Иқтисодиёт | 20:59 / 05.11.2022
53635
6 дақиқада ўқилади

Жаҳондаги беқарорлик Ўзбекистоннинг ташқи қарз бўйича режаларига қандай таъсир қилди?

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Самарқандда бўлиб ўтган иқтисодий форум доирасида жаҳон бозорида фоиз ставкаларининг ошаётгани, имзоланган қарз битимлари, облигациялар чиқаришнинг вақтинчалик тўхтатилиши ва бунинг сабаблари ҳақида тўхталиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳам 2022 йилда давлат қарзи ва кредит жалб қилишни режалаштирган эди. Фоизлар ошиши бу масалага қандай таъсир қилади?

– Афсуски, фоиз ставкалари ошяпти. ФРТ ёки Европа марказий банкининг фоизларни ошириши ҳам глобал инфляцион ҳолатга боғлиқ. Масалан, АҚШ ва Европанинг талай мамлакатларида фоизлар жуда юқори. Шу сабабли ставкаларнинг ошиши ҳам табиий ҳисобланади. Бу бизга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар учун ижобий ҳолат эмас.

Айтишимиз мумкинки, 2022 йилда асосан халқаро молиявий институтлардан кредит жалб қилмоқдамиз. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа шу каби банклардан. Яхши тарафи, уларда ставкалар жуда ҳам паст бўлади. Тўғри, ҳозир бу ставкалар ҳам ошиб бормоқда. Аммо сўнгги 10-15 йилни олиб қарайдиган бўлсак, жорий ставкалар олдинги ставкалардан баланд эмас. Сўнгги 5 йилда ставкалар пастга тушган бўлиши мумкин, лекин ставкаларнинг кўтарилиши ва тушиши меъёрий ҳолат ҳисобланади.

Давлат қарзини бошқараётганда ва хусусий секторларга кредит жалб қилаётганда ҳар бир сценарийни инобатга олиш керак бўлади. Ўрта муддатли давлат қарзини бошқариш стратегиясида бу жиҳатлар инобатга олинган. Албатта, фоизлар ошишини кутгандик деб айтолмайман, аммо тайёргарлигимиз юқори эди.

Форумнинг биринчи кунида кўплаб халқаро молиявий корхоналари билан кўплаб ташқи қарз битимлари имзоланди. Бу борада Ўзбекистон ниманидир гаровга қўйганми?

– Молия вазирлиги томонидан имзоланган кредит битимлари учун ҳеч қандай гаров қўйилмаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бўлаётган йирик иқтисодий ислоҳотлар ана шу халқаро ташкилотлар техник ёрдами орқали амалга оширилмоқда. Молиявий бозорларни ривожлантириш нуқтайи назаридан гапирадиган бўлсам, бозорни шакллантириш бўйича Осиё тараққиёт банки билан имзоланган дастуримиз бор эди. Шу дастур бажарилгач, ўтган йили 150 млн доллар кредит жалб қилишга эришган эдик. Шунинг иккинчи траншини кейинги йилга мўлжаллаганмиз. Ҳозирда Осиё тараққиёт банки билан қарзнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритишга оид янгиланган дастур ишлаб чиқишда ҳамкорлик қиляпмиз.

Шунингдек, Жаҳон банкидан жалб қилинаётган маблағлар ислоҳотлар учун ажратилади ва биздаги бу ислоҳотлар президентимиз томонидан тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт дастурига кирган ислоҳотлардир. Бу ислоҳотларни халқаро тажрибалар орқали амалга оширишимиз керак ва ундан кейин бизга кредит маблағлари берилади. Бу иккала тараф учун ҳам фойдали ва манфаатлидир.

Бу йилги қарз олиш дастури қандай амалга ошириляпти?

– Кредитлар бюджет қонунида кўрсатилган миқдорда, яъни 2 млрд доллар инвестиция лойиҳалари учун, 2,5 млрд бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинмоқда. Ички бозорда ҳам яхши тенденция кетмоқда. Масалан, бу йил ўтган йилгига қараганда қарийб 2 баробар кўп давлат қимматли қоғозларини чиқаришни режалаштирганмиз, яъни 9 трлн сўм. Ўтган йили 5 трлн сўмдан камроқ чиқарилган эди. Бу йил 10 йиллик давлат қимматли қоғозларини чиқардик. Ушбу қимматли қоғозлар Ўзбекистон тарихида биринчи марта инфляцияга боғланган ҳолда чиқарилмоқда. Яъни инфляцияга қараб қимматли қоғозлар нархи ошади ёки пасайиб туради.

Мутахассисларнинг фикри ҳам шу. Ички бозорни ривожлантириш орқали ташқи қарзни камайтириш лозим. Бу бизнинг стратегиямизга мос тушади. Ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси бизнинг ички қимматли қоғозлар бозори таҳлилини қилганди. Ушбу таҳлилда яхши томонларимизни ҳам, камчиликларимизни ҳам кўрсатиб ўтган. Ана шу ташкилот 2023 йилда шу камчиликларни бартараф этиш учун грантлар ажратишини маълум қилди. Хабарингиз бор, Тошкент фонд биржасига биз фонд бозори раҳбари Георги Паресишвилини таклиф қилганмиз. У ўз тажрибаларини биз билан бўлишмоқда. Ёки Руминиядан Адриана хоним Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг грант маблағларига жалб қилинган.

Ҳа, ставкалар ошяпти, чет элдаги қимматли қоғоз бозорлари нотинч. Ҳозирда бизнинг асосий эътиборимиз ички бозорга қаратилган. Ҳамкорларимиз ҳам айнан шу жиҳатни ривожлантиришга ёрдам бериб келмоқда. Катта фондлар ўзбек сўмида облигацияларни сотиб олмоқчи. Лекин ҳали «кўпригимиз» тайёр эмас. Мана шу кўприкни тайёрлаб, халқаро инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилмоқчимиз.

Ҳозирги кунда 9та банк билан бирламчи дилерлик шартномаларини имзоладик. Бу бозорни имкон қадар профессионаллаштиради. Бу барча давлатларда мавжуд тенденция.

Жорий йилда геосиёсий вазиятнинг ўзгариши халқаро бозорга чиқарилган ўзбек облигациялари қийматига қанчалик таъсир кўрсатди?

– Биз бу йил облигация чиқармадик. Ўтган йили чиқарган эдик. Унда вазият анча барқарор эди. Бу йил вазият тақозосига кўра чиқармадик ва кейинги йил ҳам чиқариш режалаштирилмаган. Агар сиз иккиламчи бозордаги ставкаларни назарда тутаётган бўлсангиз, бу ставкалар ўзгарди. Ҳозирда Ўзбекистон томонидан чиқарилган облигациялар 7-9 фоиз атрофида савдода турибди. АҚШ ғазначилиги томонидан чиқарилган облигациялар 4-5 фоиз атрофида бўляпти. Ўтган йили биз 3,88 фоиздан чиқаргандик. АҚШ ғазначилиги чиқарган облигацияларнинг фоизи бизнинг ўтган йилги фоизларимиздан ҳам ошиб кетди. Шу жиҳатдан, базавий ставкалар ошганда бошқа облигацияларнинг ҳам фоиз ставкалари ошиши табиий ҳисобланади. Токи бозор ўз жойига қайтиб, фоиз ставкалари биз учун маъқул нуқтага келмагунга қадар, облигация чиқармаймиз.

Мавзуга оид