“Интервьюдаги ҳамма гаплар ёлғон” – Сенат сайтига ҳужум уюштирган наманганлик ҳакер
Олий Мажлис Сенати сайтига киберҳужум уюштирганлар 6 киши бўлиб, уларнинг барчаси 14 ёшдаги ўсмирлар экани айтилганди. Киберхавфсизлик маркази буни инкор этиб чиқди. Марказ томонидан тарқатилган видеода MY5 канали ёлғон маълумот тарқатишда айбланади.
Киберхавфсизлик марказига кўра, Олий Мажлис Сенати расмий сайтига киберҳужум уюштирган ҳақиқий ҳакер Наманган вилоятининг Норин туманида яшайди. Марказ томонидан берилган маълумот асосида у 3 ноябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
“Мен Наманган вилоятининг Норин туманида туғилганман. Бу ҳужумни 2 ноябрь куни тахминан соат 11:00 ларда бажардим. Шунчаки сайтнинг заифлигини кўрсатиб қўймоқчи эдим. 28 октябрь куни web-сайтнинг эгаларига бу ҳақда репорт қилинган, лекин жавоб келмади. Шу сабаб бу ишни қилгим келди», – дейди Киберхавфсизлик маркази ходимларига интервью берган ёш ҳакер.
Унинг таъкидлашича, Сенат сайтига уюштирилган ҳужум ортида ўзи ва тенгдошлари турганини айтиб MY5 телеканалига интервью берган 14 яшар ҳакернинг айтган гаплари ёлғон.
“Бу интервьюдаги ҳамма айтилган гаплар ёлғон. MarshGoldenʼни мен яратганман. Теlegram-канал ҳам менга тегишли, унинг админи ҳам менман. Риппер Эминемнинг Marsh деган қўшиғи бор. Шуни яхши кўрганим учун ўзим асос солган ҳакерлик гуруҳини MarshGolden деб атаганман. Мен Сенат сайтига ҳужумни Python коди орқали амалга оширганман. Сайтнинг заифликлари кўп бўлгани учун дефейс кўпга чўзилмаган”, дея таъкидлайди наманганлик ўсмир.
Ҳакер бу ишларнинг ноқонуний эканини билмагани, соҳа ходимлари унинг уйига келиб, буни тушунтирганини, қилган ишидан пушаймон эканини айтмоқда.
Қайд этилишича, рўй берган қонунбузарлик бўйича жазо муқаррарлиги таъминланади. Айни пайтда воқеага доир далилий ашёлар бўйича экспертиза тайинланиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиш давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрдаги киберҳужум натижасида Олий Мажлис Сенатининг расмий сайтига кириш бир муддат имконсиз бўлиб қолганди.
Бу вақтда сайтда “Киберхавфсизлик марказига саломлар” ҳамда “сизнинг тизимингиз [ҳакерлар гуруҳининг логотипи] томонидан бузиб кирилди” деган ёзув кўриниб турди.
Сенатнинг Теlegramʼдаги расмий каналида ҳакерлар ҳужуми туфайли Senat.uz сайтининг иш қобилияти бузилгани, айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.
Senat.uz сайтига кирмоқчи бўлганлар субдоменга йўналтирилганди. Танзила Норбоеванинг матбуот котиби Ҳожиакбар Тўлаганов ушбу субдомен Сенатнинг янгича дизайндаги сайти экани, киберҳужум ортидан тест режимидаги сайт вақтинча ишга тушириб қўйилганини маълум қилди.
5 ноябрь куни My5 телеканали Олий Мажлис Сенати сайтига киберҳужум уюштирганлар 6 киши бўлиб, уларнинг барчаси 14 ёшдаги ўсмирлар экани ҳақида хабар тарқатди. Телеканалга интервью берган ва ўзини MarshGolden етакчиси деб таништирган шахс бунгача ҳам бир неча давлат органлари сайтларига, жумладан, Kundalik.com сайтига ҳам бузиб киришганини айтганди.
Сенат сайтига уюштирилган ҳужумни уюштирганини даъво қилиб чиққан ўсмир ва унинг иқрорини эфирга узатган MY5 телеканали ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ҳозирча номаълум. Блогер Шуҳрат Қурбонов тегишли идоралар бу томоша нима учун керак бўлиб қолганининг тагига етишига умид билдирган.
MY5 телеканали Киберхавфсизлик маркази томонидан эълон қилинган видеодан сўнг жамоатчиликда туғилаётган саволлар юзасидан изоҳ билдириб, ёлғон ахборот тарқатмаганини билдирган.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024