Ўзбекистон | 12:17 / 29.09.2022
40256
10 дақиқада ўқилади

“Маска-шоу” — кооперативлардан пахтани тортиб олиш учун тезкор гуруҳларгача ишга солинди

Ўз ҳуқуқларини таниб кооперативларга бирлашган ожиз фермерлар бир ён, уларнинг пахтасини монополист кластерга мажбуран олиб бераётган амалдорчалар бир ён. Ўртада қонун балчиққа ботириляпти, президент фармони оёқости бўляпти.

Янги Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқлари энг кўп очиқчасига, намойишкорона топталадиган тадбиркорлар фермерлар бўлиб қолмоқда.

Kun.uz ўзининг қонунда ва президент фармонида ёзилган ҳуқуқлари асосида кооперативларга бирлашган фермерларнинг бу ҳуқуқлар учун кластерлар, ҳокимлар, прокурорлар ва ички ишлар ходимлари билан кураши мавзусини ёритишда давом этади.

“Ниқобли ва қуролланган ички ишлар ходимлари шийпонимизни босди”

Баҳодир Арабов, Андижон вилояти Бўстон туманидаги “Баҳодир” фермер хўжалиги раҳбари:

— Кўп йиллардан бери фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келамиз. Президентимиз яратиб бераётган имконият, қонунчиликдаги имкониятлардан фойдаланиб, биз жорий йилда пахта топшириш шартномасини Шаҳриҳон туманида очилган “Президент орзуси” кооперативи билан туздик. Пахтамизни уларга топширадиган бўлдик. Бундан туман раҳбарларининг хабари бор эди.

Лекин жорий йил 24 сентябр соат 16.00 ларда дала шийпонимизга бир гуруҳ ички ишлар ходимлари ниқобланган ва қуролланган ҳолатда бостириб киришди. Биз пахтамизни кооперативга топшириш учун териб тайёрлаётган эдик. Шийпонимизга келганлар, негадир, бизга нисбатан жиноятчиларга қилинадиган муносабатни қилишди. Ўта қўполллик қилишди.

Биз улардан ўзларини таништиришни, рухсатномаларини сўрадик. Улар жавоб ҳам қайтаришмади. Видеога олиб, ҳолатни қайд этмоқчи бўлдим, аммо бунга имкон беришмади. Ваҳоланки ўзлари бемалол, бизнинг хусусий мулкимиз бўлган шийпонимиз ичида юриб, видеога олишди.

Улар: “Пахтани нега топширмаяпсизлар, бу ишларинг ноқонуний, пахтани тезроқ кластерга олиб бориб топширинглар”, дейишди.

Ҳозирда пахтани етиштираётган ҳам, сотиб олаётган ҳам – тадбиркорлар. Шу сабаб бизнинг олдимизга келган идоранинг ҳаракатларини буткул ноқонуний, ўзбошимчалик билан қилинган ҳаракат деб ҳисоблаймиз.

Ўзларининг эътирофича, уларнинг бу ҳаракатига Ички ишлар вазирлигининг катта мулозими раҳбарлик қилаётган экан.

Биз қонунни бузганимиз йўқ. Бу ҳаракатларни президент сиёсатига хиёнат деб, Ўзбекистон сиёсатини шарманда қилиш деб ҳисоблаймиз. Ички ишлар вазиридан бу ходимларга тегишли чора кўрилишини сўраймиз.

“Ўзимиз етиштирган пахтани ўзимиз ўғирлаган бўлиб қоляпмиз”

Орифхўжа Тожибоев, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “О. М. Азизхўжа” фермер хўжалиги раҳбари:

— 20 нафар фермер бирлашиб, кооператив тузганмиз. “Қўқонсой” пахта заводи билан шартнома тузиб, ўз пулимизга етиштирган 830 тонна пахтамизни завод майдонига тўплаган эдик. Вилоят ҳокими муовини, вилоят прокурори муовини, туман секторлари келиб, “пахтани кластерга топширасан” деб, босим қилишди. Пахтамизни олиб чиқа бошлашди. 103 тонна пахтамизни тола қилишга улгургандик. “Толани ҳам берасан” дейишяпти.

Менинг устимдан “пахтани ноқонуний тола қиляпти” деб ёзиб берганмиш. Ўзимиз етиштирган пахтани ўзимиз ўғирлаган бўлиб қоляпмиз...

“Биз шунчаки эркин тадбиркор бўлишни истаяпмиз холос”

Учкўприк туманидаги “Юсуфмалик Эҳсон” фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Қўлдошевнинг айтишича, 22 сентябр куни 7 нафар фермерни босимлар остида кластер билан шартнома туздиришган.

— Ҳолбуки фермерлар кооператив билан шартнома тузиб қўйган, шундайми? Шартномалар қачон тузилган?

— 2022 йил 5 май куни.

— Кооператив билан шартнома тузилганига қарамасдан-а?..

— Уларнинг айтишича, кооператив ноқонуний экан...

— Кооператив ноқонуний эканини бирон ҳужжат билан исботлашдими?

— Йўқ.

— Қайси идоралар иштирок этди пахтани олиб кетишда?

— Тўртала сектор. Вилоят прокуратураси, қишлоқ хўжалиги бўлими.

— Бевосита қайси идоранинг ишчилари пахтани олиб кетишди?

— “Фарғона глобал текстил” кластери ишчилари.

— Кооператив билан шартномаси бўла туриб, нега фермерлар кластерлар билан шартнома тузишга рози бўлишди?

— Қўштирноқ ичида рози қилишди-да чунки, “чиройли қилиб”.

— “Чиройли қилиб” – нима дегани бу?

— Турли босимлар билан. Уйга ҳар куни участкавой келаверса, ҳокимиятга борасан экан, яна фалон жойга борасан, деяверса... Ҳамманинг ёши катта ота-онаси бор... Ота-оналарга “тушунтириш ишлари” олиб борилади. Ота-оналар кейин фермер фарзандларидан хафа бўлишади...

Ота-оналаримиз кекса, “кел, қўй, давлат билан ўйнашма” дейишади. Давлат билан ўйнашаётганимиз йўқ, ахир кластер ҳам биз каби тадбиркор-ку. Кластер ҳам тадбиркор, фермер ҳам.

Ҳокимият маҳалла қўмитасига босим қилади, маҳалла эса ота-онамизга... Маънан босим бу.

Оилаларимизда давлат хизматидаги одамлар бор, шулар орқали шантаж қилишга уринишади... Сўраса, “мен сизнинг қўлингиздан ушлаб муҳр бостирдимми” дейди...

Ота-онамизга “боланг ёзувчи экан, бошқа экан” дейишади. Қўни-қўшни, атрофдагиларга тушунтиргунча анча вақт кетади. Ўзбекчилик.

Мумкинмас эмиш... Ҳайронмиз, Президент фармонидан Вазирлар Маҳкамаси чиқарган баённомаси устун келяпти... Давлат тайинлаб қўйган прокурор “мумкинмас” деб турса... қаерга борамиз?

“Ҳужжат-қоғозларингни бер, мумкинмас деган гап қаерда бор” деса, “мумкинмас, Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси бор” дейди. Ахир бу баённома-ку (протокол). Президент чиқарган қарор ва фармонлар кучи қаерда қолди?

Бу кластерлар монополия қилиб олганми деб ўйлаб қоласан киши. Яна бу шартномани тузиш тартибига қаранг: қуп-қуруқ бланкага муҳр бостириб олишади...

Президент қарорлари ва Олий Мажлис қабул қилаётган қарорларни кузатиб борамиз. Уқувсиз эмасмиз.

Кластердан бир сўм пул олмадик, давлатдан ҳам, ўзимиз етиштирдик пахтани. Шуни прокурор ёки ҳокимнинг юзига айтиш гуноҳ бўлса, демак биз “гуноҳкор” эканмиз. Одамнинг ичи тўлиб кетди-ку, ахир.

