Жамият | 17:36 / 05.06.2022
22230
5 дақиқада ўқилади

Андижонда ўқитувчи ва шифокорлардан мажбуран «ҳашар пули» ушлаб қолинаётгани айтилмоқда

Андижон вилоятида бюджет ташкилотлари ходимлари маошидан бир кунлик иш ҳақи умумхалқ хайрия ҳашари учун уларнинг розилигисиз ушлаб қолинмоқда. Бу маълумотни Kun.uz’нинг бир неча манбаси тасдиқлади.

2022 йил 30 апрел куни мамлакат бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 199-Ф-сонли фармойиши билан ўтказилган ҳашарда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағларини «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ҳамда жойлардаги бўлимларининг банкдаги ҳисоб варақларига ўтказиш тавсия этилган. Андижон вилояти ҳокимининг 29 апрелдаги тегишли фармойишида ҳам вилоятдаги барча ташкилотлар, корхона ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағларини уларнинг ёзма розилиги билан «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг банкдаги ҳисоб варақларига ўтказиш белгиланган.

Kun.uz таҳририятига келган мурожаатларда эса «ихтиёрийлик» ўрнини «мажбурийлик» эгаллаётгани айтилади. Жумладан, Андижон туманидаги таълим муассасаларида фаолият олиб борувчи ходимлар ҳашар учун маблағ ажратиш бўйича ариза ёзиб бермаса, ойлик маоши тушириб берилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган.

«Мактабимиз директори бир кунлик иш ҳақини ҳашарга ўтказиш бўйича ариза ёзиб беришимизни талаб қилди. Акс ҳолда ойликлар ва таътил пуллари тушмаслигини таъкидлади. Бундан кўпчилик норози бўлмоқда», – дейди мурожаатчилардан бири.

Пахтаобод туманидаги барча мактабларда ходимлардан мажбурий равишда «ойлик маошимдан ушлаб қолишингизга розиман», деган мазмунда ариза ёздириб олинган ва иш ҳақидан ушлаб қолинган.

«Ҳамма аризаларни ёзиб ҳисобчига топширди. Ойлигимиздан ушлаб қолинди. Бу туман ҳокимининг топшириғи эканлиги таъкидланди. Эътироз билдирганлар кўп бўлди. Аммо элга келган тўй, дея ҳамма аризага қўл қўйиб берди. Аризани расмга олмоқчи эдим, раҳбарим қаршилик қилди. Менинг ойлик маошимдан 109 минг сўм ушлаб қолинган», дейди пахтаободлик ўқитувчилардан бири.

Шунингдек, Шаҳрихон туманида таълим муассасалари ҳашар учун қанча пул ўтказиб бериши кераклиги ҳақида жадвал ишлаб чиқилган. Мазкур жадвалда мактаблардаги барча ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақи ҳисобланганини кўриш мумкин. Аслида, Вазирлар Маҳкамаси фармойишида ҳам, вилоят ҳокими фармойишида ҳам бир кунлик иш ҳақи эмас, «ходимларнинг ихтиёрий маблағлари» ҳақида гап боради. Бу, ходим ҳашар учун ўзи истаган миқдорда маблағ ажратиши мумкинлигини (агар хоҳласа) англатади.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати ҳашарга маблағ ушлаб қолиш бўйича бошқарма томонидан топшириқ берилмаганини таъкидлади.

«Биз бошқарма томонидан ҳашарларга пул ушлаб қолмаслик бўйича топшириқ хати чиқарганмиз. Агар шундай ҳолат бўлса, бу туман ва шаҳар ҳокимликларидан берилган топшириқ бўлиши мумкин», – дея маълум қилди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Ёдгорбек Мадаминов.

Шунингдек, Пахтаобод туманидаги шифокорлардан ҳам маблағлар мажбурий тарзда ушлаб қолинган. Соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ўрганиш олиб борганини билдирди.

«Ўрганиш давомида тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш хақи ходимнинг ёзма розилигисиз ушлаб қолинишига йўл қўйилмаганлиги аниқланди», – дейилади бошқарма муносабатида.

Мурожаатчилардан бирининг маълум қилишича, «ҳашар пули» мажбурий ушлаб қолиниши бўйича нафақат давлат, балки нодавлат ташкилотларга ҳам топшириқ берилган.

«Андижон туманидаги нодавлат нотижорат ташкилотда фаолият олиб бораман. Туман ҳокимлигидан менга қўнғироқ қилиб, ҳашар учун бир кунлик иш ҳақимни «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказишимни айтишди. Мен давлат ташкилотида ишламаслигимни айтсам ҳам топшириқ эканини таъкидлашди. Иложсиз бир кунлик иш ҳақимни ўтказиб бердим», дейди у.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғландик. Ҳокимлик ахборот хизмати ҳам иш ҳақидан мажбурий ушлаб қолиниши бўйича ҳеч қандай оғзаки ёки ёзма тарзда топшириқ берилмагани, агар шундай бўлса бу бевосита ташкилот раҳбарининг ўзига боғлиқ эканини таъкидлади.

Расмийларнинг изоҳлари ва мурожаатчиларнинг норозиликлари бир-бирини рад этяпти. Тегишли ташкилотлар бу борада ўрганиш олиб бориши ва мажбуран ушлаб қолинган ойлик иш ҳақлари ўз эгаларига қайтарилиши лозим.

Мавзуга оид