Фазовий пойга: Хитой нега коинотда фаоллашмоқда?
Дунёнинг энг ривожланган давлатлари борки, коинотга интилади. 60-йилларда бошланган космик пойга ўтган 2-3 йилда тезлашди. Эндиликда Хитой бу мусобақада АҚШ ва Россиядан кейинги кучли иштирокчига айланган.
60-йиллардан инсониятнинг фазони эгаллаш ҳаракати бошланди. 1957 йилда совет олимлари илк сунъий йўлдошни учирди, 1961 йилда Юрий Гагарин коинотга қадам қўйди.
Шундан кейин АҚШ ва собиқ иттифоқ Ойда биринчи бўлиш пойгасини бошлади. 1969 йилга келиб америкалик Нил Армстронг Ойга қўнган илк одамга айланди.
Коинотга ким қанча тиккан?
1969 йилдан 1972 йилгача 12 нафар америкалик астронавт Ой юзасига қўнди, шундан кейин бу миссиялар тўхтаб қолди, сабаб сифатида харажатлар астрономик рақамларга тўғри келгани кўрсатилган.
АҚШда охирги йилларда Ойга қайтиш режаси яна жонланишни бошлади. Бу сафарги қайтиш ким кучлилигини исботлаш билан бирга, Ойда тадқиқот ўтказиш, ҳаёт изларини топиш мақсадларини кўзлайди.
NASA янги парвозни 2025 йилдан олдинроқ амалга оширмоқчи. Бунинг учун Kennedy Space Center'да янги йирик SLS ракетаси учириши режалаштирилган. АҚШдан ташқари Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон ва БАА ҳам ўзларининг Ой миссиялари устида ишламоқда.
Айни пайтда, NASА билан Ой миссияларида ишлаётган Европа космик агентлиги фазогирларнинг Ер билан алоқасини осонлаштириш учун Ой сунъий йўлдошлари тармоғи қуришга ҳаракат бошлаган.
Ерда ҳаёт сифати тобора ёмонлашаётгани учун бой давлатлар космос тадқиқотларини амалга оширишади, яшаш мумкин бўлган сайёраларни излашади. Аммо космик изланишлар йирик харажатларни талаб қилади. Масалан, фазовий тадқиқотларга 2021 йилда энг кўп АҚШ – 55 миллиард доллар, Хитой – 10,3 миллиард доллар, Япония – 4,2 миллиард доллар, Франция – 4 миллиард доллар, Россия – 3,6 миллиард, Европа иттифоқи – 2,6 миллиард доллар, Германия – 2,4 миллиирд доллар сарфлаган.
Миллиардерларнинг фазовий пойгаси
Одатда космик изланишлар учун ҳукуматлар пул ажратади. Эндиликда эса чўнтаги учиш харажатини кўтарадиган исталган миллиардер коинотга йўл олмоқда. Бу миллиардерлар рўйхатида ҳозирча Илон Маск, Жефф Безос ва Ричард Брэнсон учлиги турибди.
Уларнинг ичидан Ер орбитасига чиққан биринчи миллиардер бўлиш британиялик Ричард Брэнсонга насиб қилди. У 2021 йилнинг июл ойида ўзининг Virgin Galactics компанияси кемасида фазони забт этди. Денгиз сатҳидан 90 км баландликка кўтарилган.
Ундан кейин Amazon асосчиси америкалик Жефф Безос ўзи асос солган Blue Origin компанияси ракетасида космосни кўриб келди. 10 дақиқадан сал кўпроқ давом этган парвоз давомида ракета 4 кишилик экипажга эга капсулани денгиз сатҳидан 100 км масофага – орбитага олиб чиқиб, сўнг ортига қайтиб қўнди.
Брэнсон ва Безосдан қолишмаган ҳолда Илон Маск ҳам 2021 йилнинг 15 сентябрида SpaceX орқали биринчи тўлиқ фуқаролик экипажини Crew Dragon космик кемасида Ер орбитасига олиб чиқди.
Бундан ташқари, SpaceX АҚШ ҳукуматидан Ойга одам ташийдиган фазо кемаларини қуриш вазифасини ҳам олган. SpaceX компанияси NASA ўтказган танловда ғолиб бўлиб, 2,89 млрд долларлик шартномани қўлга киритган. Энди Илон Маск Ойга биринчи аёл ва навбатдаги эркакни юборади.
Хитой космик станция қурмоқчи
Космик тадқиқотларни бошлаган давлатлар орасида Хитойнинг саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик. Хитой ҳам фазогирларини коинотга юбориб, ҳам коинот станцияси қураётган дунё тарихидаги 3-давлат ҳисобланади. Ўтган йили Хитой Тиангонг деб номланган коинот станцияси учун илк моделини орбитага жойлаштирганди.
2023 йилда хитойликлар коинот станциясига яқин учиб, унга хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қуйиш учун туташтириладиган Хунтиан коинот телескопини олиб чиқади.
Тиангонг станцияси 5 қисмдан иборат бўлади. Унда экипаж яшайдиган жой, иккита илмий лаборатория, робот юк кемаси, асосий модул ва асосий яшаш ҳудуди ҳам киради. Тиангонгдан мақсад – 2031 йилга бориб, Халқаро космик станцияга муқобил вариантни яратиш.
