Жаҳон | 14:27 / 14.10.2022
58807
16 дақиқада ўқилади

Ёппасига Қозоғистонга қочаётган россияликлар. Улар даштларда тунаб, машиналарда яшамоқда

Сафарбарликдан қочаётганлар урушга бормаслик учун сўнгги пулларини сарфлашга тайёр.

Қозоғистон Россияда сафарбарлик эълон қилингач бошланган янги эмиграция тўлқинининг асосий йўналишига айланди. Мамлакат ички ишлар вазирлигига кўра, бир ойдан камроқ вақт ичида Қозоғистонга 200 мингга яқин россиялик кириб келган. Улардан қанчаси Қозоғистонда қолиши, қанчаси бошқа давлатга йўл олиши ва яна қанчаси турли сабабларга кўра Россия Федерациясига қайтиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин. Аммо Қозоғистон кўплаб руслар ўз ҳаётини имкон қадар тезроқ ва олдиндан ўйланган режасиз қайта тиклаши керак бўлган жойга айланиб бўлди. «Медуза» нашри Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган ва ҳозирда шу давлатда бўлиб турган россияликлар билан суҳбатлашди.

Влад Хабаровск ўлкасидан. У сафарбарлик эълон қилинга, Олмаотага келган
Офелия Жакаева / «Медузa»

***

Мен Белгород шаҳрида яшар эдим. У ерга доимо ракеталар келиб тушади, дронлар учиб келади, портлашлар юз беради. Биз кетишга қарор қилдик, аммо молиявий аҳволимиз яхши эмасди, шу сабаб маблағни тежаш мақсадида қолдик. Мен учинчи гуруҳ ногирониман ва ҳарбий хизматга яроқсизман. Аммо одамлар баъзи нохуш нарсалар ҳақида гапира бошлади. Айтишларича, ҳарбий комиссариатдагилар кечқурун келишади ва ҳеч нимани эшитмасдан олиб кетиб, қаергадир юборишади. Ҳатто сиз хизматга яроқсиз бўлсангиз ҳам буни ўша ерда тушунтиришингиз керак бўлади. Натижада мен ва хотиним ҳеч қандай тежамкорликсиз кетишга қарор қилдик. Аёлим ҳозир ҳам қаттиқроқ овозлардан сесканиб тушади.

***

Мен Қозоғистонга Омск-Остона поездида келдим. Чегара постида поездга чегарачи кирди. Юрагим қаттиқ ура бошлади, лекин хотиржамликни сақлашга ҳаракат қилдим. Бир чегарачи менинг ҳужжатларимни текшираётганда қўшни ўриндиқдаги кишига «Нарсаларингизни йиғиштиринг, сизга Россия Федерациясини тарк этиш тақиқланган» дейишди. Мен унга бу хабарни деярли дарҳол, ҳеч қандай саволларсиз айтишганини кўрдим ва хотиржам бўлдим. Чунки улар менинг ҳужжатларимни бир неча дақиқадан бери текшираётганди, демак мен рўйхатда эмасман.

Албатта, сизни эмас, бошқа бировни олиб кетаётганларидан хурсанд бўлиш даҳшатли туйғу. Бу вагондаги ҳамма ўзи учун қайғурарди. Барча ўша йигитни индамай кузатди.

***

Онам ўғлини йўқотишни истамаслиги ва мен кетишим кераклигини айтди. Мен танишларим билан бирга йўлга чиқдим. Биз Волгородда машина топдик ва Қозоғистон билан чегарадаги Вишневка назорат-ўтказиш пункти олдида тизилган автомобиллар навбати охиригача етиб келдик. Кейин минглаб инсонлар навбатда турган пиёдалар навбати охирига бориш учун яна уч километр пиёда юрдик.

