Спорт | 09:41 / 04.09.2022
14092
8 дақиқада ўқилади

«Челси» янги хўжайинлар билан илк трансфер ойнасини ўтказди. Уни қандай баҳолаш мумкин?

Клуб эгаларининг имижи турли омилларга боғлиқ. Аммо янги хўжайинларнинг амбицияси қандай эканини биринчи трансфер ойнаси кўрсатиб беради. Абрамовичнинг илк трансферлари инқилобий эди: 2003 йилда у турли ўлчамдаги юлдузларни сотиб олиб, бозорда шов-шув кўтарганди.

Тодд Боули - «Челси» хўжайинларидан бири

Аммо россиялик олигархнинг даври 2022 йилда якунланди, тахтга америкалик Тодд Боули ўтирди. Трансферлар билан шуғулланган Петр Чех ва Марина Грановская ўз вазифасидан озод этилди. Натижада, Тодднинг ўзи трансфер сиёсатини бошқарадиган бўлди.

Тухел билан биргаликда улар жуда кучли трансфер кампаниясини ўтказишди – «Челси» таркибни кучайтириш учун 250 миллион фунтдан ортиқ маблағ сарфлади.

Рўйхатга назар соламиз:

  • 69 млн – Уэсли Фофана;
  • 55 млн – Марк Кукурелья;
  • 45 млн – Раҳим Стерлинг;
  • 32 млн – Калиду Кулибали;
  • 20 млн – Карни Чуквуэма;
  • 13 млн – Чезаре Касадеи;
  • 13 млн – Габриэл Слонина;
  • 10 млн – Пьер-Эмерик Обамеянг;
  • ижара – Денис Закария;
  • бепул – Омари Хатчинсон.

Келинг, Боулининг биринчи трансфер кампанияси натижаларини сарҳисоб қиламиз.

Спорт директорининг йўқлиги

Абрамович ўз вақтида ишни донолик билан бошлаган эди. У футболчиларни сотиб олишда малакали эмаслигини тушунди ва «Манчестер Юнайтед»дан Питер Кеньонни спорт директори лавозимига таклиф қилди.

Кеньон бир нечта ажойиб трансферларни амалга оширди, футболчилар билан шахсан яхши ишлади – масалан, собиқ жамоасидан Арьен Роббенни илиб кетди ва нидерландияликни «Челси» лойиҳаси истиқболли эканига ишонтирди.

Боули спорт директорини ёллашга улгурмади. «Ливерпуль»нинг собиқ мутахассиси Майкл Эдвардс ҳақида миш-мишлар тарқалди, аммо у футболга қайтишни истамади. Шу боис, «Челси» бу лавозимга одам топишни кузга қолдирди. Бу катта хато бўлиши мумкин, чунки трансфер ишларида спорт директорининг роли муҳим. Боули трансфер ойнаси ёпилгунга қадар ҳеч бўлмаганда Грановскаяни қолдириши керак эди. Аммо, афтидан, у эски хўжайинлар давридаги ходимлар билан ишлашни истамади.

Трансфер бозорига кеч кириш

«Челси» трансфер бозорига бошқалардан яққол ортда қолган ҳолда кирди. «Арсенал» Габриэл Жезус трансфери, «Барселона» эса Левандовски ва Кунде трансфери устида ишлаётган бир пайтда, «кўклар» янги раҳбарият билан боғлиқ расмиятчиликлар билан машғул бўлишди. Натижада, «Челси» трансфер бозоридаги пешқадамликни рақибларига қўшқўллаб топширди ва бир неча футболчиларни айнан шу сабабли қўлдан чиқарди.

Марк Кукурелья – «Челси» ҳимоячиси

Ортиқча тўловлар

Бунинг сабаблари аввалги иккита пунктдан келиб чиқади. Агар янги лавозимга тайинлансангиз, бироқ, қандай ишлашни билмасангиз, рақиблар бундан мамнуният билан фойдаланади.

Агар Абрамович давридаги Марина Грановская иложи борича камроқ пул эвазига битим тузиш қобилияти билан машҳур бўлса (гарчи Лукаку ва Кепа мисоллари бунинг акси бўлса ҳам), Боули муаммоларни кўпроқ маблағ сарфлаш орқали ҳал қилди.

«Ман Сити» Кукурелья учун 50 млн фунт тўлашга қодир эмасмиди? Тодд 55 млн беришга қийналмади. Фофана керакми? Бунинг учун салкам 70 млн фунт берилди. Боули Рафинья учун «Лидс» иштаҳасини ҳам қондиришга тайёр эди.

Трансферлар сифати

Бу борада Боули ва Тухел жуда самарали меҳнат қилишди. Ушбу трансфер ойнасида «Челси» Кристенсен ва Рюдигер ўрнини зудлик билан тўлдириши керак эди. Кулибали ва Фофана трансферлари истиқболли кўринмоқда – биринчиси кўп йиллар давомида топ-клублар орзусидаги ҳимоячи бўлиб келган, иккинчиси эса «Сент-Этьенн» ва «Лестер»да тажриба орттирган. Афсуски, уларнинг трансфери тезкор бўлмади – Кулибали мавсумолди йиғинининг иккинчи ҳафтасида келди, Фофана эса сўнгги лаҳзада олинди.

Пьер-Эмерик Обамеянг ва Томас Тухел («Боруссия Дортмунд» таркибида)

Обамеянг – ҳужумчи позицияси учун қисқа муддатли ажойиб ечим. У Тухел жамоасида муваффақият қозониши мумкин, чунки айнан унинг қўл остида фаолиятидаги энг сермаҳсул даврни (95 ўйин, 79 гол, 17 ассист) ўтказган. Албатта, Пьерда яна битта-иккита мавсум захирада бор. Стерлинг трансфери бўйича ҳам умуман савол йўқ – жуда мақбул нархдаги сифатли харид.

Кукурелья трансфери саволларни туғдиради. Шошилинч вазифаларни бажариш учун зарур бўлмаган футболчи трансферига 55 млн... Аммо 5 тур ортда қолганидан сўнг хом Чилуэллни кўриб, Кукурелья трансфери ҳам муҳим бўлгани ойдинлашмоқда. Бир хил позиция учун 2 нафар сифатли футболчи кўп эмасми? Жавобни мавсум охирида оламиз.

Денис Закария – «Челси» яримҳимоячиси

Закариянинг трансфери ҳам жуда муҳим кўринади. «Челси» анчадан бери Кантега ўринбосар тополмаяпти. Агар француз жароҳат олса, унинг «рақиб ҳужумларини бузувчи» вазифасини ҳеч ким бажара олмаётганди. Бу ҳақиқий муаммо эди, узоққа бориш шартмас – «Лидс»дан учралган мағлубият бевосита Н'Голо жароҳатидан келиб чиққан. Энди Закария бу муаммони ҳал қилиши керак.

Ёшларга эътибор

Боули ёш истеъдодларга эътибор қаратмоқда. Бу стратегия қаерга олиб бориши ҳозирча аниқ эмас, аммо «Челси» академияси раҳбари Нил Бат сўзларига кўра, Тодд ёш футболчиларнинг ривожланишига катта аҳамият бермоқда. Боули сўз ва мақтовлардан ҳаракатга ўтди: истиқболли Омари Хатчинсон «Арсенал» академиясидан олинди, тезкор Зак Старж «Брайтон»дан таклиф этилди, «Интер» академияси асосий истеъдоди Чезаре Казадеидан маҳрум қилинди. Истиқболли Габриэл Слонина MLS клубидан таклиф этилди, ваҳоланки «Реал» ҳам уни орзу қилаётган эди.

Карни Чуквуемека – «Челси» яримҳимоячиси

Рўйхатдаги асосий юлдуз Карни Чуквуемека бўлди – «Астон Вилла» яримҳимоячисини Европа гигантларининг ярми ўз таркибида кўришни орзу қилган эди. Боули ишни жимгина ва тез бажарди: Премьер-Лига клублари раҳбарларини кечки овқатга чақирди ва Чуквуемека трансферини келишиб олди (шунингдек, Кукурелья трансферини ҳам). Ҳали амалга ошмаган, аммо келишиб қўйилган Арсен Захарян («Динамо Москва») трансферини ҳам қайд этиш мумкин.

Иш ҳақи фонди юкини енгиллаштириш

Грановская ўзига хос тамойилга эга раҳбар эди – у футболчини зарарига сотишни ёки текинга қўйиб юборишни истамаган. Агар футболчининг шартномаси якунланаётган бўлса, муаммо ҳар доим бир хил тарзда ҳал қилинган: Марина у билан шартномани янгилаб, сўнгра ижарага қўйиб юборган.

Боули бу занжирни узишга муваффақ бўлди. Ҳафтасига 100 минг фунтдан кўпроқ маош олган Росс Баркли билан шартнома бекор қилинди. Миши Батшуайи, Мэтт Миазга, Кенеди ҳатто зарарига бўлса-да сотилди. Эвазига «Челси» маошлар юкини камайтирди. Боули жуда муҳим нарсани кўрсатди – клуб ўз хатоларини тан олишдан қўрқмаслиги керак. Яхшироқ натижага умид қилиб, кўп йиллар давомида бундай юкни тортиб юргандан кўра, куртак очганидаёқ кесиб ташлаш яхшироқ.

Боули биринчи трансфер кампаниясини шундай ўтказди ва албатта хатолар бўлди. Аммо илк харидлар амбицияли эди. Мураббий зарур ижрочиларни қўлга киритди, бир қанча ёш юлдузлар билан шартнома имзоланди. Энди ушбу ҳаракатлар мевасига мавсум охирида баҳо берилади.

Мавзуга оид