Ўзбекистон | 07:33 / 19.10.2022
6744
2 дақиқада ўқилади

«Уффици галереялари» асарлари билан ўзбек тилида танишиш имкони яратилди 

Италияда жойлашган машҳур “Уффици галереялари”нинг дурдона асарлари билан ўзбек тилида танишиш имконияти яратилди.

Фото: CNN

Флоренциядаги “Уффици галереялари”да Ўзбекистон Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ўқувчиларини ушбу музей бадиий коллекцияси билан таништириш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Музей директори, профессор Эйке Шмидт Ўзбекистонда Устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланган сана муносабати йўлга қўйилган ушбу лойиҳа “Уффици галереялари”ни республикада кенг таништиришга қаратилгани ва келажакда элчихона билан амалга ошириш режалаштирилган ҳамкорлик дастури биринчи босқичи эканини таъкидлади.

Бу билан музейда сақланаётган бой маданий мерос биринчи марта ўзбек тилида нафақат Ўзбекистон ўқитувчилари ва талабалари учун ўқув қўлланмаси сифатида, балки кенг аудитория танишиши учун ҳам тақдим этилди. Барча 10 та видеоролик “Уффици галереялари” веб-саҳифасига жойлаштирилди.

Эйке Шмидт Ўзбекистон Буюк ипак йўли муҳим чорраҳаси бўлгани, турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги алмашинув ва ҳамкорлик маркази сифатида машҳур эканини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон Хитой-Европа савдо йўли бўйлаб яратилган ва Осиё билан боғлиқ санъат асарлари билан узвий боғлиқлиги ва уларда ўз ифодасини топганини урғулади. “Уффици галереялари”да кўплаб қимматли Осиё артефактлари сақланмоқда.

“Уффици галереялари” 1769 йилда омма учун очилган дунёдаги биринчи музей ҳисобланади. Ушбу музей мажмуасида Европа бир нечта ҳукмрон оилаларига тегишли санъат асарлари, қимматбаҳо ҳунармандчилик буюмлари, китоблар ва ўсимликлар асосий тўпламлари мавжуд. Мажмуада антик даврдан 20 асргача бўлган даврга тегишли хазиналар тўплами жамланган. 

Мавзуга оид