Қозоғистон билан чегарадаги Вишневка назорат-ўтказиш пунктида ухлаётган йигит
Материал қаҳрамони архивидан
Россияликлар Вишневка назорат-ўтказиш пунктидаги буфер зонада навбат кутмоқда
Материал қаҳрамони архивидан
Сирим — Маштаково чегара пунктида фуралар навбати
Бауржан Сабит / «Медуза»

Навбатда турган одамлар йўл четида палаткалар лагерини қуришди, ҳаммаси худди hippi-фестивалига ўхшарди. Менда палатка йўқ эди, бироқ яхши одамлар уларнинг палаткасида исиниб олишимга рухсат берди. Кечқурун ҳаво ҳарорати +5 даражагача пасайди. Яхшиямки, ўша куни шамол ҳам, ёмғир ҳам бўлмади.

***

Чегарада анча тартибли бўлдик, йигитлар самарали навбат тузди. Чегарачилар бештадан одамни ўтказаётганди, шу сабаб навбатдагилар бешта-бешта бўлиб турди. Ҳар бир бешталикда ўз рақами бор эди ва Телеграм гуруҳда ҳар доим кейинги бешталик қайси рақам экани ҳақида маълумот бериб турилди. Навбатда турганлар орасидан кўнгиллилар танланди: улардан бири назорат-ўтказиш пункти олдида туриб, фақат рўйхатдан ўтганлар ўтиши, ҳеч ким навбатни бузмаслиги учун паспортларни текширди.

Ўз навбатингиз тахминан қанчадан кейин келишини ҳисоблаш мумкин эди. Бир-биримиз билан алмашиб, икки-уч соат ухлашга муваффақ бўлдим. Назорат пунктига ўн икки соатдан кейин етиб бордим.

***

Сафарга тайёргарлик кўрмагандим, менда фақат пальто ва жемпер бор эди. Совуқдан музлаб қолмаслик учун тинмасдан юриб, ҳаракат қилиб турдим. Ўзлари билан газ горелкаларини олиб чиққан йигитлар жуда катта ёрдам берди. Мен олов ёнида ўтирдим ва қайнатилган қаҳва ичиб, бироз исиндим. Кечқурун жуда қоронғи бўлди, одамлар телефон чироқларидан фойдаланди.

Россияликлар Вишневка назорат-ўтказиш пунктида.
Материал қаҳрамони архивидан
Қозоғистон, машина ойнасидан кўриниш.
Офелия Жакаева / «Медузa»
Ульяновскдан бўлган Михаил. У чегарада бир ярим кун ўтказган.
Бауржан Сабит / «Медуза»

Тунги соат иккида нейтрал зонага ўтдим. Бу ерда одамлар кўп эди, машиналар тирбандлиги ҳам пайдо бўлганди. Россия чегарачилари қозоқ чегарачиларига қараганда бизни тез ўтказиб юборганди. Бу кичик нейтрал ҳудудда одамлар тўплана бошлади. Бутун тун давомида қозоқ чегарачилари бор-йўғи ўн кишини чегарадан ўтказди – натижада назорат-ўтказиш пункти олдида катта оломон тўпланди

***

Одамлар майса устида ўтирди, ётди, исиниш учун қандай кийимлари бўлса ҳаммасини кийди. Иссиқ сув йўқ эди. Газ горелкасининг гази қолмаган ва иссиқ сув захираси Россия назорат-ўтказиш пунктида тугаб бўлганди. Бундай тирбандлик яна қанча давом этишини ҳеч ким билмасди.

Мен қуриган майса устида битта пальтода ухладим. Беш соат мизғиб олишга муваффақ бўлдим. Қаҳратон совуқдан уйғониб кетдим ҳамда тушундимки, менинг ҳароратим юқори ва касал бўлганман.

***

Баъзилар бир жойга тўпланиб ухладилар. Мен ҳам одамлар гуруҳининг ёнида тунадим. 14 соат нейтрал зонада бўлдим ва жами 26 соатда Қозоғистон чегарасини кесиб ўтдим.

Ота ўғли билан чегарадан ўтмоқда. Сирим — Маштаково назорат-ўтказиш пункти
Бауржан Сабит / «Медуза»
Сирим — Маштаково назорат-ўтказиш пункти ҳудудидаги дашт
Бауржан Сабит / «Медуза»

***

Чегарадан ўтгач бўм-бўш, фақатгина ташландиқ йўл бор кенг даштни кўрдик. Бизни валюта алмаштирувчилар кутиб олди ва расмий курсдан пастроқ нархга рублни тенгега алмаштиришни таклиф қилди. Одамлар бир рублга саккиз тенге берилувчи расмий курс ўрнига, улардан беш-олти тенге эвазига валюталарини айрибошлади.

