Ўзбекистон | 13:49 / 20.11.2022
66360
20 дақиқада ўқилади

Худоёрхоннинг чигал тақдири: Қўқоннинг собиқ хони нега Оренбургга сургун қилинган эди?

1875 йилда Қўқон шаҳри сохта Пўлатхон бошчилигидаги қўзғолончилар томонидан эгалланади. Худоёрхон Тошкентга, Кауфман ҳузурига қочиб келади. Тахтдан айрилган бўлса-да, халқ орасида таъсири кучли бўлган собиқ хоннинг Тошкентда яшаши руслар учун бирмунча хавфли эди. Шу сабабли Кауфман Санкт-Петербургга юборяпман деб алдаб, Худроёрхонни Оренбургга сургунга жўнатади. Сургунда икки йил зўрға яшаган собиқ хон Оренбургдан қочади. Ҳажга бориб, Арабистондан қайтишда йўлда вафот этади.

Худоёрхон деганда кўз ўнгимизга «Ўтган кунлар» филмидаги кишига мулойим қараб тургувчи истарали йигит гавдаланади. Марказий Осиёдаги йирик бир давлатнинг сўнгги ҳукмдори ва уни қарийб 30 йил бошқарган бу инсоннинг ҳаёти ҳақида омма унча хабардор эмас. Қолаверса, совет даврида хонликлар ва уларни бошқарган шахслар тарихини холис ўрганишнинг иложи йўқ эди. Улар ҳақида фақат қоралаб ёзиш мумкин бўлган.

Худоёрхон тарихи

Худоёрхон 1829 йилда Қўқон хони Амир Умархоннинг амакиваччаси Шералихон оиласида туғилган. Худоёрхоннинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ, бу мавзуда тадқиқот олиб борган олимлар уни 1829 йилда туғилгани ҳақиқатга яқинроқ дейишган.

Худоёрхоннинг Қўқон тахтини эгаллаши Бухоро амири Насруллонинг Қўқон хонлигига бостириб бориб, Муҳаммад Алихонни (Қўқон хони Амир Умархон ва Нодирабегимнинг фарзанди. Отасидан сўнг Қўқон хони бўлган) тахтдан ағдариши билан боғлиқ.

1842 йилда Амир Насрулло Қўқонга қўшин тортади. Бўлиб ўтган жангларда Қўқон хони Муҳаммад Алихон енгилади. Амир Насрулло унинг ўзини ва оила аъзоларини гўдакларигача қатл эттиради. Сўнг Қўқон тахтига Худоёрхоннинг отаси Шералихонни (Амир Умархоннинг амакиваччаси) ўтқазиб Бухорога қайтади.

Шералихон хонлик тахтида 3 йил ўтиргач, унинг ўрнига акасининг ўғли Муродхон Қўқон хони бўлади. Муродхон давлатни атиги бир неча ой бошқаради ва Мусулмонқул бошлиқ қипчоқлар томонидан ўлдирилади.

Шундан сўнг 1845 йилда Мусулмонқул 16 ёшли Худоёрхонни Қўқоннинг янги ҳукмдори деб эълон қилади. Сўнг Худоёрхонга қизини узатиб, уни куёв қилади ва амалда хонликни ўзи бошқара бошлайди.

Орадан бир неча йил ўтиб Худоёрхон Мусулмонқулни ўртадан кўтармаса, Қўқон хонлигининг тўлақонли ҳукмдори бўла олмаслигини тушуниб етади. У 1852 йилда ишончли одамлари билан Мусулмонқулга қарши бош кўтаради ва уни ҳибсга олиб қатл этади. Сўнг хонликни мустақил бошқара бошлайди.

Худоёрхон Қўқон хонлигини бошқарар экан, икки марта тахтни ташлаб қочишга мажбур бўлади. Биринчиси, 1858 йилда Худоёрхоннинг акаси Маллахон қўзғолон кўтаради ва хон қўшинларини енгиб тахтни эгаллайди. Худоёрхон Бухорога қочади.

1862 йилда қирғиз-қипчоқ уруғлари Маллахонга қарши бош кўтаради ва бўлиб ўтган жангларда у ўлдирилади. Маллахондан сўнг Қўқон хонлиги Шоҳмуродхонга ўтади. Бу орада 1863 йилда Худоёрхон Бухоро амири Амир Музаффар ёрдамида тахтни қайтариб олади.

Орадан бир неча ой ўтиб Худоёрхонга қарши яна қўзғолон кўтарилади. Бу сафар Мусулмонқулнинг ўғли, ўзининг қайниси Алимқул уни тахтдан қувиб юборади. Худоёрхон иккинчи марта Бухорога қочишга мажбур бўлади. Алимул унинг ўрнига Маллахоннинг ўғли ёш Султон Саййидхонни хон қилиб кўтаради ва амалда давлатни ўзи бошқаради.

1865 йилда Алимқул Тошкент ҳимояси учун рус босқинчилари билан ўтказилган жангларда ҳалок бўлади. Шу тариқа Худоёрхоннинг ҳам «қулоғи тинади». 1865 йилда Бухоро ҳукмдори Амир Музаффар Худоёрхонни яна хонлик тахтига ўтқазади. Султон Саййидхонни эса Бухорога чақириб олади ва қатл эттиради. Унгача эса руслар 1864 йилда Чимкентни, 1865 йилда эса Тошкентни эгаллаб бўлган эди.

Худоёрхоннинг тахтдан ағдарилиши

1865 йилда Россия императори Александр II фармони билан Оренбург генерал-губернаторлиги таркибида Туркистон вилояти тузилади. Унинг бошлиғи этиб қонхўр генарал Михаил Черняев тайинланади.

1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги тузилади унга Константин фон Кауфман бошлиқ этиб тайинланади. (1882 йилда фон Кауфман вафот этгач Черняев Туркистон генерал-губернатори бўлган ва уни 1884 йилгача бошқарган)

Шундан сўнг Россия империяси Қўқон хонлигига нисбатан босимларини кучайтира бошлайди. 1868 йилда Худоёрхон фон Кауфман билан шартнома имзолайди. Шартномага кўра рус савдогарлари бож тўламасдан хонликнинг исталган шаҳрида савдо қилиши ва маҳсулот олиб кириши ва олиб чиқиши мумкин бўлади.

Иккинчи тарафдан эса Худоёрхон шундоқ ҳам оғир аҳволда яшаётган халқнинг гарданига юк бўлиб тушадиган фармонлар имзолайди. 1870-йилларнинг бошларида хон учун янги Ўрда қуриш ҳақидаги фармон шулардан бири эди. Фармонга кўра бутун мамлакатдан жалб қилинадиган ишчилар ва ҳунармандлар маош олмасдан Ўрда қурилиши ҳашарида қатнашиши лозим эди.

1873 йилда Ўрда қуриб битказилади. Орадан бирмунча вақт ўтиб сохта Пўлатхон бошчилигида халқ қўзғолони бошланади. Хоннинг энг ишонган одамлари ва икки ўғли Насриддинбек ҳамда Муҳаммад Аминбеклар қўзғолончилар томонига ўтиб кетади.

Қўзғолончилар Қўқонни эгаллагач Худоёрхоннинг ўғли Насриддинбек хон деб эълон қилинади. 1875 йилда қўзғолончилар томонидан тахтдан ағдарилган Худоёрхон икки хотини, ўғиллари Ўрмонбек, Фансуруллобек ва Ибн Яминбек ҳамда хос соқчилари ҳамроҳлигида Хўжандга қочади. Ўша пайтда бу шаҳар руслар томонидан эгаллаб олинган эди.

Бир ҳафтадан ошиқроқ Хўжандда турган хон тахти ўғли томонидан эгаллаб олинганини шу шаҳарда эшитади. Шундан сўнг уни фон Кауфман Тошкентга чақириб олади.

Таниқли олим Шариф Юсуповнинг «Худоёрхон ва Фурқат» асарида ёзилишича, 1875 йил 5 август куни «Туркестанские ведомости» газетасида шундай хабар берилади:

«31 июлда Мулла Абдукарим бошлиқ Қўқон элчилари Тошкентга келишди. Улар Худоёрхондан ғазабнок бўлган қипчоқлар гуруҳи томонидан Қўқонда сайланган янги хондан мактуб олиб келишган. Янги хон Худоёрхоннинг катта ўғли Насриддин бўлиб, отаси даврида Андижон беклигини бошқарган. Насриддин 28 июлда хон қилиб сайланган ва ўша заҳотиёқ генерал-губернаторга (фон Кауфманга) мактуб билан маълум қилган».

Акмал Акрамнинг 1992 йил 14 апрелда Туркистон газетасидаги мақоласида ёзилишича, орадан бир неча кун ўтиб фон Кауфман Худоёрхонни қабул қилади. Генерал собиқ хонга Қўқонга қайтиб бориши мумкин эмаслигини, шунинг учун Россияда қолиб, қолган умрини шод-хуррамликда ўтказишни маслаҳат беради. Аммо Худоёрхон бу таклифга кўнмайди. Бироқ тахтни умрбод қўлдан чиқарганини тушуниб етади.

Худоёрхон Оренбургда уй қамоғида

Худоёрхон Қўқондан Тошкентга қочиб келганидан сўнг Бешёғоч даҳасидаги Дархон маҳалласида жойлашган ҳовлида яшайди. Собиқ хоннинг Тошкентда яшаши рус истилочилари учун хавфли эди.

Худоёрхоннинг бир пайтлар ўзи бошқарган Тошкент ва унинг атрофидаги музофотларда обрўси баланд, исталган пайтда унинг биргина ишораси билан халқ русларга қарши кўтарилиши мумкин эди. Шу сабабли фон Кауфман уни Оренбургга сургун қилиш режасини тузади.

