Марина Овсянникова «армияни обрўсизлантириш» тўғрисида баённома тузилганидан кейин қўйиб юборилди
«Первый канал» собиқ ходимининг адвокати айтишича, Овсянникованинг қўлга олиниши Иля Яшин ҳибсга олинган куни Басманний суди олдида берган баёнотлари билан боғлиқ. Иш 21 июль куни кўриб чиқилади.
17 июль, якшанба куни Москва областида қўлга олинган «Первый канал» собиқ журналисти ва ходими Марина Овсянникова Россия армиясини «обрўсизлантириш» моддаси бўйича маъмурий баённома тузилганидан кейин қўйиб юборилди. 18 июлга ўтар кечаси Telegram’даги «Можем объяснить» канали видео эълон қилди, унда Овсянникова ўзининг қўлга олинишига изоҳ бериб, бу унинг 13 июль куни мухолифатчи Иля Яшинни ҳибсга олган Басманний суди олдида берган интервьюси билан боғлиқлигини айтди.
«Мен Украинадаги уруш жиноят, бу ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб туришга қаратилган ғазабланган уриниш эканлигини айтдим», деди у. Овсянникова, шунингдек, ити билан коттежлар ёнида сайр қилаётганда қўлга олинганини, кейин Москва бўйлаб тахминан уч соат олиб юрилиб, охирида Красноселский туман полиция бўлимига олиб борилганини таъкидлади.
Журналистнинг адвокати Дмитрий Захватов «ОВД-Инфо» лойиҳаси ва «Осторожно, новости» Telegram-каналига «РФ қуролли кучларини обрўсизлантириш» моддаси бўйича айблов Яшиннинг ҳибсга олиниши юз берган куни Басманний суди олдидаги баёнотлар билан боғлиқлигини тасдиқлади. Иш 21 июль, пайшанба куни Мешчанский туман суди томонидан кўриб чиқилади, деди у.
Бир кун аввал Овсянникова ўзининг қўлга олингани тасвирланган суратларини Telegram’да эълон қилган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча соат давомида у билан боғлана олмадилар. Икки кун аввал, 15 июль куни Марина Овсянникова Кремль олдида урушга қарши пикетга чиқди ва «Путин - қотил» деб ёзилган плакатни кўтариб олди. Софийская қирғоғи бўйида ўтказилган тадбирда у қўлга олинмаган.
Март ойининг ўрталарида Овсянникова, «Первый канал»да кечки янгиликлар муҳаррири бўлиб ишлаётганда, «No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизга ёлғон гапиришяпти. Russians against war» плакати билан тўғридан тўғри эфирга чиқиб кетганди. Бундан олдин у видеомурожаат ёзиб қолдирган: «Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар жиноятдир. Россия босқинчи давлат ва бу тажовуз учун фақат бир киши жавобгар. Бу шахс Владимир Путиндир». Натижада, Овсянникова митинг ўтказишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳақидаги маъмурий модда бўйича, акция олдидан ёзиб олинган видео туфайли 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди.
Апрель ойи бошида Берлинда жойлашган Axel Springer медиаконцерни Овсянникова Германиянинг Welt янгиликлар телеканалига ишга олинганини эълон қилди. Уч ой ўтгач, шартнома тугади ва у Россияга қайтиб келди.
Германиянинг «Озодлик учун ОАВ мукофоти» («Freiheitspreis der Medien») лауреати бўлган Овсянниковага охир-оқибат мукофотни топширмасликка қарор қилинди. Май ойида у «Ижодий норозилик учун» Ватслав Гавел мукофотини олди.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024