Ўзбекистон | 15:57 / 03.10.2022
9995
3 дақиқада ўқилади

Журналистлар фаолиятига тўсқинлик жавобгарликка сабаб бўлиши Конституцияга киритилмоқда

Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бу норма Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Конституциявий комиссияси асосий қонуннинг 67-моддасини ҳам ўзгартиришни таклиф этмоқда.

Бу модданинг амалдаги таҳририда шундай ёзилган:

“Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.

Цензурага йўл қўйилмайди”.

Маълум қилинишича, бу моддага қуйидагича қўшимча қўшиш таклиф этилмоқда:

“Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир”.

Маълумот учун, Ўзбекистонда қатор қонунларда журналистларнинг босимлар ва таҳдидлардан ҳимояланиши қайд этилган бўлса-да, кодексларда бунга нисбатан жавобгарлик киритилмаган.

Kun.uz аввалроқ ёзганидек, ОАВ ходимлари фаолиятига қаршилик учун жазо белгилаш масаласи қатор воқеалар фонида бот-бот кўтарилади, лекин ижобий ҳал бўлмаяпти. Натижада уларга тўсқинлик қилиш ҳолатлари давом этмоқда.

2019 йилдаёқ журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. 2020 йилда жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи яна бир қонун лойиҳаси эълон қилинди.

2021 йил бошида яна бир лойиҳа – янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Унда ҳам журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш кўзда тутилган. Бироқ ҳозирга қадар юқоридаги лойиҳаларнинг ҳеч бири қабул қилинмади.

Журналистларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари устидан парламентга мурожаат этиш ҳуқуқини қонунийлаштириш масаласи ҳам қандай очилган бўлса, шундай очиқлигича қолди.

2020 йили парламентда кўрилган масала – ОАВга маълумот бермаслик ёки нотўғри маълумот берганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам қоғозда қолиб кетган эди.

2021 йилги Давлат дастурига биноан, сўз эркинлигини таъминлаш ва ОАВни ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни кучайтиришга оид президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланганди. АОКА ишлаб чиққан қарор лойиҳаси ҳамон тасдиқлангани йўқ.

ОАВ фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик белгилаш 2022 йилги давлат дастурига ҳам киритилган.

Дастурга кўра, қонун лойиҳаси апрел ойигача тайёр бўлиши керак эди. Май ойида президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишлар бошланганини айтганди.

Мавзуга оид