Ўзбекчани ўрганишга ўзга миллатларда рағбат йўқми ёки ўргатишга бизда хоҳиш?
«Сўнгги вақтларда ўзбекчани ўрганаман деб келаётган рус ва украинлар кўпайган, лекин биз айтарли манба кўрсатолмаяпмиз», дейди биз суҳбатлашган ўзбек тили ўқитувчиларидан бири. Чиндан ҳам, ўзбек тилини ўрганаман, деганларга етарли шароит ва манбалар борми?
Тилнинг ёйилиши, уни ўрганишга бўлган эҳтиёж унинг тарғиботи билан боғлиқ. Тарғибот учун аввало ўша тилни ўргатадиган манбалар, қўлланма ва китоблар, видеоматериаллар ҳам етарлича бўлиши керак. Ўзбек тили 1989 йилдан бери давлат тили экани, Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат вакиллари яшаши инобатга олинса, ўзбек тилини ўргатадиган мукаммал қўлланмалар тузишнинг вақти келиб, ўтиб ҳам кетган. Бу — Ўзбекистонда яшайдиган турли миллат вакилларининг тилини ўрганишга бўлаётган рағбати йўқолишига сабаблардан бири бўляпти.
«Президент олдига кираман. Рус тилида гапиргим келмаяпти»
Wesminster университети, Erudite хусусий мактаби, Тошкент халқаро мактабида 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида инглиз тилидан дарс берган Саида Рашидова 2 йилдан буён ўзбек тилини бошқа миллат вакилларига ўргатади. Саиданинг Facebook’да Ўзбекистонда яшайдиган хoрижликлардан иборат гуруҳи бор. Ўзбек тилини ўргатишга шу гуруҳ туртки бўлганини айтади.
«Пандемия даврида, эҳтиёт чоралари ҳақида эълонлар ва хабарлар кўпайган эди. Лекин Тошкентда яшаётган чет элликлар ўзбек тилини билмагани учун расмий маълумотлардан хабардор бўлишда қийналишди. Чунки ўша пайтда инглиз тилида маҳаллий хабарлар кам эди. Ўшанда Facebook’да Ўзбекистонда яшайдиган хорижликларни янгиликлардан хабардор қилиб турардим. Шу туртки бўлиб, ўзбек тилини хорижликларга, асосан инглиз тилида гаплашувчиларга ўргатиш фикри пайдо бўлди. Пулли курслар ташкил қила бошладим», — дейди у.
Саида Рашидова ўзбек тилини рус, инглиз ва яна бошқа турли миллат одамларига ўргатади. Унинг айтишича, охирги вақтларда ўзбек тилини ўрганишни хоҳлайдиганлар сони ортган, айниқса ўзбекистонлик рус, кўчиб келган рус ва руслашиб кетган ўзбек ўқувчилари тобора кўпайяпти.
«Ҳар кун юқори лавозимда ишлайдиганлар телефон қилиб, ўзбек тилини ўргатишимни сўрашади. «Президент олдига кираман, рус тилида гапиргим келмаяпти, лекин ўзбек тилим яхши эмас», дейишади. Ёки ота-оналарнинг кўпи боласининг ўзбек тилини ўрганишини хоҳлайди. Олдин ўзини Ўзбекистондан эканини айтишга уяладиганлар ҳам ўзбекистонлик эканлигидан фахрланадиган бўлишяпти», — дейди у.
Нафақат рус ва украинлар, Афғонистонда ўтган йиллар ичидаги нотинчликлар сабаб Ўзбекистонга ҳам бир гуруҳ афғонлар кўчиб келишганди. Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш институтида ўзбек тилини 4 йилдан буён хорижликларга ўргатиб келаётган Гулрухсор Эргашева охирги йилларда ўқувчилари орасида афғон ва туркларининг кўпайганини айтди.
«Бу марказда 2019 йилдан бошлаб тил ўргатишни бошлаганмиз. Ўзбек тилини асосан рус, турк, афғонлар ўрганади. Уларнинг асосий мақсади одатда таълим, бизнес, иш бўлади», — дейди у.
Афғонларга 5 йилдан бери ўзбек тилини ўргатиб келаётган Миллий университет катта ўқитувчиси Сайёра Тўраева ҳам афғонлар сони охирги йилларда ошганини тасдиқлайди.
Ўзбек тилини ўргатадиган саноқли қўлланмалар
Ўзбекистонда бўлиш ва кўпроқ одамлар билан мулоқот қилиш ўзбек тилини ўрганишни осонлаштиради. Лекин Ўзбекистонда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган рус миллати вакиллари ўзбекчада ҳам гаплашиш, ҳам ёзишни ўрганиш учун мукаммал манба йўқлигини кўп бора айтишади. Чиндан ҳам шундай. Русийзабонлар учун А.А.Арзамасовнинг «Узбекский язик. Самоучитель», А. Киссен ва Ш.Раҳматуллаевнинг «Узбекский язык для взрослих», Х.С. Мухитдинова, Д.М. Насиловнинг «Учебник узбекского языка» китобларигина бор.
Инглиззабонлар учун эса Нигора Азимованинг «Uzbek: An Intermediate Textbook» китоби бор. Бу китоб Amazon’да 90 доллар атрофида сотилади.
Бундан ташқари, яқинда МЎТУЛ жамоаси ва Гулрухсор Эргашева томонидан тил даражаларига ажратилган «Ўзбекона» китоби ҳам нашрдан чиққан. Муаллифнинг айтишича, марказда ҳозир шу китоб асосида дарслар ўтилади. Китоб А1, А2, B1, B2 даражаларга ажратилган бўлиб, ҳар бир даражани 3 ойда битириб чиқиш мумкин.
«Дастлабки 4 дарсда воситачи тил инглиз, рус ёки турк тили бўлади. Бешинчи дарсдан бошлаб ўзбек тилида гаплаша бошлаймиз. Марказимизда ҳозиргача мингдан ортиқ ўқувчи битириб келган бўлса уларнинг 700 нафардан ортиғи рус миллатига мансуб кишилар. Ҳозир луғатлар китоби устида ишлаяпмиз», — дейди ҳаммуаллиф.
Манбалар оз, онлайн луғатлар йўқ
Юқорида номлари саналган қўлланмалар йўқдан кўра бор деган маънода кўнгилга таскин беради. Чунки у қўлланмаларни ҳам тўлиқ мукаммал, деб айтишга асос йўқ.
Саида Рашидова Америкада Нигора Азимова томонидан чиқарилган китобни инглиззабонларнинг ўзбек тилини ўрганишда фойдаланаётган китоби эканини айтди. Бироқ бу китоб ҳам дунё бўйича тасдиқланган тил ўрганиш стандартларига тўғри келмайди.
«Ҳар битта китоб эшитиш, ўқиш, гаплашиш ва ёзиш кўникмаларини алоҳида шакллантиришга йўналтирилиши керак. Шунда улар мукаммал булади. Бундан ташқари, онлайн луғатлар ҳам йўқ. Ҳеч бўлмаганда шулар билан ҳам тилни мустақил ўрганиш мумкин бўларди», — дейди у.
Мактабларда ўтиладиган ўзбек тили дарслиги муаллифи Намоз Расулов эса тузилган китоблар ҳам жуда кам нусхада чиққанини, кўпчиликка мўлжалланмаганини айтади.
«Мана яқинда янги «Ўзбекона» деган китоб чиққанини эшитиб хурсанд бўлдим. Лекин у ҳам саноқли. Мен муаллифларни тўғри тушунаман. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишидан қўрқиб, китобни тор доирада ишлатишяпти. Мустақил ўрганишни хоҳлаганлар учун топилиши қийин. Лекин у кенг оммага берилмаса, тилни қандай тарғиб қиламиз?
Ҳар бир тилни ўрганиш учун биринчи ўринда дарс китоби яратилади. Масалан, инглизларда дарс китоби, иш китоби ва шу 2 китобдан қандай фойдаланиш ҳақида қўлланма китоби бўлади. Ҳар қандай тилда шундай маҳсулотлар бўлиши керак. Афсуски бизда йўқ», — дейди у.
Тил даражаларга ажратилмаган
Биз суҳбатлашган мутахассислар тил мавқеи учун тил жамиятлари кўпроқ ҳаракат қилиши керак деб ҳисоблайди. Умуман тил жамиятлари турли платформалар устида ишлаб, тилни муҳофаза қилиш, ёйиш ва маданиятни тарғиб қилиш билан шуғулланади.
«Масалан, инглиз тилида Oxford, Cambridge жамияти бор. Улар дунё фойдаланиши учун жуда кўп маҳсулотларни тайёрлайди. Ҳаттоки тил маҳсулотлари учун ўша тил жамияти махсус филологик тадқиқотларни ўтказиб, шу тадқиқот натижаларини ҳам шу тил ўрганишга кирита олади. Лекин бизда бундай жамиятлар йўқ.
Ўзбекистонда ўзбек тилига инвестиция киритилмагани, жозибали таклифлар бўлмагани учун ҳам бундай китоблар суст ҳолатда яратилган. Яратилганларини ҳам тавсия қилиш тил ўрганаётган инсонларни тилдан итаришга сабаб бўлиб қолади», — дейди Намоз Расулов.
Шу ўринда ўзбек тилида даража бўйича ҳам аниқ бир қоида, тил ташкилотлари билан келишиб тақдим қилинган даража луғатлари йўқ.
«Инглиз тилида дарс берганимда бизга болаларга энг биринчи ўрганиладиган 100та сўзнинг рўйхатини беришни айтишарди. Сўзлар рўйхати тилнинг даражаси осонликдан қийинликка қараб кетаверади. Ўзбек тилида шунақа рўйхатлар нега йўқ. Уларни ким қилиши керак? Ўзбек тилида А1 қаерда тугаб, А2 қаерда бошланиши ҳақида келишув йўқ. Шунинг учун ўзбек тилидаги эртакларда ҳам жуда қийин сўзларни ишлатишади. Масалан, «катта» А1 бўлса, «муаззам» А2ми ёки B2ми? Шуни ким айтиб бера олади? Мен америкалик бир мутахассис билан кейинги йил шу бўйича китоб ишлаб чиқмоқчимиз», — дейди Саида Рашидова.
Видеоконтент йўқ
YouTube’га «Ўзбек тилини ўрганиш» деб қидирувга берилса, саноқли видеолар чиқади. Улардан нисбатан бойроқ контент сифатида Uzbek With Aman, Ways of Learning & Teaching with Dr. DK каналларини санаш мумкин. Русийзабонларнинг ўрганиши учун эса тартибга солинган, тилнинг бошланғич даражасидан ўргатадиган айтарли контент йўқ ҳисоб.
Таълим маркази болалар учун яратаётган видеоларни ҳисобга олмаганда, болаларга тилни ўргатувчи медиа топилмайди.
Маълум бир тилни осон ўзлаштириш учун субтитрли видеолар яхши самара беради. Худди шундай ўзбек тилини ҳам. Лекин ўзбек тилидаги видеоконтентнинг субтитрлисини топиш мушкул. Айниқса, мултфилм ёки болалар учун чиқариладиган видеоконтентлар субтитрли бўлиши, нафақат хорижликлар учун, балки ўқишни ўрганган ўзбек ўқувчилари саводини ҳам яхшилашга хизмат қилади.
Саида Рашидова худди шундай таклифни бир телеканалга бериб, улардан ижобий бўлмаган жавоб олганини айтади.
«Мен ҳар бир видеомни субтитрли қиламан. Тўғри бу жуда майда иш, 3-4 текширув босқичини талаб қилади. Лекин бусиз тил ўрганиш қийин. Ўзим гувоҳ бўлганимдан айтаман: хорижлик инглиз ўқитувчилар она тилиси инглиз тили бўлган болага ҳам субтитрли видео қўйиб беради.
Олдинроқ бир каналга мени сценарий ёзишга чақиришганди. Ўшанда вазиятдан фойдаланиб, уларга ҳар бир олинаётган видеони субтитрли қилишни ва бу учун штат очиш таклифини бергандим. Афсуски, бу жуда майда иш эканлигини айтиб, таклифимни эътиборсиз қолдиришган», — дейди Рашидова.
Бонус усуллар
Бир неча йилдан бери шу соҳада тажриба қилиб келаётган ўқитувчилар ўзбек тилини китоб ва қўлланмаларсиз ҳам ўрганиш усулларини тавсия қилишди.
Саида Рашидова:
- Ўрганилаётган тилда рақамларни ўрганишни реал ҳаёт билан боғлаш керак. Масалан, телефон рақамлар, туғилган йил ва кунларни ёдлаш, савдодан қолган чек рақамларини ўқиб юриш.
- Ижтимоий объектлардаги белгилар, турли плакатлар, кириш-чиқиш жойлари, йўллардаги кўрсаткичли ўзбек тилидаги ёзилган сўзларнинг маъносини сўраб олиш.
- Instagram'да жуда кўп субтитрли рилслар, видеолар, қизиқарли контент пайдо бўлган. Ҳар хил мутахассислар ҳар куни ўзининг йўналишида видео олади, субтитр қўяди. Ҳаммаси ҳам арзигулик эмас, лекин айримлари жуда зўр. Шуларни кўриш керак.
Намоз Расулов:
- Маълум бир мақсадлар учун бирламчи диалогларни ўрганиб чиқиш. Дейлик, супермаркетда, аэропортда, касалхонада бўладиган савол-жавобларни акс эттирган диалогларни ўрганиш ва уларни ўзининг тили билан қиёслаган ҳолда тушуниш.
- Ўрганмоқчи бўлган тилидаги қайси сўзларни билса, айнан ўша сўзларни қўшиб нутқида ишлатиш. Ва навбати билан луғат базаси бойиб, грамматик базаси яхшилангандан кейин тилни тозалаб боради.
- Бир ашёни қўлга олиб, у билан боғлиқ феъл, сифатларни қўшиб машқ қилиш. Натижада луғат бойлиги кўпайиб, ўша ашё билан ишлатиладиган бирикмаларни ҳам тезда ўрганиб олади.
- Синфлар кесимидаги ўзбек тили дарсликлари ҳам бошланғич билимларни олиш учун яхши қўлланма.
Нима қилиш керак?
Ўзбек тили туркий тиллар ичида турк тилидан кейин гаплашишладиган 2-катта тил ҳисобланади. Демак, бу тилда гаплашувчилар кўп. Лекин тилни ўргатадиган қўлланмалар, онлайн луғатлар йўқ.йўқ. Бори ҳам номукаммал.
Аввало ўзбек тили тилшунослар томонидан келишилган ҳолда аниқ даража чегараси А1, А2, B1, B2, C1, C2 даражалари тугаш ва бошланиш нуқтаси белгиланиши, шу даражаларга мос турли тилларда луғатлар ишлаб чиқилиши ва у ҳамма учун очиқ бўлиши керак.
Бу тилда кўпроқ субтитрли видеоматериаллар тайёрлаш, «Aqlvoy» телеканалида бериладиган мултфимларни ҳам ўзбекча субтитрлар билан эфирга узатиш болаларни ҳам саводли бўлишида ёрдам беради.
Кўча-кўйдаги белгилар, йўл кўрсатувчи белгилар кабилар аввало она тилида бўлиши бошқа миллатларни ҳам ўзбек тилини тезроқ ўрганишига кўмак беради. Ўзбек тилини ўзимиз ҳурмат қилмас эканмиз, уни бошқа биров қандай ҳурмат қилсин?
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Мавзуга оид
10:31 / 18.03.2024
Хориждаги ўзбекистонликлар учун Ўзбек тили онлайн платформаси ишга туширилди
18:18 / 01.06.2023
6 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдимоти ўтказилди
08:26 / 16.10.2021
Ўзбек тили ҳар биримиз учун ғурур тимсолига айланиши лозим
17:41 / 21.10.2020