Макс Пенсон ўзбек ва совет даври фотографиясининг кўзга кўринган вакили бўлиб, уни рус авангардининг машҳур вакили Сергей Эйзенштейн эътироф этган. Асарлари бутун дунё бўйлаб кўргазмаларда намойиш этиб келинган.
Макс Пенсон – 1893 йилда Россиянинг Смоленск вилоятидаги китоб муқоваловчи яҳудий оиласида туғилган фотожурналист. Пенсон ва оиласи 1914 йилда яҳудийларга босим бошланганда Қўқонга мажбуран жўнатилган.
У 1917 йилги инқилобдан кейин Қўқон инқилобий қўмитаси қошида санъат мактабини ташкил қилади. Ўзи шу мактабга директор бўлиб, 350 нафар ўзбек болаларига чизмачиликдан дарс беради. 1921 йилда фотоаппарат олгач, ҳаёти кескин ўзгариб кетади. 1920–1940 йилларда Ўзбекистон ва совет иттифоқида машҳур фотографга айланади.
Суратларида асосан Ўзбекистон аҳолиси ва иқтисодий ҳаётини акс эттиради. Шундай қилиб, 1940 йилда галереясида 30 мингдан ортиқ фотосурат бор эди.
Кейинчалик Пенсон Тошкентга кўчиб ўтиб, 1926-1949 йилларда Ўрта Осиёдаги энг йирик газета – “Правда Востока” (Шарқ ҳақиқати)да иш бошлайди. 1930 йилларда Ўзбекистонда давлат қурилиши ва пахта етиштиришни саноатлаштириш жараёнларида олган суратлари ТАСС совет ахборот агентлигида чоп этилади.
1933 йилда унинг фотосуратлари совет иттифоқидаги иқтисодий тараққиётни акс эттирган “СССР: қурилмоқда” номли тўпламдан жой эгаллаган.
Сталин даврида яҳудийларга қарши ҳаракатлар бошланган 1948 йилда Пенсон 25 йил ишлаган “Шарқ ҳақиқати” газетасини ташлаб кетишга мажбур бўлади.
Фотографнинг 3 нафар фарзанди бор. Ўғли Мирон Пенсон совет даврида машҳур кинематограф бўлган. Набираси Максим Пенсон – тижорий сураткаш, ношир, дизайнер ва таржимон.
Қариндошлари ҳам санъат кишилари бўлган. Рон Арад исмли қариндоши исроиллик дизайнер, санъаткор, архитектор бўлади. Атар Арад – исроиллик скрипкачи, Борис Пенсон эса “Тўй операцияси” ҳужжатли филмида иштирок этган.
Пенсон 1959 йил Тошкентда вафот этади.
1966 йилдаги Тошкент зилзиласи Пенсоннинг суратларига ҳам шикаст етказган. Асарларининг маълум бир қисми зилзилада йўқолиб кетган. Ўша пайтда оиласи суратларининг зилзиладан омон қолган қисмини қайта ишлаб, олиб қолган.