Жамият | 18:03 / 16.08.2022
19640
6 дақиқада ўқилади

Қовун-тарвуздан заҳарланмаслик учун нима қилиш керак? Мутахассис тавсиялари

Наманганда 2 киши тарвуздан заҳарланиб вафот этгани хабар қилингач (бу ҳозирча тўла ўз тасдиғини топмади), аҳоли орасида тарвуз харидига иккиланиб қолганлар бўлиши мумкин. Kun.uz мева-сабзавотлар ва полиз экинларидан заҳарланишнинг олдини олиш мавзусида Ўзбекистоннинг бош токсикологи Абдуҳаким Саримсоқов билан суҳбатлашди.

Ўзбекистонда тарвуздан заҳарланиш ўлимга олиб келадиган ҳолатлар жуда кам, дейди Саримсоқов.

— Наманганда 2 кишининг тарвуздан заҳарланиб вафот этгани маълум қилинди. Шу ҳодисага муносабатингиз қандай?

— Аввало Намангандаги 60 ёшдан ошган кишиларнинг тарвуздан заҳарлангани тўлиқ ўз тасдиғини топмади. Бундай дейишимга асос бор. Чунки полиз маҳсулотларидан заҳарланиш юз берса, бу фақат 1-2 кишида кузатилмайди. Заҳарли деб тахмин қилинаётган тарвузлар бир далада кўплаб етиштирилади. Ва у тарвузни сотиб олганлар сони ҳам кўп бўлиб, заҳарланиш ҳам кўп бўлган бўларди.

Бу билан етиштирилаётган полиз маҳсулотлари ва сабзавотларда минерал ўғитлар ёки заҳарли моддалар меъёрида ишлатилади демоқчи эмасман. Намангандаги ҳолат бўйича суд-тиббий экспертиза хулосасини олгандан кейин заҳарланиш ёки заҳарланиш эмаслиги аниқ бўлади.

Пишиқчилик мавсумида Ўзбекистонда айнан тарвуз ёки қовундан заҳарланиш қанчалик тез учрайди?

— Бугунги кунгача тарвуз ёки қовундан заҳарланганман, деб шифохонага тушган беморларнинг қонида микробирикмалар меъёрдаги ҳолатдан ортиқ экани, айнан полиз экинидан заҳарланиш ташхиси қўйилгани жуда кам учрайди.

Бевосита тарвуздан заҳарланганман деган одамлар бошқа бирор маҳсулотдан ҳам заҳарланган бўлиши мумкин. Чунки тарвуз ва қовунда ҳам углеводлар бўлади. Инфекция тушган маҳсулот қовун ёки тарвуз билан қўшиб ейилса, ўша углеводлар ошқозон ичак таркибида инфекциянинг кўпайишига сабаб бўлади.

— Қандай ҳолатда истеъмол қилинган ҳўл мевалар заҳарланишга олиб келади?

— Деҳқон етиштирган маҳсулотини даладан олиб келади. Кейин уни оралиқ сотувчи олиб, кўтара савдочига олиб боради, кўтара савдочи уни бозорга олиб келади. Бозордан яна савдо масканларига тарқатилади. Ана шу жараёнларда ифлосланиш ҳолатлари кўп бўлади. Агар шу ифлосланишлар полиз экини кесилганда ичига тушса, бу ҳам заҳарланишга олиб келади. Чунки қанд миқдори юқори бўлган маҳсулотларнинг ички қисмида суюқлиги бўлгани турли микробларнинг кўпайишига асос бўлади.

Бундан ташқари, тарвуз маҳсулотини истеъмол қилгандан кейин устидан тоза бўлмаган сув ичилса, булар ҳаммаси биргаликда заҳарланишга олиб келиши мумкин. Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва оқувчи сувларнинг ҳарорати 16-18 даражадан юқори бўлганда шу сувлардаги микроорганизмлар ҳам кескин кўпая бошлайди. Ва бунинг натижасида ана шу нарсалар билан ифлосланиш ҳолатлари ҳам қайд этилади.

— Полиз экинларини харид қилишда нималарга эътибор қаратиш керак?

— Тупида турган қовун ёки тарвузда антибактериал хусусият бўлади. У ўзидаги бу хусусиятни узилгандан кейин 3-5 соатгача сақлаб туради. Полиз маҳсулоти узилганига анча бўлмаган, сўлимаган, тиришмаган, ёрилмаган, ифлосланмаган бўлиши керак. Унинг қанақа аҳволдалигига яхшилаб эътибор бериш керак.

Қовун-тарвузларни қанча муддат сақлаш мумкин?

— Кесилгандан кейин, истеъмол қилиб бўлингач, совиткичда сақлаш тавсия этилади. Совиткичда ҳам маҳсулотни 2-3 соатдан ортиқ сақлаш мақсадга мувофиқ эмас.

Ёз мавсумида ҳўл мева маҳсулотларидан заҳарланишларнинг асосий сабаблари нималар?

— Юқумли касалликлар ифлос қўллар касаллиги ҳам дейилади. Овқатланишдан олдин қўллар ва идиш товоқлар тоза ювилса, касалликлар камаяди. Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб кетиши, ҳашаротлар кўпайиши, чиқиндилар ташланадиган жойларнинг озода турмаслиги, қўлни кам ювиш, маҳсулотни сақлаш шароити, сифатига эътибор бермаслик заҳарланишга олиб келиши муқаррар.

Айниқса болаларга бериладиган сутли маҳсулотларни тайёрланган заҳоти истеъмол қилиб, унинг қолганини салқамасдан тўкиб ташлаган маъқул.

— Қовун-тарвуз таркибида кимёвий моддаларнинг кўплиги истеъмолчини заҳарлайдими?

— Маҳсулот пишиб етилишидан 30 кун олдин унга кимёвий препаратлар берилиши мумкин эмас. Ваҳоланки, бугунги кунда терилишига 1 ҳафта қолганда ҳам кимёвий моддалар ишлатилади. Агар бемор хасталанганидан кейин бевосита унинг қонида микробирикмалар юқори бўлса ёки кимёвий моддалар топилган бўлса, шу моддадан заҳарланиш деб ташхис қўйилади. Масалан, нитратлар тарвузда 60 мг/кг, қовунда 90 мг/кг бўлиши меъёр ҳисобланади.

Бугунги кундаги амалиётда полиз экинларидаги кимёвий моддаларнинг меъёрдан кескин фарқ қилиши жуда кам ҳолатларда учрайди. Меъёрда бўлганда одамга салбий таъсири кузатилмайди. Кўп ҳолатларда бемор бўлганларнинг еган полиз маҳсулотлари текширилганда улар меъёрдан ортиқ чиқмайди. Кўпинча иккиламчи ифлосланиш ҳисобига заҳарланиш кузатилади.

— Ҳўл мева-сабзавотдан заҳарланиш белгилари қандай?

— Бугунги кундаги юқумли касалликлар шифохоналарига келаётган аксарият ҳолатдаги беморлар қайт қилиш, кўп сув йўқотиш, ич кетиш, ҳолсизлик тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар билан тушишади.

Ўткир юқумли хасталикларга дучор бўлганлар организмидан кўп сув йўқотиши, қонидаги калий, натрий балансининг бузилиши, микроблар таъсирида дизбаланс ҳолатлари юзага келиши мумкин. Заҳарланиш сурункали беморлар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва иммун тизими суст бўлган болаларда оғир кечиши кузатилиши мумкин.

— Беморга қандай биринчи ёрдам кўрсатиш тавсия этилади?

— Энг асосий омил бу – суюқлик ичиш. Имкон бўлса, рингер суюқлигини ёки озгина ош тузи ва қисман шакар қўшилган сувни ичиш керак ва албатта тезроқ тиббиёт масканига бориш зарур.

Бунда тиббий ёрдамга қанчалик эрта мурожаат этилиши катта аҳамиятга эга.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид