«Отам шунчаки — қўрқоқ». Сафарбарлик қандай қилиб рус оилаларни бир-биридан ажратмоқда?
Владимир Путин эълон қилган сафарбарлик рус оилаларида келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳозирда сафарбар қилинганларнинг қариндошлари ўз яқинларини ортга қайтаришга ва улар билан алоқани йўқотмасликка ҳаракат қиляпти. BBC нашри ўзи урушга боришни хоҳламаган, аммо ота-онаси босими остида ҳарбий комиссариатга боришга мажбур бўлган икки россиялик ҳақида ҳикоя қилади.
— Ҳарбий комиссариатга бормасангиз 3 минг рубль жарима тўлайсиз. Агар у ерга борсангиз энг яхши ҳолатда рухланган тобутда уйга қайтасиз.
— Менинг отам собиқ ҳарбий. Унинг айтишича урушга бориш керак, бўлмаса улар (полиция) мени қидиришдан тўхтамайди.
Москвалик 30 ёшли Игор адвокат билан шундай суҳбатлашган (сафарбар қилинганларнинг исм-шарифлари уларнинг хавфсизлиги юзасидан ўзгартирилган). Ота-онаси уни ҳарбий комиссариатга боришга кўндирган. Игор ҳозирда Белгородда, Украина билан чегарадаги ҳарбий қисм қисмда.
Игорга ёрдам беришга уринган адвокат Дмитрий Захватов Игорнинг ота-онаси ҳақида фикр билдириб, шундай ёзади: «Бундай аждодлар билан ҳеч қандай Путинга эҳтиёж йўқ».
Курскдаги бошқа бир машғулот марказида белгородлик 24 ёшли Даниил ҳам бор. Унинг отаси чечен урушида қатнашган ва у ҳам ота-онаси босими остида ҳарбий комиссариатга борган. Ҳар икки йигитнинг онаси уларга чақирувдан бош тортмасликни маслаҳат берган.
Сафарбар қилинган бу йигитларнинг барча оила аъзолари ҳам ота-оналари фикрига қўшилмайди. Игорнинг опаси қанча ҳаракат қилса-да, укасига ёрдам бера олмаган, Даниилнинг хотини эса эрини уйга қайтаришга муваффақ бўлган.
«Отам асабийлашди ва босим ўтказа бошлади»
Москвалик Игор 29 сентябр куни Белгород шаҳридан туриб, опаси Валентинага «Жойлашдик, эртадан машғулотларга киришамиз» дея хабар ёзади. У жойлашув ва вазият ҳақида бошқаларга батафсил гапириб бермаслик ҳақида огоҳлантирилганди.
— Овқатлантиришди. Биз палаткалар шаҳарчасидамиз.
— Совуқ эмасми?
— Озгина.
— Ухлаш учун матрас борми?
— Йўқ, фақат бушлат (ҳарбий куртка), ватник ва ўзимнинг иссиқ кийимларим бор.
Игорнинг чақирув қоғозини 24 сентябр куни ота-онаси билан бирга яшайдиган уйига олиб келишган. Қоғозга унинг отаси имзо чеккан.
«Игор уйда эди, аммо қоғозни олиш учун ўзи чиқмади», – дейди унинг опаси Валентина. Валентина ота-онасига укасига ҳеч қандай жиноий иш хавф солмаётгани ва ҳарбий комиссариатга бориш керак эмаслигини тушунтиришга уринади. Бироқ Игорнинг отаси уни ҳарбий комиссариатга олиб боради.
26 сентябр куни эрталаб у ўғлини ҳарбий комиссариатга олиб бориб, ўзи ишга жўнаб кетади. Игор беш соат давомида бинога киришга журъат эта олмайди.
Игор Москва давлат халқаро муносабатлар институтида (МГИМО) ўқиган, бакалавриатдан сўнг армияда хизмат қилган, кейин эса Россия Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси магистратурасини тамомлаган. Отаси уни вазирликка ишга киритмоқчи бўлган ва давлат идораларида карьера қилишига умид қилган. Аммо бу ўхшамаган.
