Конституциявий комиссия Қорақалпоғистондаги вазиятни ва билдирилаётган фикрларни кузатиб бораётгани маълум қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев 1 июл куни Нукус шаҳрида бўлиб ўтган митинг юзасидан муносабат билдирди.
“Кеча барчамиз жондўст қорақалпоқ заминида рўй берган воқеалар ривожини кузатдик. Хусусан, Конституциявий комиссия аъзолари ҳам вазиятни диққат билан кузатди, тармоқда янграётган фикрларни таҳлил қилиб борди. Бир гуруҳ популистлар провокацион ҳаракатлар натижа беришидан умид қилиб, шиорбозликка берилиб, халқни кўчага чиқишга чорлади.
Таъкидлаймизки, Конституциявий комиссия томонидан тақдим қилинган қонун лойиҳаси охир-оқибат Ўзбекистон халқининг, жумладан, қорақалпоқларнинг ҳам орзу-интилишлари ифодаси бўлади. Оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринган иғвогарлар қорақалпоқ халқининг умумий фикрини ифода қилмайди.
Ҳужжат тор доирада муҳокама қилинмаяпти, умумхалқ муҳокамаси ўтказиляпти. Шу омилнинг ўзиёқ давлатнинг очиқлик сиёсати, ҳар бир ишда халқ фикри билан ҳисоблашишини кўрсатади. Демократия ва ошкораликни оммавий тартибсизликка айлантириш қандай оқибатларга олиб келганига ҳозир ўнлаб мисоллаб келтиришим мумкин. Лекин, шусиз ҳам ҳаммасини ҳис қилиб турибсиз, деб ўйлайман.
Комиссия ушбу ҳолатга доир расмий муносабатини беради. Ҳозир эса қисқача қилиб бир гапни айтишимиз мумкин: халқ фикрини ифода қиладиган минбарлар, муҳокама майдонлари – провокаторларнинг ресурслари эмас.
Биз бу вазиятга янада жиддий ёндашишимиз лозимлигини тобора равшанроқ тушуняпмиз”, – дея ёзди Тожиев Telegram'даги расмий каналида.
Аввалроқ Қорақалпоғистон парламенти, ҳукумати ва Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнот чиқариб, 1 июл куни бир гуруҳ шахслар фуқароларни Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдига йиғиб, бу биноларни эгаллаб олишга уринганини таъкидлаганди.
Қорақалпоқ расмийларига кўра, улар “популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилган”.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйган. Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда органлар ходимларига фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, рўй берган ҳолат айрим шахсларнинг “конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибати”дир.
Мавзуга оид
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
10:59 / 12.07.2024
Депутатларнинг сиртдан баҳси: улардан бири ўлим жазосини тиклаш кераклигига шама қилди, иккинчиси жавоб қайтарди
10:26 / 02.07.2024
Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси
12:31 / 01.07.2024