Жамият | 14:44 / 16.10.2022
73013
9 дақиқада ўқилади

Интернетни портлатган «каратист келин» – Литтос билан эксклюзив интервю

Литтос номи билан трюклар бажарадиган акробат келин — Асал Сапарбаева ижтимоий тармоқ кузатувчиларини ҳайратга солмоқда. Унинг айрим видеолари 150 миллион мартагача кўрилади. Ўзбек келини образини ўз қобилияти билан бошқа давлатларга ҳам танитишдан фахрланадиган тажрибали спортчи барча фейк ёки монтаж деб ўйлайдиган трюкларни қандай қила олиши, блогерлик фаолияти ва ҳаёти ҳақида Kun.uz’га гапириб берди.

Асал Сапарбаевани кўпчилик интернетда Литтос (Instagram: @_littos) сифатида танийди. 7-8 йил давомида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бўлган. Спортчи Оксана Чусовитина унга ўхшаган спортчиларни бир жамоага йиғиб, жамоани ҳар хил шаҳарларга мусобақаларга олиб борган.

Асал бир неча карра Ўзбекистон чемпиони, Ўрта Осиё ва Жанубий Осиё чемпиони бўлган. Осиё ўйинларининг бронза медали соҳибаси. Бутун Жаҳон кубогининг бронза медалини қўлга киритган. 

«Спорт билан шуғулланиб, ҳаётим изга тушган»

2014 йилда профессионал спорт билан шуғулланишни тўхтатдим. Ҳозир кўпроқ блогер, каскадёр ва актрисаман. Фақат формада бўлиб туриш ва бошқаларни трюкларим билан ҳайратлантириш учун спорт билан шуғулланаман.

Ёшим 28да. 16 йил давомида профессионал спорт гимнастикаси билан шуғулланганман. Спортга мени 5 ёшлигимда бувим олиб кирганлар, чунки уйда доим югурардим, сакрардим…

Фото: Асал Сапарбаеванинг шахсий албомидан

Бир марта онам уйғониб қарасалар, бошимни ерга қўйиб, оёғимни осмонга чўзиб ухлаётган бўлганман. Ўшанда онам қўрқиб кетиб, психик жиҳатдан соғлиғим яхши эмас деб ўйлаганлар, опам ва бувимни чақирганлар. Бувим менга қараб спортга бериш кераклигини тушунган. Шундан кейин спортга қатнай бошладим ва ҳаммаси яхши бўлди. Ҳамма касалликларим тузалиб кетди. Уйқум ҳам нормаллашди. 

Катта спортдан кетиш ва блогерлик

Айнан блогерлик фаолиятимни карантинда – ҳамма уйда ўтирганда бошладим. Катта спортдан кетганимдан кейин саҳнада намойишлар қўядиган артист бўлганман. Карантингача жамоам билан Хитойда оловли ҳалқа билан бажариладиган трюклар намойиш қилардик. Карантин бошланиши билан Ўзбекистонга келдик, бу ерда ишлашни бошладик.

Турмуш ўртоғим Ярослав ҳам оператор, ҳам монтажёр, у ёшлигидан видео билан ишлайди. Бу унинг ҳоббиси, мен эса кўпроқ спортчи ва актрисаман.

Асал турмуш ўртоғи билан.
Фото: Ярославнинг шахсий албомидан

Шундай қилиб биз бирга уйда видеолар олишни бошладик. Уларни TikTok, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойлаштирардик. Ўшанда тушундикки, бизнинг видеоларимиз катта аудиторияни қамраб оляпти. Шундай қилиб, блогерлик фаолиятимни юритадиган Литтос блогим пайдо бўлди.

Айнан нега Литтос дейдиган бўлсангиз, бу сўзнинг маъноси Life in the times of sport, яъни Спорт вақтидаги ҳаёт дегани. 

«Келин образи миллионларни жалб қила олди»

Келин образи бизга бир ўзбек мусиқий гуруҳи мурожаат қилиб ўзбекча қўшиққа видео ишлаб беришни таклиф қилгач пайдо бўлди. Улар ўша видео 1 миллион марта кўрилиши керак деган шарт қўйди. Ўша вақтда бизда бунақа катта аудиторияни қамраб олган видео ҳали бўлмаган эди.

Турмуш ўртоғим билан узоқ ўйладик ва келин образи қизиқ бўлади деб ўйладик. Карантин эди, дўкон ва бозорлар ишламас эди. Ҳеч қаердан ўзбек келини образини яратадиган кийимларни топа олмадик. Яқинларимиз ва дўстларимиздан ёрдам сўрадик, бир дугонам менга сандиғидан жуда эски келинчак кўйлагини олиб берди. «Сал эски, баъзи жойлари йиртилган, тикиб тўғрилаб видеонгни олавер» деди у.

Видеомиз турникда олинди, шунчаки кўча супураётиб ҳам трюклар қилдим. Ўша куниёқ видео тармоқларга жойлаштирилди ва эффекти бомба бўлди. Бир неча кун ичида 1 миллион кўришларга эришдик.

Ҳозир эса бир миллион эмас, баъзи видеоларимиз 150 миллионгача кўрилади, миллионлаб лайк йиғади. Биз ўшанда тушундикки, бу образ бизнинг менталитетимиз ва маданиятимизга жуда мос тушди. 

«Трюкларимни монтаж деб ўйлашади»

Кўпчилик менга комментларда ва дайректда видеолардаги трюкларимни монтаж ёки компютер графикаси деб ўйлашганини ёзади. Лекин бундай эмас. Чунки аввал айтганимдек, мен бу билан 22 йилдан бери шуғулланаман.

Баъзида биз видеони 5 дақиқа ичида олишимиз ва монтажга ҳам 10 дақиқача сарфлашимиз мумкин. Баъзида эса трюк қилишга 2 кундан 5-6 кунгача тайёргарлик қиламиз. Ҳаммаси унинг қийинлигига боғлиқ. 

«3 тонналик машинани торта олдим»

Яқинда машина тортгандим, тўғрисини айтсам, шуни қила олишимга ишонмагандим, турмуш ўртоғим «cен қила оласан» деб айтди. «Нима деганингиз бу, мен жуда кичкина, машина эса катта, қўлимдан келмайди» дедим. У «кел, ҳаракат қилиб кўрамиз» деди ва биз майдонга келдик. Машинага қарадим ва у жуда катта эди, уни режимини нейтрал ҳолатга қўйдик ва Ярослав машинани бир қўл билан итаришни бошлади ва у бу нарсани уддалади. Кейин мен ҳаракат қилиб кўрдим: биласизми, жуда ҳайрон қолдим, чунки мен уддаладим.

Машина Тундра эди, тахминан оғирлиги 3 тонна бўлади. Энг қийини машинани ҳаракатга келтириш яъни жойидан силжитиш, кейин ўзи ҳаракатланиб кетади. Шунинг учун буни қилиш имкони бор. Катта паҳлавон эркаклар самолёт ва поездларни тортганини кўрганман ва бу фейк деб ўйлаганман, ўзим қилиб кўрганимдан кейин бунинг имкони борлигини тушундим. 

«Кўринишим 10 ёшга ёшроқ»

Кўпчилик мендан нега ёш кўринасиз, деб сўрайди. Ўзим 28 ёшман, лекин кўпчилик мен 16–18 ёшда деб ўйлайди. Ёш кўринишимнинг сири ҳам спорт билан шуғулланишим ва ҳам соғлом, актив ҳаёт тарзига амал қилишимдир.

Фото: Асал Сапарбаеванинг шахсий албомидан

Лекин спортда ҳам танганинг икки томони бор: травмалар ҳақида ҳам айтмоқчиман. 22 йил спорт билан шуғулланган бўлсам, ҳеч қаеримни синдирмаганман – битрота синган жойим йўқ, кўз тегмасин.

Қўл суякларимда дарз кетган жойлари бор, а йўқ узр адашибман, 3 ой олдин бармоғимни синдирганман ва буни ўзим билмай қолганман. Шифокор бармоғингни синдириб олгансан деб айтди, тўғрисини айтсам, буни сезмаганман. Мен оғриқ билан шуғулланишга ўрганиб қолганман. 

«Блогингда спортдан кўра кўпроқ пул топаман»

Албатта блогерлик фаолиятида спортдан кўпроқ пул топаман. Чунки ижтимоий тармоқлар — Instagram, TikTok’дан эмас, рекламадан пул топаман. Бизга реклама берувчилар буюртма беради, биз ўзимиз ғоя топиб, видеога олиб, монтаж қилиб тармоқларга жойлаштирамиз. Рекламани ўзимизга мослаштириб қиламиз. Кўпчилик шунинг учун бу реклама ролиги эканини ҳатто билмайди ҳам. 

Кўчада кўпчилик уни танийди

Олдин фақат келин образида бўлсам, одамлар кўчада танирди, ҳозир қанақа кийимда бўлсам ҳам – хоҳ спорт кийими ва хоҳ оддий кийимда, кўриб танишади ва келиб сиз каратист опа сиз-а дейишади.

Негадир мени каратист сифатида танишади. Менга яхши муносабатда бўлишади, «э, нима, кимсан» деб муомала қилишмайди. Лекин ҳамма ҳам адекват эмас, кўпинча турмуш ўртоғим билан юраман. Келиб, қўлимни ушлаб ёки тегина бошлайдиган одамлар ҳам бор. Бу мен учун нормал ҳолат эмас. 

«Ўз мактабимни очаман…»

Менга ўз мактабимни очиш борасида жуда кўп таклиф беришган. Аммо менга кимгадир ўргатишдан кўра, ўзим қилганим ёқади. Келажакда она бўламан ва спорт трюкларининг кўпини қила олмайман. Шунда мактаб очиш ниятим йўқ эмас.

Кўпчилик турмушга чиққанмисиз ёки йўқми деб сўрайди, мен турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғимни 8 йилдан бери танийман ва у билан оила қурганимизга 5 йил бўлди.

Энг катта орзум шуки, бугунги кундаги вазиятдан келиб чиқиб, бутун дунёда тинчлик бўлсин, ҳамма бир-бирини тушунсин, қўллаб-қувватласин. Ундан ташқари, ота-онам, яқинларим ва ҳамма-ҳамма ҳеч қачон касал бўлмасин. 

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид