Жаҳон | 11:05 / 03.11.2022
24557
5 дақиқада ўқилади

«Россияга жўнатилган болангиз навбатдаги қурбонга айланмасин» – ўзбек муҳожири юртдошларни огоҳлантирмоқда

Kun.uz сайтида «Россияда жазони ўтаётган хорижликлар Украинадаги урушга жўнатилди, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор» сарлавҳали мақола эълон қилинганидан сўнг Россияда муҳожирликда бўлган ўзбекистонлик Бахтиёр Турсун сайт таҳририяти билан боғланди ва ўзбекистонликлар қандай қилиб тузоққа тушиб қолаётганига мисоллар келтирди.

Мақолада Россия таркибига кирувчи Мордовия республикасидаги 17-сонли ахлоқ тузатиш колониясида гиёҳвандлик воситаларини сотиш, қотиллик ва зўравонлик жиноятини содир қилганлик учун жазони ўтаётган 40 нафардан ортиқ хорижлик маҳбус «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) таркибида Украинадаги урушга юборилгани, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги ёзилган.

«Эътибор қилинг, маҳбусликдаги йигитларимизнинг кўпчилиги асосан наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси билан айбланиб қамоққа олинган», – дейди Бахтиёр Турсун.

«Наркотик савдосига аралашиб қолиб, қамалиб кетаётган юртдошларимиз ҳақида бир йил ичида беш-олти марта хабар қўйганман. Судгача бўлган вақтини «СИЗО»ларда кутиб ётган йигитлар билан бир неча марта гаплашдим.

Кўпчилиги ёш болалар, асосан Россияга янги келган, тил билмайдиган, қонун ва йўл-йўриқ тушунмайдиган йигитлар. Энди бир ўйлаб кўрсак, Россияга яқинда келган, ҳали бу жойнинг паст-баландини яхши билмайдиган одам, камига тил билмаса қандай қилиб бу ишга аралашиб қоляпти?

«Менга беринг, молингизни ўзим айтилган жойга элтиб бераман» деб бу иш билан шуғулланадиганларнинг олдига ўзлари бораяптими?

Ҳозир суд кунини бир йилдан бери кутиб ётган йигит билан бўлган қисқа суҳбатни ҳикоя қилиб бермоқчиман. Бу йигит Москвага илк марта келиб олти ойдан кейин наркотик модда билан қўлга олинган.

— Укагинамей, нималар қилиб қўйдинг а? Адвокат билан, терговчинг билан ҳам гаплашдим, ками ўн беш йил кесилади деяпти. Қурилишда ишлаб юргандинг, топишинг ҳам яхши эди. Қандай қилиб бу балога аралашиб қолдинг?

— Ака адашдим, бир марта қаттиқ адашдим, энди бир умрга пушаймон еб ўтаман. Хабарингиз бор қурилиш фирмасида ишлардим, якшанба кунлари дам олиш эди.

Бекор ётмай, ҳарна бир икки сўм топсам яхши-ку, дея қўшимча ишга чиқардим.

Кунлик ишларни мигрантлар учун очилган телеграм каналлардан топардим. Бир куни «Кунлик иш бор, яхши пул тўлаймиз» деб ёзилган эълон тагидаги рақамга ёздим. Битта бошқа рақам бериб шу рақамга телефон қилинг дейишди.

— Ўзбекмиди, ўзбекча гапирдими?

— Ҳа ака, ўзбекча гапирди, мен русчани яхши билмайманку ҳали. Қаерданлигимни, русга қачон келганимни, рус тилини билиш билмаслигимни ва ёшимни сўрашди. Ўзим ҳақимда батафсил маълумот берганимдан кейин «иш бор» дейишди.

Очиқ айтишди лекин, тақиқланган мол бор, пакетчада. Бир жойдан олиб иккинчи жойга етказиб берасан. Узоғи билан бир соат вақтинг кетади, саккиз минг рубль берамиз дейишди.

Ака саккиз минг рубль топиш учун мен беш кун ишлашим керак, улар шунча пулни бир соатда топиш йўлини айтишяпти. Ўйлаб кўраман, дедим.

Бир марта қилсам, кейин бошқа бу ишга аралашмайман, телефон рақамларим алмаштириб ташлайман, ҳозир пул жудаям зарур бир марта айтган молини олиб бораман тамом деб ўйладим.

Уларга телефон қилдим, «розиман» дедим. Қолган гапларни батафсил телеграм орқали айтамиз дейишди.

Нимани қаердан олиб қаерга етказиб бериш керак ҳаммасини телеграм орқали ёзишди. Иш битгач пул картангга тушади деб айтишди. Эртасига айтилган жойга бордим, керакли нарсани топиб эллик қадам юрмасимдан босишди.

Мен билмагандим, елим халта ичида нима борлигини билмайман дедим терговда таржимонга. Аммо улар телефонимдаги ёзишмаларни кўрсатишди. Ётибман энди...

— Ўша буюртмачилар топилдими?

— Топиша олишмаса ҳам керак, ҳозир битта камерада ўттиз кишимиз, йигирмадан ортиғи ёш йигитлар, ҳаммаси худди менга ўхшаб тушишган, бир хил иш....

Кўринадики, ҳаммаси усталик билан уюштирилган. Бу йигитнинг тақдири ҳар бир юртдошимизда қайталаниши мумкин. Ота-оналар! Фарзандларингизни мактабни битирибоқ Россияга жўнатишдан тийилинг. Сал ҳаётнинг аччиқ-чучугини англаб етадиган бўлишсин. Ҳеч бўлмаса элементар даражада тил ўрганишсин. Токи ўрта статистик маҳбусга, керак пайтда жанг майдонидаги навбатдаги қурбонга айланмасин», – дея ёзади Бахтиёр Турсун.

“У ҳатто Россиянинг ўзида ҳам жиноятчи ҳисобланади” – юрист урушга чақирилаётган мигрантлар ҳақида

Мавзуга оид