Коинотда мултифункционал йўналишда фаоллик
Хитой коинот станциясини қуриш билан чекланмоқчи эмас. У коинотни мултифункционал йўналишда эгалламоқчи. Бир неча йилдан кейин Хитой Ерга яқин сайёралардан намуналар олишни режа қилган. 2030 йилгача ўзининг биринчи космонавтларини Ойга юбориб, Марс ва Юпитердан намуналар олиш учун зондларни жўнатишни кўзлаган.
Хитойнинг коинот изланишлари режаси қуйидагича:
- 2022 йил охиригача Тиангонг коинот станцияси қурилишини тугатиш;
- 2025 йил Ерга яқин сайёралардан намуналар йиғиш;
- 2030 йил Марсдан қайта намуна йиғиш миссияси;
- 2030 йил Юпитерга зонд юбориш;
- 2030 йил Ойга фазогир юбориш;
- 2035 йил қайта фойдаланиладиган ракета ташувчиларни ривожлантириш, такомиллаштириш;
- 2040 йил ядровий космик кема қуриш;
- 2045 йил фазовий куч етакчисига айланиш.
Хитойнинг коинот билан боғлиқ тарихи
Хитой орбитага ўзининг биринчи сунъий йўлдошини 1970 йилда чиқарган. Ўшанда Хитойда маданий инқилоб сабаб оммавий тартибсизликлар юзага келганди. Бу пайтда АҚШ, Совет иттифоқи, Франция ва Япониягина коинотга чиққанди. Сўнгги ўн йилликда эса Хитой 200дан ортиқ ракета учирди. Яқинда Ойдан тош намуналарини йиғиш учун учувчисиз Change'5 деб номланган парвозни амалга оширди.
Қизиқ жиҳати Хитой Ойга атайлаб 70-йилларда ўрнатилган АҚШ байроғидан каттароқ байроғини ўрнатиб келди. Ҳозир 14та фазогирни космосга чиқарган, бу рақамлар АҚШда 340 ва Россияда 130 дан ортиқ.
Албатта, Хитойнинг ҳамма космик парвозларини ҳам муваффақиятли чиқди деб бўлмайди. Масалан, 2020 йилда 2та учиши муваффақиятсиз якунланган. 2021 йилда ракетасининг бир қисми орбитадан чиқиб кетган ва Атлантика океанига қулаган.
Фазовий дастурларни молиялаштириш
Хитой давлат ахборот агентлиги Хинхуанинг маълум қилишича, Хитойнинг фазовий дастурларида 300 минг одам ишлайди. Бу NASA'да айни дамда ишлайдиган ишчилар сонидан 18 баробар кўп. Хитой Миллий фазо бошқармаси 2003 йилда ташкил қилинган. Ўшанда унинг дастлабки йиллик бюджети 300 миллион доллар бўлган.
2016 йилда Хитойда фазо саноати учун хусусий компаниялар очила бошланди ва ҳозирда улар йилига 1,5 миллиард доллар инвестиция киритади.
Коинотга интилишдан мурод нима?
Хитой телекоммуникация, ҳаво ҳаракатини бошқариш, об-ҳаво прогнози, навигация ва бошқалар учун сунъий йўлдош технологиясини ривожлантиришга интилмоқда. Аммо унинг кўплаб сунъий йўлдошларидан ҳарбий мақсадлар ҳам кўзлангани айтилади.
Сунъий йўлдошлар Хитойга жосуслик қилишда ёрдам бериши ва узоқ масофали ракеталарни бошқаришда қўл келиши мумкин.
Портсмут университети космик лойиҳа менежери Люсинда Кингнинг айтишича, Хитой коинотнинг барча жабҳаларидан фойдаланмоқчи. Уларда режалаштирган дастурларни молиялаштириш учун ресурслар ва сиёсий мотивация бор. Хитойнинг Ойдаги миссиясининг яна бир сабаби – Ой ери юзасидаги ноёб моддаларни қўлга киритиш ҳисобланади.
Бироқ Лондон космик сиёсат ва ҳуқуқ институти директори, профессор Саид Мостешарнинг айтишича, кейинчалик Хитой Ойга қайта-қайта кончилик миссияларини юбориш учун пул ажратмай қўйиши мумкин. Бунинг ўрнига космик дастури билан дунёни ҳайратда қолдириш истаги сабаб коинот пойгасига киришади. Улар ўз қудрати ва технологик тараққиётини намойиш қилишни истайди.
Космос қоидаларини ким ишлаб чиқади?
Космосда қандай фаолият юритиш, ундан нима мақсадларда ва қай тартибда фойдаланиш шартлари мавжуд. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1967 йилдаги коинот шартномасида белгиланишича, коинотнинг ҳеч бир жойига бирор давлат даъвогарлик қилиши мумкин эмас.
1979 йилги БМТнинг Ой ҳақидаги келишувида коинотдан тижорат мақсадларида фойдаланмаслик кераклиги шарт қилинганди, аммо АҚШ, Хитой ва Россия уни имзолашдан бош тортишган.
Ҳозир эса АҚШ ўзининг келишувларини илгари сурмоқда. Унда давлатлар Ой минералларидан қандай қилиб ҳамкорликда фойдаланишлари мумкинлиги кўрсатилган. Бироқ Россия ва Хитой коинот қоидаларини АҚШ ишлаб чиқишга ҳақли эмас, деган фикрда бўлгани учун ҳам бу келишувни имзоламайди.
Мавзуга оид
17:55
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
08:08 / 09.11.2024
Хитой Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари малакасини ошириш марказларини очади
20:57 / 08.11.2024