Ўзбекистон | 17:20 / 11.06.2022
9636
2 дақиқада ўқилади

Депутат Конституцияга интернетдан эркин ва чекловларсиз фойдаланиш ҳуқуқини киритишни таклиф қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сардорбек Ғиёсов Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддасига “ҳар ким интернетдан эркин, чекловларсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга” деган қўшимча киритишни таклиф қилди.

Фото: ЎЗЛИДЕП

ЎзЛиДеП аъзоси бу таклифини инсонлар ҳаётини интернетсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолгани, у одамларга сон-саноқсиз қулайликлар яратаётгани билан изоҳлаган.

“Асосий қонунимиз 1992 йилда қабул қилинган. Ўша пайтларда умумжаҳон ахборот тармоғи – интернет мамлакатимизда ривожланмаганди. Бугунги кунда эса интернет ахборот олиш ва тарқатишнинг энг асосий воситаларидан бирига айланди. Ҳозир Ўзбекистонда интернетдан фаол фойдаланувчилар сони 23 миллиондан ошди.

Муболағасиз айтиш керакки, дунёда катта аҳамиятга эга бўлмиш бу тармоқнинг инсон омилида тутган ўрни, аҳамияти тобора ошиб боряпти. Ҳозир ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиш мумкинми? Албатта, йўқ. У одамларга сон-саноқсиз қулайликлар яратяпти, кўпларнинг даромад манбайи тўла-тўкис шу соҳа билан боғлиқ. Айтиш мумкинки, интернетдан узилиб қолган одам кишилик жамиятининг тўлақонли аъзоси ҳисобланмаяпти.

Эътиборлиси, тегишли халқаро ташкилотлар турли мамлакатларда интернет тезлиги қанчалик оммалашганлиги, интернет эркинлиги каби рейтингларни ҳам олиб боришяпти, яъни бу омиллар мамлакат нуфузини ҳам белгилаяпти”, – дейди депутат.

Маълумот учун, Конституциянинг 29-моддасида жумладан шундай дейилади:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, 10 июн куни Конституциявий комиссия Конституцияни ўзгартириш бўйича дастлабки таклифлар пакетини қабул қилди.

Мавзуга оид