***

Қозоғистонга ўтганларни таксичилар кутиб оларди. Улар асосан чегарага яқин қишлоқлардан келган одамлар эди. «ГАИ» ходимлари улар билан тил бириктириб, доимий равишда ҳаммани ушбу машиналарга ўтиришга ва пиёда бир соатда етиб бориш мумкин бўлган жойга қиммат нархда машинада кетишга даъват қилиб турди.

***

Бош кўтариш ҳолатлари ҳам бўлди. Йигитлар билан машинага чиқмасдан, пиёда энг яқин аҳоли пункти, Жонибек қишлоғигача бордик. Маҳаллий аҳоли бизга яқинлашиб: «Ё пул берасиз, ё ўтмайсиз», дея таҳдид қилди. Пул беришга тўғри келди. Бир неча шундай ҳолатлардан кейин полицияга қўнғироқ қилдик.

Россиядан Олмаотага келган йигит
Офелия Жакаева / «Медузa»

Йигитлар билан Жонибекдаги «Сим-Сим» кафесига кирдик. Бу ерда маҳаллий бомбиллар (таксист) тўпланганди. Кафе эгаси маҳаллий бомбиллар билан бирга бегона таксилар йўловчи олишига йўл қўймади.

Уралсккача бир киши учун 6 минг (бир миллион сўм), Атираугача эса 7 минг (бир миллион икки юз минг сўм) рубль нарх тўлаш керак эди.

Чегарани мендан бир неча соат кейин кесиб ўтган йигитлар, машина нархлари кейинроқ бир киши учун 15 минг рублгача (икки миллион олти юз минг сўм) кўтарилганини айтди.

Уральскдаги «Атамекен» болалар лагери қўриқчиси ётоқхона учун талонларни текширмоқда. «Атамекен» лагери 100 ўрин учун мўлжалланган. Ходимларнинг сўзларига кўра, жойлар очилиши биланоқ барчаси банд бўлган. 
Бауржан Сабит / «Медуза»
Уральск шаҳри атрофидаги «Газель». Унда рязанлик Роман яшамоқда.
Бауржан Сабит / «Медуза»

Атираудаги барча ҳостеллар Россиядан келганлар томонидан банд қилиб бўлинган экан. Биз улардан бирининг эгасидан арзимаган пул эвазига душга киришга рухсат олдик. У ердан олдинроқ сотиб олган чипталаримиз билан поездда Олмаотага жўнадик. Кейинроқ чипта ҳам қолмади, менинг дўстим беш кун Атирауда қолиб кетди.

***

Олмаотада биринчи марта ертўлада жойлашган ҳостелда яшадим. Бир-икки кишидан ташқари барча Россиядан келган йигитлар эди. Бу ерда мен биринчи марта дўстларим ёрдамидан фойдаландим: улардан очликдан ўлиб қолмаслик учун пул бериб туришларини сўрадим. Ҳозир яна бир қанча дўстларим келди ва мен улар билан бирга яшаяпман.

