Ўзбекистон | 18:40 / 14.09.2022
20171
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон ўртасида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди

Ўзбекистон ва Эрон президентлари икки томонлама ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанддаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари Эрон президентининг ушбу ташрифини тарихий дея баҳолади ҳамда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан қутлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Эрон муносабатлари янги суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. 

Музокараларда президентлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Савдо ва транспорт соҳаларидаги шерикликка, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар кейинги йилларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини қайд этди. Савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 73 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 15 фоизга ошди.

Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес ва фан-инновация форумлари ўтказилди, Қўшма инвестиция қўмитаси таъсис этилди.

Икки томонлама савдони янада кўпайтириш, яқин истиқболда товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.

Шу мақсадда тегишли «йўл харита»си ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолаш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, нефт-газ, қурилиш материаллари ва металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларида, фан ва инновациялар соҳасида бошланган ва ишлаб чиқилаётган кооперация лойиҳалари қайд этилди. Қўшма саноат кластерларини яратиш орқали ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. «Ўзбекистон – Туркманистон - Эрон» йўли орқали автотранспортда юк ташишни йўлга қўйиш, «Чобаҳор» порти салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юклар олиб кирилиши ва транзити шароитларини енгиллаштириш бу борадаги имкониятларнинг кенгайишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Афғонистон мавзуси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Иброҳим Раисий Ўзбекистон президентини ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Эронга боришга таклиф этди.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари самарали ва амалий руҳда ўтди. Учрашув якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 та ҳужжат имзоланди. 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий Қўшма баёнот имзолади. Унда асосий келишувлар қайд этилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги узоқ муддатли вазифалар белгиланган.

Музокаралар якунида икки томонлама битим ва меморандумлар имзоланди. Булар:

  • ишбилармонлик ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартиботларини соддалаштириш тўғрисида битим;
  • дипломатик паспортлар эгаларини виза талабларидан икки томонлама озод этиш тўғрисида битим;
  • 2022-2025 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
  • фан, техника ва инновация соҳаларида ўзаро англашув тўғрисида меморандум;
  • божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ҳаракати тўғрисида электрон божхона ахборотини алмашиш тўғрисида меморандум;
  • E-TIRга оид электрон ахборотни алмашиш тўғрисида меморандум;
  • фан, тадқиқотлар, таълим ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги битим;
  • соғлиқни сақлаш, даволаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълим, фармацевтика ва тиббий ускуналар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • спорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • нефть, газ ва нефть-кимё тармоқларидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • “Чобаҳор” порти орқали халқаро юк ташишлар ва транзитни амалга ошириш тўғрисида меморандум;
  • 2022-2024 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
  • бандлик ва меҳнат муносабатлари масалалари бўйича меморандум.

Шунингдек, Абу Райҳон номидаги Ўзбекистон Шарқшунослик институти ҳамда Эрон Архив ташкилоти ва Миллий кутубхонаси ўртасида, икки мамлакатнинг Ибн Сино фондлари ўртасида ҳужжатлар имзоланди.

Мавзуга оид