Жаҳон | 12:11 / 21.06.2022
58502
10 дақиқада ўқилади

Советларнинг махфий қуроли – Афғонистонга юборилган «мусулмон батальонлари» ҳақида

1979 йил декабрида СССР Қуролли кучлари «дўстона халққа ёрдам» шиори остида Афғонистон чегарасини кесиб ўтади. Миллионлаб тинч аҳоли ва минглаб жангчилар ёстиғини қуритган уруш бошланади. Совет ҳукумати Афғонистондаги махфий ҳарбий операцияларда ўзбеклар, тожиклар ва туркманлардан ташкил топган рота жангчиларидан фойдаланган. Қуйидаги мақолада «мусулмон батальонлари» номини олган ушбу жанговар тузилмаларнинг ташкил этилиш тарихи, мақсади ва тақдири ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

Совет жангчилари Афғонистонда (фото: chayka.org)

«Мусулмон батальонлари» - СССР Қуролли кучлари бош штаби, бош разведка бошқармасига тегишли махсус отрядларнинг шартли номи, совет қўшинларининг Афғонистонга киришига тайёргарлик жараёнида, шунингдек, урушнинг дастлабки даврида ташкил этилган, ислом динига мансуб деб қаралган миллатлар ҳарбий хизматчилардан иборат қўшиндир.

Ушбу тузилмаларнинг расмий номи «махсус кучларнинг алоҳида отряди» бўлиб, уруш даври ҳолатига кўра жойлаштирилган ва ҳарбий қисм мақомига эга бўлган алоҳида батальонни англатади. «Мусулмон батальони» атамаси норасмий бўлиб, уни ким биринчи бўлиб қўллагани ҳақида ишончли маълумот йўқ.

«Мусулмон батальонлари» ташкил этилишининг асосий сабаби – Афғонистоннинг туб аҳолиси қиёфасидаги ҳарбийларни жамлаш, бу билан душманни чалғитиш бўлган.

Совет жангчилари маҳаллий афғон ҳарбийлари билан (фото: Sputnik)

Биринчи «мусулмон батальони»

Махсус кучларнинг алоҳида 154-отряди (ёки биринчи «мусулмон батальони») 1979 йил ёзида СССР Қуролли кучлари бош штаби буйруғи асосида, махфий тарзда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган Туркистон ҳарбий округининг 15-бригадаси негизида ташкил этилган.

Батальон шахсий таркиби 532 жангчидан иборат бўлиб, фақат уч миллат вакиллари – ўзбеклар, туркманлар ва тожиклардан иборат бўлган. Аскарлар ГРУ (Давлат разведка бошқармаси) махсус кучларининг ҳаво-десант қўшинлари ва махсус бўлинмаларидан танлаб олинган.

«Мусулмон батальони» таркиби 3 та разведка ротаси, муҳандислик-сапёрлик ротаси, зенит-артиллерия гуруҳи, ўт очиш ёрдамчи ротаси ва автотранспорт ротаси бўлган. Бу билан унинг автономлиги ва жанговар қудрати юқори даражага етказилган. Шу жиҳати билан бошқа батальонлардан ажралиб турган.

Батальонда фақат 3 нафар рус миллатига мансуб офицер бўлган – зенит-артиллерия гуруҳи командири, унинг ўринбосари, таъмирлаш ва созлаш бўлими бошлиғи. Бу ўринларга марказий осиёликлардан номзод топилмаган.

Отряд командири этиб ҳаво-десант тайёргарлиги бўйича 15-бригада командири ўринбосари, Тошкент умумқўшин билим юрти битирувчиси, ўзбек миллатига мансуб майор Ҳабибжон Холбоев тайинланган.

Ҳабибжон Холбоев Алмати шаҳрида иккинчи «мусулмон батальони» қўмондони Борис Керимбаевнинг хотира кечасида (фото Kazis Toguzbaev RFE/RL)

«Мусулмон батальони»нинг мақсади ва вазифалари сир тутилган. Жангчилар нима мақсадда тўплангани, қайси ҳарбий операцияларда иштирок этиши режалаштирилганини билишмаган.

Кобулдаги махсус операция

1979 йил 7 декабр куни (афғон уруши бошланишидан бир неча кун олдин) биринчи «Мусулмон батальони» Тошкентдан ҳарбий транспорт самолётларида Афғонистон пойтахти Кобулдан 60 километр шимолда жойлашган Багром яқинидаги авиабазага етказилган. Барча ҳарбий хизматчилар Афғонистон Демократик Республикаси (ҳукумат) қўшинларининг ҳарбий кийимида бўлган. 13 декабр куни отряд пиёда юриш қилиб, Кобул шаҳри яқинига етиб борган.

Совет ҳукумати махсус отряд жангчиларини Афғонистон инқилобий кенгаши раиси, давлат раҳбари Ҳафизулло Амин ва унга содиқ кишиларни йўқ қилиш учун жўнатган. Унинг раҳбарлик даврида мамлакатда ички террор кучайган, нафақат мухолифат, балки совет ҳукуматига мойил бўлган Афғонистон Халқ Демократик партияси (АХДП) аъзолари, ҳарбийлар ҳам қатағон қилинган, АХДП раиси Нуриддин Тарокий ўлдирилган эди. Совет ҳукумати Аминнинг тутуруқсиз сиёсати оқибатида мамлакат тепасига СССР таъсирига қарши бўлган кучлар келиб қолишидан хавотирга тушган. 

27 декабр куни биринчи «мусулмон батальони», шунингдек, «Гром» ва «Зенит» махсус отрядининг 60 жангчиси Кобулдаги Тож-Бек саройига ҳужум қилишган. Афғон ҳарбийлари либосини кийиб олган ва қиёфаси маҳаллий аҳолидан фарқ қилмаган совет жангчилари деярли ҳеч қандай тўсиқсиз Тож-Бек саройига етиб боришган. Ҳарбий операция муваффақиятли якунланган – Ҳафизулло Амин ва унга содиқ бўлган раҳбарият вакиллари ўлдирилган. 

Совет жангчилари ҳужумидан кейин Тож-Бек саройининг кўриниши (фото Wikipedia)

Ҳужум пайтида батальон шахсий таркибидан 36 киши яраланган. 7 жангчи ҳалок бўлган, уларнинг 5 нафари хатолик туфайли. Гап шундаки, ёрдамга етиб келган совет десантчилари вазиятга нотўғри баҳо бериб, афғон армияси кийимидаги ўз жангчиларини ўққа тутишган.

Саройга ҳужумдан сўнг 154-отряд кейинги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. 1980 йил 2 январда отряд шахсий таркиби самолётда СССР ҳудудига олиб кетилган ва ҳарбий қисмларга тарқатиб юборилган.

Иккинчи «мусулмон батальони». Хитойга ҳужум режаси остида

Махсус кучларнинг алоҳида 177-отряди (иккинчи мусулмон батальони) Бош штабнинг 1980 йил 8 январдаги буйруғи асосида Марказий Осиё ҳарбий округининг 22-бригадаси негизида, Қозоғистоннинг Қапчағай шаҳрида ташкил этилган.

Батальон командири этиб разведка бўлинмаларида қўмондонлик лавозимларида хизмат қилган, Тошкент умумқўшин билим юрти битирувчиси, қозоқ миллатига мансуб майор Борис Керимбаев (Қора майор) тайинланган.

Биринчи «мусулмон батальони»дан фарқли ўлароқ, 177-отряд Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудида ҳарбий қўпорувчилик ҳаракатларни амалга оширишга ҳозирлик кўради.

СССР нима учун Хитойга ҳужум қилмоқчи бўлгани, қўпорувчилик ҳаракатлари мақсади расман маълум эмас. Советлар ҳукуматининг Шинжон-Уйғурга ҳужум қилишни кўзлагани катта эҳтимол билан ушбу ҳудудда жангариларни тайёрловчи ҳарбий-дала лагерлари мавжудлиги, Хитой ва АҚШ томонидан уларга моддий ва маънавий кўмак берилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Иккинчи «мусулмон батальони» таркиби 498 жангчидан иборат, уларнинг 300 нафарга яқини уйғур миллатига мансуб бўлган. Офицерлар туркий тилли халқлардан танлаб олинган. Батальоннинг мақсади ва вазифалари сир тутилган. Жангчилар нима мақсадда тўплангани, қайси ҳарбий операцияларда иштирок этиши режалаштирилганини билишмаган.

