътироф этилаётган мутахассисликлар рўйхатига назар ташлаб, улар орасидан олий маълумот олиш шарт бўлганларини топа олмадик:
- сунъий интеллект мутахассислиги;
- data science – катта маълумотлар илми бўйича мутахассис;
- робот муҳандислиги;
- Full Stack Engineer – дастурий таъминот бўйича юқори малакали муҳандис;
- Cloud Engineer – IT соҳасига оид мутахассислик;
- савдони ривожлантириш бўйича мутахассис;
- киберхавфсизлик бўйича мутахассис;
- хулқ-атвор саломатлиги бўйича мутахассис;
- мижозлар билан ишлаш бўйича мутахассис;
- JavaScript дастурчиси.
Демак, энг яхши танлов – қобилият ва имкониятларни ҳисобга олиб қилинадиган танловдир. Унга эришиш учун олиб борадиган йўл хоҳ онлайн, офлайн курслар, хоҳ 4 йиллик олий таълим билан бўлсин, ўз-ўзингизники бўла олишини ҳис қилиш – энг муҳими.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Мавзуга оид
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024
Имтиҳонлар тугади. Абитуриентларнинг ярми тестдан йиқилди
12:30 / 25.07.2024