Глеб сафарбарлик эълон қилингач, Москвадан Олмаотага келган.
Офелия Жакаева / «Медузa»
Эломан (кўнгилли) Олмаота вокзалида россияликни кутиб олмоқда: «Мен чегарада одамлар қандай навбатда тургани, кимдир ёмғир остида қолгани ҳақидаги янгиликларни ўқидим. Одамлар ёрдам сўраётган чатларни кузатдим. Келаётганлар билан гаплашиб, уларнинг юзларида қўрқув кўрдим. Шундан кейин уларга ёрдам беришга тайёр бўлган одамларни йиға бошладим — ҳозир бизда 30 га яқин кўнгиллилар бор. Баъзида ўз пулларимизга ҳостелларни банд қиляпмиз, лагерларга боряпмиз, пул йиғишни ташкиллаштиряпмиз. Биз тахминан 200 киши жойлашишига ёрдам кўрсатдик. Озиқ-овқат сотиб оляпмиз, вокзалларда одамларни кутиб оляпмиз»
Офелия Жакаева / «Медузa»
Мария (кўнгилли, «Релокация в Казахстан» чати администратори): «Чат уюшган ҳолда ташкил этилган. Бефарқ бўлмаган одамлар ушбу чатга киришади. Агар келувчилар бошпанасиз қолгани ҳақида ёзса, олмаоталиклардан бири уни қабул қилади. Кимнидир шунчаки овқатлантириш керак бўлади. Бугун бир аёл квартира топган йигитлардан бирига стол ва стул берди. Биз маслаҳатлашамиз, турар жой топишга ёрдамлашамиз, вазиятни назорат қиламиз, иссиқ кийимлар топамиз, виза ва паспортлар бўйича маълумотлар берамиз ва одамлар дарди ариши пайида бўламиз»
Офелия Жакаева / «Медузa»
Олмаотадаги аҳолига хизмат кўрсатиш маркази биноси олдида навбатда турган россияликлар
Офелия Жакаева / «Медузa»
Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази биносида навбатда турган россиялик
Офелия Жакаева / «Медузa»
Олмаотада аҳолига хизмат кўрсатиш марказидаги навбат
Офелия Жакаева / «Медузa»

Квартира ижарага олиш қийин, чунки талаб ошиши фонида нархлар ҳам кўтарилган. Шаҳар чеккасидаги бир хонали квартиралар нархи 200-300 минг тенгедан (4,5-7 миллион сўм) бошланади. Ваҳоланки, россиялик қочқинлар келишидан олдин шаҳар марказидаги яхши таъмирланган квартирани 180 минг тенгега (4 миллион сўм) ижарага олиш мумкин бўлган. Айримлар ҳозир марказда жойлашган квартираларни бир миллион тенгега (23 миллион сўм) ижарага олмоқда. Бу маҳаллий аҳоли учун ажойиб сумма.

***

Ҳостелда биз бир хонада тўрт киши эдик, ҳамма сафарбарликдан қочиб келганлар эди.

Тимофей Екатеринбургдан. Сафарбарлик эълон қилингач, мамлакатни тарк этган, ҳозирда Олмаотадаги ҳостелда яшамоқда.
Офелия Жакаева / «Медузa»
Олмаотадаги ҳостел
Офелия Жакаева / «Медузa»
Ҳостелга жойлашган россияликнинг шахсий буюмлари
Офелия Жакаева / «Медузa»

***

Менинг оилам 18 соатдан бери рулда бўлган йигитга уйдан жой берди. Уни квартира бўйича алдашибди, бу одамни шунчаки ташлаб кетиб бўлмасди. У умидсизликка тушган, чарчаган ва оч эди. Йигит бизникида бир ҳафта яшади, кейин у билан бирга унга доимий квартира қидирдик. Уйлар шароити улар учун сўралаётган нархга мос келмасди. Кейин уйидаги таъмирлаш ишлари тугагунча йигит шу ерда яшаши ва таъмирлашни кузатиши учун уни икки ойга бепул ижарага қўйишга рози бўлган яхши инсон топилди.

***

Муаммо, бир ҳаёт тугагани ва бутунлай бошқа ҳаёт бошланганини қабул қилиш қийинлиги билан боғлиқ бўлди.

Олмаотадаги россиялик
Офелия Жакаева / «Медузa»
Олмаота вокзали
Офелия Жакаева / «Медузa»
Белгородлик Вадим Олмаотадаги Аҳолига хизмат кўрсатиш марказида
Офелия Жакаева / «Медузa»

***

Нотаниш инсонлар умумий муаммо фонида бирлашди.

Мен бу ерга март ойида келган танишимнинг жавобини кутаётгандим, лекин менда маҳаллий сим-карта йўқ эди. Кўчадан wi-fi алоқасини топдим. Кейин нотаниш россиялик қочоқлардан чекиш учун сигарет сўрадим. Шунда улар мени ўраб олди ва мендан «ёрдам керакмасми?», «пулга муҳтожлигинг йўқми?» дея сўрай бошлашди. Улар буни деярли ўн марта сўради.

***

Қочқинлар бир-бири билан мулоқотда бўлиб турди. Биз Қозоғистонга қочиб келган бир IT’чи йигит билан танишдик. У телеграм гуруҳда барча рақамли соҳада ишлайдиганлар кўришишга чақирди. Биз кафеда ўтирдик, маълумот ва ҳиссиётларимизни алмашдик.

***

Қозоғистонга кўпроқ оддий одамлар келяпти. Бу ўзларининг қандайдир инсоний ҳаёт тарзини сақлаб қолмоқчи бўлаётган одамларнинг эмиграция тўлқинидир. Фаоллар асосан Грузия ва Болтиқбўйи мамлакатларига жўнаб кетди.

Уральскдаги Cinema Park кинотеатри россияликлар тунашига жой бермоқда
Бауржан Сабит / «Медуза»
Cinema Park кинотеатридаги россиялик кинозалга киришда ухламоқда, чунки ичкарида жой қолмаган
Бауржан Сабит / «Медуза»
Уральск
Бауржан Сабит / «Медуза»

***

Мен русларга нисбатан ҳеч қандай салбий хатти-ҳаракатни деярли учратмадим. Фақат бир марта бу юз берди. Кўплаб россияликлар шахсий идентификация рақами учун навбатда турган Давлат хизматлари марказида озиқ-овқат етказиб берувчиси баланд овозида «шимоллик европоидлар жуда кўп келган, ДХМга киришнинг иложи йўқ» дея шикоят қилди. Умуман олганда, маҳаллий одамлар бизга дўстона муносабатда.

***

Биз транспорт картасини сотиб олишга ҳаракат қилдик, биз адашиб қолган одамларга ўхшардик. Маҳаллий қозоқ йигити келиб: «Россияданмисиз? Балки овқатланарсизлар?» деб сўради.

Биз транспорт картасини қаердан сотиб олиш мумкинлигини сўраган бошқа бир аёл эса, шунчаки ўзиникини чўнтагидан олиб, бизга бериб юборди.

***

Эҳтимол, бу маҳаллий маданиятдир. Биз шаҳар автобусига чиқдик, сумкаларимизни ечиб, қўлимизга олдик. Ёнимиздаги ўриндиқда ўтирганлар бизга қулайроқ бўлиши учун сумкаларимизни олиб, тиззаларига қўйишди. Мен бунақасини Россияда кўрмаганман.

***

Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларига боришни хоҳламайман. Билишимча, фақат Олмаота русларга шундай дўстона муносабатда. Бу ер хавфсиз ва бу ерда Россиядаги турмуш тарзини қайта тиклаш мумкин.

Олмаота
Офелия Жакаева / «Медуза»
Олмаота
Офелия Жакаева / «Медуза»

Олмаоталик такси ҳайдовчиси биз Украинага одамларни ўлдиришга бормай қочганимиздан жуда хурсанд эканлигини айтди.

***

Автобусда юраётган маҳаллий аҳолининг гапларини эшитиб қолдим, улар уруш ҳақида гапираётганди. Улар Россияни босқинчи деди ва Украина ўзини ҳимоя қилаётганини айтди. Бу ерда ниҳоят бу ҳақда бемалол айтиш мумкин эди, менинг кичик рус шаҳарчамда эса бу ҳақда гапиришса одамлар бир-бири билан жанжаллашиб кетар эди.

***

Маънавий жиҳатдан қийин. Ҳали янги ҳаёт қуриш керак. Аммо биз қочганимиздан барибир хурсандмиз. Биз урушни қўллаб-қувватламаймиз ва менинг шаҳримда урушга қарши бирор нарса дейишнинг иложи йўқ, чунки атроф тўла «пахтакорлар». Ҳозирча қайтишни режалаштирганимиз йўқ.

Мавзуга оид