Отряд офицерлари учун тезкор хитой тили курси жорий этилган. Бунда ҳарбий асирни сўроқ қилиш мавзусига алоҳида урғу берилган. Аммо дарслар узоқ давом этмаган. 2 ҳафта ўтгач, хитой тили дарслари бекор қилинган. Бунда СССР Қуролли кучлари Бош штаби «Хитой операция»сини мақсадга мувофиқ эмас деб топган бўлиши мумкин.

1981 йил баҳорида муддатли ҳарбий хизматдаги жангчиларни захирага ўтказиш вақти келади. Батальондан асосан уйғур миллатига мансуб ҳарбийлар кетган.

Совет жангчилари Афғонистонда (Фото: Русская семерка)

«Хитой операцияси» масаласи кун тартибидан олиб ташлангач, 177-отряднинг янги таркибига уйғурларни жалб қилиш эҳтиёжи йўқолади. Янги чақирувда марказий осиёликлар – қозоқлар, ўзбеклар, тожиклар, туркманлар ва қирғизларга устуворлик берилади.

1981 йил 29 октябрда 177-отряд Афғонистонга киритилиб, Фарёб вилоятининг Маймана шаҳри яқинида жойлаштирилган. Шахсий таркиб ҳаво-десант қўшинлари белгилари тикилган совет жангчилари либосини кийишган.

Майор Керимбаев қўмондонлигидаги 177-отряд афғон урушида ўзининг асосий вазифаси – разведка ва диверсия билан эмас, балки афғонларнинг баланд тоғли мустаҳкамланган ҳудудларини эгаллаш ва ушлаб туриш билан шуғулланади. Жумладан, Панжшер дарасида Аҳмадшоҳ Масъуд жангчиларига 9 ой давомида жиддий қаршилик кўрсатади. Бундай қарама-қаршилик натижасида Масъуд сулҳ тузишга мажбур бўлади.

1983 йил март ойида отряд СССР га қайтарилади ва тарқатиб юборилади.

Учинчи «мусулмон батальони»

Махсус кучларнинг алоҳида 173-отряди (учинчи мусулмон батальони) СССР Қуролли кучлари Бош штабининг 1980 йил 9 январдаги буйруғи асосида, Кавказорти ҳарбий округининг 12-отряди негизида, Грузиянинг Лагодехи шаҳрида тузилган.

Олдинги икки отряддан фарқли ўлароқ, ушбу батальон Шимолий Кавказ ва Кавказортининг мусулмон миллатига мансуб туб аҳолиси вакилларидан тузилган. Отряд командири этиб ўзбек капитани Йўлдош Шарипов тайинланган. Деярли барча офицерлар мото-ўқотиш ва танк қўшинларидан қабул қилинган.

Учинчи «мусулмон батальони»нинг жанговар тайёргарлиги 4 йилга чўзилиб кетади. Шу сабабли вақт ўтиши билан у асл таркибини йўқотади. 1984 йилда Афғонистонга киритилган пайтида таркибдаги ротация туфайли «мусулмон батальони» номига мос бўлмай қолганди.

Фото: Рамблер

1989 йил 15 феврал куни совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилади. Қарийб 10 йил давом этган уруш тугайди.

Расмий маълумотларга кўра, 1979 йилдан 1989 йилга қадар Афғонистонда бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатларда 620 мингдан ортиқ совет фуқаролари иштирок этган. Уларнинг 65 мингга яқини ўзбекистонлик бўлган.

15 мингдан ортиқ жангчи, жумладан, 1,5 мингга яқин ўзбекистонлик урушда ҳалок бўлган. 54 мингга яқин киши, жумладан, 2,5 мингга яқин ўзбекистонлик жароҳат олган. Уларнинг аксарияти бир умрга ногирон бўлиб қолишган.

БМТ маълумотларига кўра, уруш даврида 670 мингдан ортиқ афғонистонлик ҳалок бўлган. 1 миллиондан ортиғи жароҳатланган, уларнинг кўпчилиги ногирон бўлиб қолган. Кўплаб одамлар яшаш жойини ташлаб, мамлакатдан кўчиб кетишга мажбур бўлишган. Умумий ҳисобда 2,7 миллион одам жабрланган.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Ўхшаш мақолалар сифатида

Мавзуга оид