Жаҳон | 08:41 / 14.10.2022
10149
2 дақиқада ўқилади

Тихановская: Европа иттифоқи Беларуснинг ўтиш даври кабинетини тан олиши керак

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Европа иттифоқини Лукашенкога босимни кучайтиришга ва Қўшма ўтиш даври кабинетини Беларус халқи вакили сифатида тан олишга чақирди.

Фото: Reuters

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Европа иттифоқидан Александр Лукашенкога босимни кучайтиришни ва Бирлашган ўтиш даври мухолифати кабинетини (БЎМК) Беларус халқи вакили сифатида тўлиқ тан олишни сўради. Тихановская 13 октябр, пайшанба куни Европарламент ташқи ишлар қўмитаси йиғилишида шундай чақириқ билан чиқди.

Тихановская Украинада давом этаётган уруш фонида Беларус инқирози европалик сиёсатчилар учун унчалик муҳим бўлмаслигидан хавотирда. Бироқ Беларус минтақадаги можаро тарафларидан бири, дейди у. «Эркин Беларус Путин террорига қарши энг кучли санкция бўлади. Эркин Украина учун эса энг яхши таянч Россия мустамлакаси бўлмаган эркин Беларус билан минг километрлик чегара бўлади. Ишончим комилки, Европада тинчликка эришиш йўли Беларусдаги эркинлик орқали ётади. Ишончим комилки, Европада тинчликка эришиш йўли Украинадаги ғалабадан ўтади», - дея таъкидлади мухолифатчи.

Тихановская ўз нутқида, шунингдек, Александр Лукашенко «инсон ҳуқуқларининг даҳшатли бузилиши бўйича узоқ йиллик тажрибага эга бўлган ҳарбий жиноятчи» эканлигини айтди. У билан мулоқот қилишнинг деярли фойдаси йўқ, деди сиёсатчи. У Беларусга демократик ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бериш учун мухолифат кучлари билан ҳамкорлик қилишни таклиф этди. «Биз Шарқий шериклик ва бошқа дастурлар доирасида ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз. Биз Европа кенгаши билан бундай ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Энди тарихда биринчи марта Европа кенгаши расмий ҳукумат билан эмас, демократик ҳаракатимиз билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Европа парламентини ҳам шундай қилишга чақирамиз», дея Тихановскаянинг сўзларини келтирган БЎМК телеграм-канали.

Мавзуга оид