Ўзбекистон | 10:35 / 25.05.2022
9492
2 дақиқада ўқилади

Хоразмдаги 13 та маданий мерос объектида ноқонуний қурилма аниқланди

Маданий мерос агентлиги хабарига кўра, маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, қонунчилик талабларига зид равишда ер майдонидан фойдаланиш ва реклама эълонларини ўрнатишнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Kun.uz

Жумладан, Маданий мерос агентлиги прокуратура идоралари билан биргаликда ўтказилган текширишда республика бўйича 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма борлиги аниқланган. Шулардан 13 таси Хоразм вилоятига тўғри келмоқда.

Ўрганишлар якунига кўра, баъзи ноқонуний қурилмалар бузилган, айримларини буздириш юзасидан судларга даъво аризаси киритилган. 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Маданий мерос объектларида ташқи реклама жойлаштириш «Реклама тўғрисида»ги қонунга асосан қатъий тақиқланган, ушбу объектлар ва уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудуд этиб белгиланган.

Бироқ, жойларда мазкур қонун талабини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кузатилган. Урганч ва Хива шаҳрида 132 та маданий мерос объекти ўрганилганда, 2 та объектда 2 та реклама баннери ўрнатилгани аниқланган. Ўрганишлар давомида реклама баннерлари олиб ташланиб, маданий мерос объектлари кўриниши асл ҳолатига қайтарилган.

Туризм ва маданий мерос объектлари  инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги 110-сонли қарорига кўра, Маданий мерос соҳаси объектларини ривожлантиришга 117,3 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, Хоразм вилояти бўйича қуйидаги объектларда реставрация ва таъмирлаш ишлари олиб борилади:

  • Хива шаҳридаги «Қибла тозабоғ» маданий мерос объектини қайта таъмирлаш, қисман консервация қилиш, музейлаштириш ҳамда туристик маршрутга киритиш учун керакли инфратузилмасини яратиш.
  • Хива шаҳридаги «Иброҳимхўжа мадрасаси» археологик ёдгорлигини қайта таъмирлаш ва реставрация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш.
  • «Саид моҳи рўи жаҳон» мақбарасини қайта таъмирлаш ва реставрация қилиш, теварак атрофини ободонлаштириш.
Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид