Жаҳон | 19:11 / 17.10.2022
13871
5 дақиқада ўқилади

Москваликлар учун сафарбарлик якунланди. Юборилган чақирув қоғозлари энди ҳақиқий эмас

Москва мэри Сергей Собянин ҳудуд раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Украинага қарши урушда қатнашиш учун фуқароларни сафарбар қилиш тугаганини маълум қилди.

RUSSIAN DEFENCE MINISTRY PRESS SERVICE

Россия президенти Владимир Путин ўтган ҳафтада сафарбарлик тахминан икки ҳафта ичида якунланишини айтганди. 1 ноябрдан Россияда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг кузги чақируви бошланади.

Шаҳар раҳбарининг ҳарбий ёшдаги москваликларга айтган асосий янгилиги шундан иборатки, яшаш жойига ва корхоналарга юборилган чақирув қоғозлари энди ўз кучини йўқотади.

«Сафарбар қилинганларни йиғиш пунктлари 2022 йил 17 октябр куни соат 14:00 да ёпилади», деб ёзди Собянин ўз блогида.

Мулозим буни Мудофаа вазирлигининг Москвадаги сафарбарлик бўйича топшириғи «тўлиқ бажарилгани» билан изоҳлади. У москваликларнинг қанчаси сафарбар қилингани ҳақида аниқ маълумот бермади.

Аввалроқ Россиянинг камида қирқта ҳудуди раҳбари Мудофаа вазирлиги топшириғи тўлиқ бажарилгани ҳақида ҳисобот берган, бироқ у ерларда сафарбарлик тўхтамаган эди.

Рейдлардан кейин сафарбарликнинг бекор қилиниши

Москвада сафарбарлик областлардаги каби оммавий бўлмади, дейди кузатувчилар. Аммо сўнгги пайтларда расмийлар сафарбар этилганларни излашни кучайтирди.

Ўтган ҳафтада Москвада метро бекатлари яқинида, Санкт-Петербургда эса турар жой биноларида ҳарбий ёшдаги эркакларга нисбатан полиция «рейдлари» ўтказилди, улар ушланиб, ҳарбий комиссариатларга чақирув қоғозлари тутқазилди. Можародан кейин бу амалиёт ҳатто ҳукумат вакиллари томонидан ҳам танқид қилинди.

Путин 21 сентябр куни Россияда қисман сафарбарлик эълон қилганди. Чекланган характерга эга бўлишига қарамай, жанговар тажрибаси бўлмаган ва касалликларга чалинган кекса одамлар ҳам сафарбар қилинди. Путиннинг ўзи сафарбарликдаги хатоларини тан олди, лекин буни катта муаммо деб атамади.

Путиннинг сафарбарлик тўғрисидаги фармонида унинг қайси муддатларда амалга оширилиши кўрсатилмаган. Сафарбар қилиниши керак бўлганлар сони яширилди. Бироқ, мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 минг кишини чақириш режалари ҳақида гапирди (бу орада ОАВ 1 миллиондан ортиқ одам сафарбар этилиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларни илгари сурди).

14 октябр куни Путин сафарбарлик «тахминан икки ҳафта» ичида якунланиши мумкинлигини айтди. «300 мингдан 222 минг нафари аллақачон ҳарбий қисмларда тайёргарлик жараёнида, 33 минг нафари жанговар қисмларда, 16 минг нафари эса жанговар топшириқларни бажарувчи қисмларда», деди Россия президенти.

Путиннинг сўзлари ҳудудий раҳбарларнинг сафарбарликнинг иккинчи тўлқини эҳтимоли ҳақидаги хабарлари фонида янгради. Кремль губернаторларнинг бундай даъволарини рад этди ва Путиннинг ўзи ҳам «қўшимча ҳеч нарса режалаштирилмагани»ни айтди.

Биринчи ўлимдан кейин

Расмийлар фронтда биринчи сафарбар этилганларнинг ўлимини тан олганидан кейин Путин қўшимча сафарбарлик режалари йўқлигини эълон қилди. Сафарбар этилганларнинг ўлими ҳақида биринчи марта Челябинск областида расман хабар берилди. Собянин ва бошқа губернаторлар йўқотишлар ҳақида ҳали хабар бермади. Бироқ Украинада ҳалок бўлганлар орасида Москва ҳукуматининг 28 ёшли ходими ҳам борлиги маълум.

«Тирик ва соғ-саломат қайтишингизга умид ва дуо қиламиз. Ғалаба билан қайтишингизга», деб ёзди Собянин блогида.

Ўтган ҳафтада Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси вакили, коммунист Виктор Соболев Москва шаҳрига «арзимас миқдорда» режа қўйилганига қарамай, сафарбарлик топшириғи атиги 50 фоизга бажарилгани ҳақидаги баёноти ижтимоий тармоқларда можаро келтириб чиқарган эди.

«Мана москваликлар қанчалик чириган бўлиб чиқди», деди Соболев «Подъём» нашрига.

Қўмита раиси, аввал мудофаа вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Андрей Картаполов бу маълумотларни тасдиқламади ва Соболевни популизмда айблади.

21 сентябрдан кейин кўплаб москваликлар ва Россиянинг бошқа минтақалари аҳолиси сафарбарликдан қочиш ва Украинадаги урушга бормаслик учун чет элга жўнаб кетишди. Юз минглаб эркаклар мамлакатни тарк этишди.

1 ноябрдан Путиннинг фармонига кўра, Россияда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганларни армияга чақириш ишлари бошланиши керак. Ҳарбий комиссариатлар сафарбарликни йиғиштириб, шу ишга эътибор қаратиши лозим бўлади.

«Биз қисман сафарбарлик билан боғлиқ тадбирларни якунлаяпмиз. Бугун [17 октябр] соат 14:00 дан бошлаб сафарбарлик қоғозларига кўра ҳарбий қўмитага бориш талаб қилинмайди. Яқин кунларда қўшимча пунктлар ҳам ёпилади», - деди шаҳар ҳарбий комиссари Максим Локтев «Москва» ахборот агентлигига.

Мавзуга оид