Игор Цоколникидаги музей-ўқув марказига ишга киради ва хитой тилидан мақолаларни таржима қила бошлайди. Пандемия даврида бу ерда ковид касалхонаси очилади, натижада ходимлар штатдан камайтирилади. Игор ишини йўқотади ҳамда курьер бўлиб ишлай бошлайди.
Игор уруш бошланишини хоҳламаган, у Россия ва Украина ўртасидаги можарога дипломатик ечим топилишига умид қилган.
«Укамнинг аҳволи психологик жиҳатдан унчалик ҳам барқарор эмас. У уй фарзанди, заиф бола, қолаверса ипохондрик – кўп шикоят қилади ва ҳар қандай оддий ярадан вафот этиши мумкин», – дейди Валентина.
Игор муддатли ҳарбий хизматни ўтаганида, ота-онаси ўғлини жуда қаттиқ ҳимоя қилган: улар уни хизматдан сақлаб қола олмайди, аммо ўғиллари жойлашган ҳарбий бўлинма бошлиғи унга қараб туриши ва хафа бўлишга йўл қўймаслигига эришади. Игор пойтахтдан унчалик узоқ бўлмаган жойда – аввал Владимир яқинидаги Ковровда, кейин Москва яқинидаги Наро-Фоминскда хизмат қилади.
Қариндошлари доимо унинг олдига бориб туради, ўзлари билан озиқ-овқат олиб боришади. Игор улар билан доимий алоқада ва назорат остида эди.
«Ниҳоят у сержант даражасига кўтарилди. Унда ҳарбий унвон бор ва ҳозир бу ‘жуда ёмонʼ», – дейди унинг опаси Валентина.
Украинада уруш бошланганидан сўнг Валентина Россиядан Тбилисига кўчиб кетади. У укаси ҳарбий комиссариатга борганини билгач, унинг мобил телефонига тўхтовсиз қўнғироқ қила бошлайди.
«Беш соат давомида отам билан Игор учун курашдик. Дадам уни қамоққа олишларини айтиб бақирди, укангнинг тақдири учун жавобгарликни ўз зиммангга оласанми деб сўради. Мен ‘Ҳа! oламанʼ дея жавоб бердим», – дейди Валентина.
Валентина ҳарбий комиссариат укасини топмаслиги учун вақтинча яшаб туришга жой топади. У укасидан нима қилишни ўйлаб олгунларича ўша ерга боришни, у ерда чой ичиб ўтиришни илтимос қилади.
Игор доимо яшириниб юришни истамаслигини айтиб, эътироз билдиради, у полициячилар ота-онаси олдига боришидан хавотирда эди. Валентина унга «Хўп, агар улар келса, эшикни очишмасин» дея маслаҳат беради.
Игор Валентинанинг илтимосига кўра опаси топган адвокат билан гаплашади. Адвокат билан суҳбатлашгандан сўнг у ҳатто урушга бормасдан қамалишга ҳам рози бўлади. Аммо Валентинанинг сўзларига кўра, отаси буни эшитиб асабийлашади ва ўғлига босим ўтказа бошлайди. Кечроқ суҳбатга телефон орқали онаси ҳам қўшилади, бу пайтда Игор ҳарбий комиссариат биноси олдида ўтирган эди.
Суҳбатдан беш соат ўтиб у қўнғироқларга жавоб беришни тўхтатади.
Уларнинг пешонасида «Z» йўқ, аммо жуда ҳам қўрқишади
Кечқурун онаси Валентинага укасини икки ойга Наро-Фоминскка жўнатишганини ёзади. Опа укасига ўзи қўнғироқ қилади ва укаси
Таманск ёки Кантемиров дивизиясида эканини билиб олади (ҳар иккала қисм Наро-Фоминск туманида жойлашган эди).
«Ҳарбий мутахассислиги бўйича Игор алоқачи. Радиотехника қўшинларида хизмат қилган», – дейди Валентина.
Ҳарбий чақирув қоғозлари тарқатила бошланганда Валентина укасини ҳам олиб кетишларини дарҳол тушунади ва ота-онасига уни тезроқ мамлакатдан олиб чиқиш кераклигини айтади. Бироқ улар армияга жанг қилишни хоҳловчи кўнгиллилар кераклиги, ўғлини олиб кетиш учун ҳеч ким келмаслигига ишонади.
Игорга берилган сафарбарлик қоғозида (BBC’да бу ҳужжатнинг нусхаси бор) унинг қаерга чақирилгани кўрсатилмаган. Аммо икки вертикал қаторда: «ҳарбий хизматга чақирилган» ва қавс ичида «фуқаролик ходими лавозимига юборилган» деб ёзилган. Ҳужжатда бу вариантлардан ҳеч бири белгиланмаган. Чақирув қоғозида сана кўрсатилмаган, аммо муҳр ва имзо бор. Игор ва унинг ота-онаси ҳужжатни ўқиб чиққач, уни ҳарбий қисмга фуқаролик мутахассислиги бўйича хизматга юборишади деган фикрга келади.
Валентинанинг фикрича, укасини ҳарбий комиссариатда алдашган.
«Ушбу чақирув қоғозлари қаторлари орасида қуйидагилар ёзилиши керак: ‘биз фронтга маълум миқдорда тўплар учун тайёр гўшт йиғмоқчимиз, сен – номзодлардан бирисанʼ. У ерда нима деб ёзилгани муҳим эмас, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳарбий комиссариатга бормаслик лозим», – дейди BBC билан суҳбатлашган адвокат Дмитрий Захватов.
Валентина отаси билан гаплашмай қўйган, аммо укаси қўнғироққа жавоб бермаган пайтда онасига хабар ёзиб туради.
«Ота-онам ҳукуматни ҳурмат қилмайди, аммо ундан жуда ҳам қўрқади. Уларга доимо фарқи йўқ бўлган, уларнинг пешонасида «Z» ҳарфи йўқ. Урушнинг дастлабки ойларида онам менга бендера ва миллатчилар ҳақида гапиришга ҳаракат қилди, биз кўп баҳслашдик, асабийлашдик. Ва охири у менга «Мен шунчаки урушни хоҳламайман» деб айтди. Шубҳасиз, онам ўз ўғлини Украина билан уришиш учун фронтга юборишни хоҳламайди. Аммо отам «хизматдан бўйин товлаш» бўйича жиноий иш очилишидан жуда қўрқади», – дейди Игорнинг опаси.
Урушдан олдин Валентина Москвадаги норозилик намойишларида фаол қатнашган. Оила бундан норози, ота-онаси Валентина уларнинг бошига қора булутлар олиб келишидан хавотирда эди. Игор ва Валентинанинг отаси терговчи бўлиб ишлаган ва 1992 йилда нафақага чиққан. Ҳозир у мулк ҳуқуқи бўйича адвокат, лекин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида дўстлари ҳали ҳам бор ва улар билан алоқаларга эга.
Таниш хавфсизлик ходими Валентина норозилик митингида иштирок этганидан кейин отасига қўнғироқ қилган. «Улар қандай қўрқитишни билади ва отам ҳокимиятдан қўрқади», – дейди Валентина.
«Мени унинг юрист эканлиги, лекин ҳарбий хизматга доир қонунларни ва бундай вазиятда ўзини қандай тутишни билмаслиги ғазаблантиради. Отам шунчаки – қўрқоқ. Сиз отамнинг Игор устидан қандай ҳокимиятга эга эканлигини билмайсиз. Агар шундай бўлмаганида укам ҳарбий комиссариатга бормасди ва мен уни қутқариб қола олардим», – дея қўшимча қилади Валентина.
Унинг сўзларига кўра, онаси «анча ақлли аёл», Хорижий тиллар институтини тугатган. Лекин унинг «православ фолбинлар тоифаси»дан эски таниши бор, Валентина уни «шантажчи ва ёлғончи» дея тарифлайди. Фолбин Игорнинг онасига ўғли «бункерда ўтириши» ва унга ҳеч нима бўлмаслигига ваъда берган.
«Менинг укам ва онам жуда бўш, отам эса бундан фойдаланади», – дея хулоса қилади Валентина.
«Ҳамма ўлимдан қўрқади, бироқ ватан олдида қарзимиз бор»
Дастлаб, Игорни Москва яқинидаги ўзи хизмат қилган Наро-Фоминск туманига юборишади.
Ҳарбийлар унга дарҳол вақтинчалик шартнома имзолашни таклиф қила бошлайди. Улар Игорни хотиржам қилмоқчи бўлиб, «қўрқма, бу тўлиқ шартнома эмас, шунчаки сенга пул тўланиши учун» дейишган. Улар анча фаол ишлаган», – дейди Валентина.
«Укам сафарбар қилинганидан сўнг тушкунликка тушди, аммо у ёлғиз эмас эди. У ва сафарбар қилинган бошқа йигитлар билан бир-бирларини қўллаб-қувватлаган ва ҳатто хурсандчилик ҳам қилган. Уларга бу вақтда исталган пайт телефон орқали қўнғироқ қилишга рухсат берилади. У менга ‘Аҳвол ёмон эмасʼ деб айтди. Унга ҳозир жиддий нарса йўқдек кўринаётган бўлиши мумкин. Аммо барча шартнома имзоласа, у ҳам имзолайди. Мен эса кўпроқ шундан қўрқаман», – дейди Игорнинг опаси.
Игорга уларни бир ой давомида тайёрлашларини айтади. Унинг ота-онаси Игорни кўргани келади. Аммо эртасига командирлар сафарбар қилинганларга улар чегарага олиб кетилишлари ҳақида хабар беради. Уларга ускуналар ва газниқоб (противогаз) тарқатилади. Игор опасига ҳарбий комиссариатга бориш қароридан афсусда экани, агар вақт кўпроқ бўлганида бошқача йўл тутган бўлишини айтади.
«Уни мамлакатдан олдинроқ олиб чиқмаганим учун мени айблади», – дейди Валентина.
«Мен унга агар вазият оғир бўлса, таслим бўлишни маслаҳат бердим», – дея қўшимча қилади у.
Сафарбарлик бошланишидан бир кун олдин Давлат думаси Жиноят кодексига «Ихтиёрий таслим бўлиш» деган янги моддани қўшди. Унга кўра, агар ватанга хиёнат белгилари бўлмаса, ҳарбийлар таслим бўлгани учун 3 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу жазодан қутулиб қолиш учун аскар биринчи марта таслим бўлган бўлиши, ёхуд «бу қарорни озод бўлиш, ҳарбий қисм ёки хизмат жойига қайтиш учун қабул қилган бўлиши ва асирликдаги даврида бошқа ҳарбий жиноятлар содир этмаган бўлиши» керак.
Поездда Белгородга кетаётганларида Игор ва унинг сафдошларидан телефонларини олиб қўйишади. Фақатгина баъзи-баъзида уларга қариндошлари билан гаплашиш учун телефонларни бериб туришади. Сафарбар қилинганлар маълумотлардан узиб қўйилади. Игор опасидан урушда аҳвол қандайлиги, сафарбар қилинганларнинг қанчаси фронтга жўнатилгани ва президент мурожаатидан нималар маълумлиги ҳақида сўраган.
29 сентябр куни у опасига уларни «жангга эмас, янги ҳудудларга жўнатиш»ни ваъда қилишганини айтади. Эртаси куни опаси ундан айнан қаерга юборишларини сўраганда у «ҳозирча билмайман, шунчаки ухлаб ётибмиз» дея жавоб беради.
Ўшандан кейин Игор опаси билан бошқа боғланмаган. 3 октябрда Валентинанинг онаси унга укаси ҳали ҳам «далада» экани ва офицерлар штаб-квартирасида навбатчилик қилаётгани, аммо тез орада уни Москва областига қайтариб юборишлари мумкинлиги ҳақида ёзади. Валентина бунга ишонмайди.
BBC билан суҳбатда Игорнинг онаси ўғли «ўқув марказида» эканлигини айтган, бироқ айнан қаердалигига ойдинлик киритмаган. Онаси ўғли билан алоқада эканини тасдиқлаган ва «далада» шароитлар яхшилиги, сафарбар қилинганлар «иссиқ палаткаларда ухлаётгани»ни айтган.
BBC нашрининг сафарбарликка нисбатан қандай муносабатда экани ҳақидаги саволига жавобан Игорнинг онаси шундай жавоб берган: «Урушни ёқламайман. Аммо сафарбарлик бу – қарз. Қаттиқ хавотирдаман. Менга ҳам осон эмас. Бир неча ҳафта ўтди, бироқ ҳали ҳам саросимадаман. Менга шунчаки қўллаб-қувватлов керак».
У ўғлини фронтга жўнатишдан бошқа ҳеч қандай йўл кўрмаганини айтган: «мамлакатни тарк этиш қандайдир санкциялар остида қолишни англатади ва шу сабаб унга яхшигина молиявий таъминот керак». Онанинг фикрича, Игор сафарбарлик шароитида альтернатив фуқаролик хизматини танлай олмайди (аслида эса бундай эмас).
Игорнинг онаси «ўғлингиз Украинага юборилишидан қўрқасизми?» деган саволга, «Сиз нима деб ўйлайсиз? Ҳамма ўлимдан қўрқади. Аммо ватан олдида қарзимиз бор» дея жавоб берган. Унинг айтишича, оилада сафарбарлик бўйича ҳеч қандай жанжал бўлмаган.
«Мен ва эрим бунга рози эдик. Балки Игор баъзи дўстлари бунга каби қарши бўлгандир. Ёшлар ўлимдан қўрқади, лекин умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади», – дейди Игорнинг онаси.
Опасининг илтимосига кўра Москвада Игор билан гаплашган адвокат Дмитрий Захватов бу одамга ёрдам беришнинг иложи йўқ деган хулосага келган.
«Ҳозир Россияда ҳарбий хизматчилар ҳуқуқлари соҳасида ҳар қандай қонунийлик ҳақида гапириш ва шунга мос равишда қонунни бузиш Сомали қонунлари ҳақида гапириш каби кулгили: албатта, улар мавжуд, аммо аниқ эмас. Ҳарбий комиссариатлар олдида оддий ва тушунарли вазифа турибди: қандай бўлмасин планни тўлдириш. Бу вазифани бажариш учун улар қийшиқми, кўрми, ёшми, кексами, соғломми ёки касалми – фарқи йўқ, барини тутиб сафарбар қилмоқда», – дейди адвокат.
«Сени қидиришади ва барибир топишади»
Белгород областида яшовчи Анастасия Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик эълон қилиши биланоқ, эри Даниилни сафарбарликдан сақлаб қолиш йўлларини қидира бошлайди.
«Мен эримга ҳам чақирув қоғози келиши мумкинлигини билардим», – дейди у.
Даниил 2018-2019 йилларда мотоўқчи қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Унда бир нечта ҳарбий-ўқув мутахассисликлари бор: танк оператор-ўқчиси ва алоқачи.
Анастасия инсон ҳуқуқлари бўйича маълумотлар берувчи телеграм каналларига аъзо бўлади ва ҳарбий хизматни муқобил фуқаролик хизмати билан алмаштириш (Альтернативная гражданская служба — АГC) ҳуқуқи ҳақида ахборот топади. У эри билан шундай ариза ёзишга қарор қилади.
Даниилга 21 сентябр, сафарбарлик эълон қилиниши биланоқ, у рўйхатдан ўтган ота-онаси уйи жойлашган Белгород областидаги қишлоқ фуқаролар йиғинидан қўнғироқлар бошланади. Улар туни билан қўнғироқ қилади, лекин Даниил жавоб бермайди. Эртаси куни эрталаб Даниил қўнғироққа жавоб беради ва ўрнидан туриб, нарсаларини йиға бошлайди.
Оила Даниилнинг ота-онаси уйидан 160 км узоқликда яшарди. Улар қишлоқ маъмуриятига уларнинг айни пайтдаги манзили ва телефон рақамини беради. У ердагилар Даниилга чақирув қоғози келгани, зудлик билан қишлоқ кенгашига келишлари кераклигини айтади.
Игорнинг ҳикоясидаги каби, Даниилнинг ота-онаси ҳам ўғли урушга боришини хоҳламайди, аммо улар ўғлини қидириб топишларидан қўрқишади. Ота-она ўғлини келишга кўндира бошлайди: «Сени қидиришяпти».
Даниил қишлоққа бориш керак деган қарорга келади. Бироқ хотини уни қўйиб юборишни хоҳламайди, Анастасия йиғлайди, тиз чўкиб эридан бироз қолишни, нима қилиш мумкинлигини ўйлаб кўришни сўрайди. Даниил «ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ, мен шунчаки бориб нима гаплигини билиб келаман» дея уни тинчлантиришга уринади. Эр-хотин қишлоққа, Даниилнинг ота-онаси олдига келади ва бутун тунни АГC учун ариза ёзиш билан ўтказади.
Улар виждон эътиқоди – пацифистик қарашлар ва унга зўравонликларда қатнашиш мумкин эмаслиги ҳақида ариза ёзишади (диний эътиқод тарафдан зўравонликдан воз кечиш).
Эртаси куни қишлоқ кенгаши яна қўнғироқ қилади, Даниилнинг онаси унинг шу ерда эканини тасдиқлайди. Улар унга чақирув қоғозини олиб келишмайди, аксинча ўзи келиши кераклигини айтишади. Даниилнинг ҳали чақирув қоғозини олмаган укасининг рафиқаси ва Анастасия эрларини шимолга олиб кетмоқчи бўлади. Ўша ердаги қариндошлари уларни чақириб, ўз ёрдамини таклиф қилади.
Ота-она «қочиш ёки яширинишдан фойда йўқ, барибир қаердадир тўхтатиб қолишади ёки топишади», дея ўғилларини қўрқита бошлайди. Даниил бошқа илож йўқлигига рози бўлади ва чақирув қоғози учун қишлоқ кенгашига боради. Унинг турмуш ўртoғи Анастасия эса почта бўлимига бориб, эрининг АГC учун ёзган аризасини буюртма хат орқали чақирув комиссиясига, шунингдек, район ва област ҳарбий комиссариатлари, област губернатори ва омбудсманига юборади.
Даниилнинг чақирув қоғозида унга эртаси куни сафарбарлик пунктига келиши кераклиги айтилади. Анастасия эридан яна ҳеч қаерга кетмасликни илтимос қилди. У рози бўлади, бироқ вазиятга Даниилнинг онаси аралашади.
«У ‘нима хоҳласангиз шуни қилинг, лекин мен бунга рози эмасманʼ деди. Кейин Даниилни ҳарбий комиссариатга боришга кўндириш учун ҳар хил нарсаларни гапира бошлади. Унинг айтишича, комиссариатга бормаслик хизматдан бўйин товлаш ҳисобланади ҳамда жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади. Уни олиб кетишади ва суд қилиб, жаримага тортишади, балки қамашади. Шунингдек, у ўғлига ‘Қамоқхонада сенга қийин бўлади, бардош беролмайсан, сени масхара қилишади, лекин улар сени барибир армияга юборишади. Ва у ерда ҳам сени қочоқ деб устингдан кулишадиʼ дея босим ўтказди. Бироқ у ўғли ҳалок бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламади», – дейди Анастасия.
«Даниилнинг ота-онаси урушни қўллаб-қувватлайдими?» деган саволга Анастасия «тушуниб бўлмайди» дея жавоб берган.
«Эрим ва мен урушга қаршимиз. Иккимизнинг ҳам Украинада дўстларимиз бор ва биз феврал ойининг бошидан бери жуда хавотирдамиз», – дейди у.
Даниил барибир онасининг гапига қулоқ солиб, ҳарбий комиссариатга боради. Уни ўша куни Курск областидаги ҳарбий қисмга юборишади. Уларга у ерда бир ҳафта қолишлари, кейин эса Воронеж ёки Белгородга жўнатилишларини айтишади. Дастлабки кунларда улар текширилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилди, сўнг машғулотлар бошланади.
«Қайнонам менга ‘сен медалга лойиқсанʼ деб айтди»
Даниил жўнатиш пунктига борган куни, унинг АГC аризаси аллақачон ўз манзилларига бориб етган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва губернатор маъмурияти Анастасияга мурожаат ҳарбий комиссариатга юборилганини маълум қилади (BBC’да ҳужжатларнинг нусхаси мавжуд). Орадан бир ҳафта ўтса-да, жавоб келмайди.
Анастасия эри учун урушга бормасликнинг ягона йўли – АГC эканини тушунади. У ҳуқуқ ҳимоячилари ёрдамида Даниилнинг командирига эри «махсус операцияда иштирок этишдан бош тортиши», қўлига қурол олмаслиги ва одам ўлдирмаслиги ҳақида рапорт тайёрлайди.
Анастасия рапорт матнини ёзади ва уни эртаси куниёқ биринчи автобусда эрининг ҳарбий қисмига жўнайди. Унга Даниил билан учрашишга рухсат берилади.
Назорат-ўтказиш пунктида кўришиш жойи бор бўлиб, у ерда одам кўп эди. Ҳарбий қисм шаҳардан узоқда, атроф тўла офицерлар эди. Бу ердан машинасиз деярли қочиб бўлмасди.
«Ҳарбий қисмда сафарбар қилинганлар жуда кўп. Белгород областидаги ҳамма одамлар адекват ва бир-бирларини қўллаб-қувватлайди, егуликларни бўлишади, ва бу ҳатто қизиқарли ҳам», – дейди Даниил хотинига.
«Аммо у бу вақтинчалик эканини тушуниб етиш керак. Уларни умуман бошқа нарса кутмоқда», – дейди Анастасия бунга жавобан.
Анастасия эрининг ташқи кўриниши ва жисмоний ҳолатини қуйидагича тасвирлайди: «У худди қамоқдан чиққандек. Асабий эди, овқатга эътибор бермади, одам кўплиги ва шовқин туфайли яхши ухламаганди».
Аммо Даниилга кийим борасида омад кулиб боқади – барча кийимлари унга мос тушади. Каттароқ ва кичикроқ эркаклар учун кийимлар етарли эмас эди.
Анастасия рапортнинг бир неча нусхасини эрига беради, қандай ҳаракат қилиш кераклигини тушунтиради, эслатмани кўрсатади. Даниил рапортга имзо чекиб, уни навбатчига зобитга беради. Даниил ўрганиши ва саволларга тайёргарлик кўриши учун ҳисобот нусхасидан ўзида сақлаб қолди.
Анастасия турмуш ўртоғининг рапорти эътиборсиз қолмаслиги учун унинг рaпорт бергани ҳақида бош ва ҳарбий гарнизон прокуратурасига ҳам хат жўнатади.
Бу пайтда машғулотлар аллақачон бошланганди, лекин Даниил машқларни бажаришдан қочишга ҳаракат қилади. 1 октябр куни машғулотлар тугаши керак эди, лекин 29 сентябр куни уларга яна 10 кунга қолишларини айтишади. Сафарбар қилинганлар саломатлиги ва аҳволини синчиклаб текшириш бўйича област губернатори буйруғи келади. Шифокорлар Даниилнинг шикоятларини ёзиб олади, бироқ расмий тасдиқ зарурлигини айтишади.
Дастлаб, чақирув қоғози келганида, Анастасия эри ва ота-онасидан биринчи бўлиб сўраган нарса – эрининг кетишини секинлаштирувчи тиббий кўрсаткичлари бор-йўқлиги бўлади. «Мен унда руҳий муаммолар ва аллергия борлигини билардим, лекин улар ҳеч нарса йўқ дейишди», – дейди Анастасия.
Ўғли фронтга юборилиши аниқ бўлгач, ота-она Анастасияга тиббий гувоҳномани беришга рози бўлади. Маълум бўлишича, у уларинг уйида бўлган. Улар, шунингдек, шифохонадан қўшимча тасдиқнома олишга ваъда беради.
«Унинг онаси мени эшитиши керак бўлгани ва аҳмоқлик қилганини тан олди», – дейди Анастасия.
Даниилнинг ота-онаси АГC учун керакли тиббий ҳужжатларни йиғиб, уни ўғлига жўнатишга ваъда беради. Анастасия эса эрининг ноқонуний равишда ҳарбий хизматга чақирилиши устидан шикоят тайёрлай бошлайди. 30 октябрда у тиббий маълумотномани олиш учун қайнотасиникига йўлга чиқади. Бироқ буларнинг ҳеч қайси керак бўлмайди: унга эри қўнғироқ қилиб, таксида уйга қайтаётганини айтади. Бу вақтга келиб, барча ҳудудлардаги ҳокимиятлар сафарбарлик билан боғлиқ жанжалларни бартараф этишга ҳаракат қилаётганди.
Даниилга уни қўйиб юбориш сабабини айтишмайди. Ўша куни у хотини билан келишилгандек ҳаракат қилади: машғулотлардан бош тортиб, казармада қолади. Бир киши унинг ёнига келиб, ўзини «губернатор вакилиман» деб таништиради ва «Бўпти, нарсаларингни топшириб, ҳужжатларингни олиб уйингга кетавер, сен бу ерда керак эмассан», деб айтади. Кейинчалик маълум бўлишича, губернатор текширув ўтказишни ва ноқонуний чақирилганларнинг барчасини уйига қайтаришни буюрган. Даниил билан бирга яна саккиз киши қўйиб юборилади.
Айнан нимани ноқонуний деб тан олишганини ҳам Даниилга айтишмайди. Анастасиянинг ўйлашича бунда кўп нарса роль ўйнаган, хусусан, губернаторга ёзилган хат, ҳарбий қисм командирига берилган рапорт. Эндиликда Даниил қайтиб келгани ҳақида ҳарбий комиссариатни хабардор қилиб, рўйхатдан ўтиши лозим. Ҳуқуқ ҳимоячилари унга комиссариатга хотини билан боришни маслаҳат берган, Даниил Анастасия номига ишончнома беради ва сафарбар қилингани ҳамда ортга қайтарилгани ҳақида маълумотномалар нусхаларини олиб қайтади.
Анастасия тиббий ташхисларини тасдиқлаш учун эрини яқин орада касалхонага олиб бормоқчи. Даниилнинг ота-онаси ўғлининг қайтганидан беҳад хурсанд бўлган. Даниилнинг онаси Анастасияга «сенга медал бериш керак болам» дея мамнуният билдирган.
BBC Даниилнинг ота-онаси билан боғлана олмаган.
«Қисман сафарбарлик»нинг биринчи куниданоқ ҳарбий хизматга чақирув идоралари қонунларни бузган ҳамда жанговар тажрибаси бўлмаган, касалликлар билан оғриган эркакларни ҳам ҳарбий хизматга чақира бошлаган. Шундан сўнг, расмийлар сафарбарлик ортидан пайдо бўлаётган норозиликларни бартараф этишга ҳаракат қила бошлайди.
Ҳудудларда текширувлар бошланади, сафарбар этилганларнинг бир қисми ҳарбий хизматга чақирувдан озод этилади, шу жумладан, АГC бўйича ариза топширганлар ҳам.
3 октябр куни «Виждон учун воз кечиш ҳаракати» ҳарбий комиссариатлардан бирининг биринчи марта пацифистни сафарбарликдан озод қилгани ва «агар давлатга бундай мутахассислар керак бўлса» уни АГC бўйича чақиришини айтганини маълум қилди.
Сафарбар қилинганлардан қанчаси уйига қайтгани ҳозирча номаълум.
Мавзуга оид
12:30 / 04.11.2024
Рада сафарбарлик тезлиги секинлашиши билан боғлиқ муаммо ҳақида маълум қилди
22:40 / 11.10.2024
Россия армиясидан Қозоғистонга қочган 6 нафар дезертир Европа визасини олди
23:40 / 27.09.2024
Украина Қуролли Кучлари фронтга келган янги аскарларнинг ярмидан айрилмоқда
19:45 / 16.09.2024