“Ерингни текширтираман, ноқонуний қурилишингни текширтираман, боғдорчилигингини текширтираман, банкда пул айлантирганмисан...” Ҳаммамизнинг ҳам камчилигимиз бор, инсонмиз-да. Шу камчилик жойларимизни топмоқчи бўлишяпти, топишяпти ҳам. Мана, биз билан 6 ой ишлаган йигитларнинг еттитаси бир кунда шартномаларга муҳр қўйиб беришди, босим бўлгани учун.

Чет элларда кўп бўлганман. Германия, Австрия, Белгия – қишлоқ хўжалигини кўриб келганман. Рақобат бўлиши керак-ку, ахир. Дехқончиликда рақобат бўлмаса, нима деган гап бу? Президентимиз ўрта ва катта бизнесга йўлларни очиб юбордилар, рақобат бўлсин учун, рақобатбардош маҳсулотлар чиқаринглар деб. Рақобат шунчалик кучайиб кетдики, Қўқон шаҳрига яқин ерларда ҳам теримчи топилмаяпти... Нимага десангиз, тўртта ишлаб чиқариш корхонаси бор маҳаллада... Оддий ҳолва цехида саккиздан бешгача ишлайдиган аёлларга уч миллион пул тўланяпти, тушлик бепул. Энди қайси аёл чиқиб пахта теради бизга? Узоқдан олиб келяпмиз теримчиларни.

“Бўш бланкага муҳр босма, қўл қўйма” дейди қонунчилигимиз... Ўзбек фермерига эса азалдан бўш бланкага қўл қўйдиришиб келишяпти...

Чет элларда прогноз деган нарса бор, эртани билиш учун. Бизда бу прогноз дегани... Худодан ҳам кўпроқ билишади булар... Тоза бланкага муҳр бостириб олишади, кейин кластер жаноблари 45 центнер деб ёзиб қўяди... шунчадан бериш керак бўлади... Ўткан йили 42 центнердан ҳосил олиб, кластерга яна жарима ҳам тўладим...

Ҳолбуки, кластер ҳам биз каби тадбиркор. Биз шунчаки эркин тадбиркор бўлишни истаяпмиз, холос.

Ҳақоратлашяпти, қўрқитишяпти, мажбурлашяпти...

Шерзод Хуррамов, Сурхондарё вилоятидаги “Зартепа экспорт-импорт” ишлаб-чиқариш кооперативи раҳбари:

— Жарқўрғон ва Шеробод туманларида ишлаб чикариш кооперативи очганмиз. Шеробод туманида ижарага пункт олганмиз, ижара шартномасини тузишга йўл беришмаяпти, тепадан босим бўляпти. Турли хил важлар билан пахтани кластерга беришга мажбурлашяпти. “Қарор кластерга чиққан, Вазирлар Маҳкамасининг протоколи чиққан, шунга асосан пахтани берасан” дейишяпти. Мажбурсан дейишяпти.

Бир, икки кун олдин вилоят ҳокими Тўра Боболов, унинг қишлоқ хўжалиги бўйича муовини Усмон Туропов, прокуратурадан келиб босим қилиб, ҳар хил гаплар билан ҳақоратлаб, пахтани топширасан дейишди. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, топширарканмиз уларга.

— Ҳолбуки, фермерлар кооператив билан шартнома тузиб қўйган, тўғрими?

— Ҳа, кооператив билан шартнома тузишган. Чигити, уруғдан тортиб, то ҳозирги кунгача кооператив ўз ҳисобидан етиштирган пахтани кластерга топширасан деб туришибди.

— Жарқўрғонда вазият қандай?

— Жарқўрғонда ҳам кластернинг жойига сақлатяпмиз пахтани. Ўзимизни жойга сақлолмаяпмиз. Чунки ҳар хил йўллар билан – фермерларни чақиртиравериб, асабимизни бузавериб, шунга мажбур қилишди.

Фермерлар – оддий одамлар, деҳқонлар... Ерингни олиб қўямиз, ўзингга жиноий иш қўзғаймиз деб қўрқитишади... Охир-оқибат мажбур бўлдик шунга. Пахтамиз кластернинг ҳисобидан статистикага киритиляпти.

Шокир Шарипов тайёрлади.

Мавзуга оид