Фон Кауфман бир неча бор хоннинг олдига келиб у билан суҳбатлашади. Суҳбатлардан бирида у Худоёрхонга Санкт-Петербургда император у билан кўришмоқчи экани, шу учун Россия пойтахтига қараб йўлга чиқиши лозимлиги ҳақида айтади. Худоёрхон рози бўлади ва 1875 йилда Петербургга қараб йўлга чиқади.

Фон Кауфман хонни сафарга йўллар экан, Оренбург генерал-губернаторига уни тўхтатиб қолиш ва Қўқон хонлиги забт этилгунча узоқ муддат уй қамоғида сақлаш ҳақида ёзиб юборади.

Шу билан бирга Худоёрхон сафарга жўнагандан бир неча кун ўтиб Кауфман Қўқонга қўшин юборади ва қаттиқ жанглардан сўнг руслар шаҳарни эгаллайди. Бу пайтда Худоёрхон қозоқ чўллари оша Оренбургга қараб кетаётган эди.

Фото: Getty Images

Фон Кауфман аввалига вассаллик шарти билан Насриддинхонни ўз ўрнида қолдиради. Кейин хон кўмагида русларга қарши бош кўтарган сохта Пўлатхонни енгиб, уни асир олади ва дорга остиради. Орадан бироз ўтиб Скобелев бошчилигидаги рус қўшинлари Қўқонга қайтадан бостириб киради ва Насриддинхонни йиқитиб хонлик тугатилганини эълон қилади.

Шундан сўнг Насриддинбек ҳам фон Кауфман олдига қочиб келади. 1876 йилда генерал уни ҳам сургунга жўнатади ва Қўқоннинг сўнгги хони Россиянинг Владимир шаҳрида вафот этади.

Худоёрхон Оренбургга кириб борганда унинг генерал-губернатори Николай Крижановский эди. Генерал Худоёрхонни яхши кутиб олиб меҳмон қилади. Ўзи ҳам собиқ хоннинг меҳмони бўлади. Рус генералининг бу меҳрибончилиги сабаби бироз ўтиб маълум бўлади – Крижановский император Худоёрхон билан кўриша олмаслигини маълум қилади. Шу тариқа собиқ Қўқон хони Оренбургда доимий кузатув остида яшашга мажбур бўлади.

Худоёрхон Оренбургда ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйилади. Шу сабабли фон Кауфман томонидан юборилган қўшин Қўқонни босиб олгани ҳақидаги хабар унга анча кечикиб етиб келади. Унгача эса Худоёрхон Насриддинхонга мактуб ёзиб юборганди. Табиийки, собиқ хон мактубни ёзган пайтида ўғли Қўқон тахтидан ағдарилганини билмаган. Хоннинг форс тилида ёзган мактуби кейинчалик 1890 йилда «Туркистон вилоятининг газети» газетасида чоп этилади.

Мактубда Худоёрхон ўғлини тахтга ўтиргани билан табриклайди. Яна, ўзи тахтда ўтирган пайтида нафсига қул бўлган ҳолда атрофидаги ғаразгўй кимсаларнинг сўзларига кирганини, Худо амрини ва шариат йўлини адо этмай хато қилганини афсус-надоматлар билан билдиради. Кейинчалик, Худоёрхоннинг ушбу мактуби «Туркистон вилоятининг газети» газетасида чоп этилган вақтда Насриддинхон вафот этган эди.

Орадан бироз ўтиб, ўғлининг тахтдан ағдарилганини ва мулки Россия империясига қўшиб олинганини эшитган хон Санкт-Петербург сафари тузоқ эканини англайди.

Худоёрхон Оренбургда яшаган пайтида шаҳардаги от бозорига чиқиб чиройли отларни сотиб олади ва уларни парваришлайди. Шариф Юсуповнинг ёзишича Оренбургда Худоёрхоннинг от парваришлаши губернаторга ёқмайди.

Крижановский собиқ хон ўз атрофига тарафдорларини йиғиш учун отларни сотиб оляпти деган гумонга боради. Худоёрхон яшаб турган уйга ўғри тушишини уюштириб барча отларини олиб кетишади.

Худоёрхон Оренбургда икки йилдан ошиқроқ яшайди ва 1877 йилда ҳажга боришни ният қилиб, бу шаҳардан қочиб кетади. Анча вақтгача хоннинг қаерга қочгани, тақдири нима бўлгани номаълумлигича қолади.

Орадан қарийб саккиз ой ўтиб, 1878 йил ёзда «Туркистон вилоятининг газети» газетасида унинг Оренбургдан қочиб, Бухоро, туркман чўллари ва Афғонистон орқали Эронга кетгани ҳақида кичик хабар берилади.

Худоёрхоннинг кейинги ҳаёти ва вафоти

Худоёрхон Оренбургдан қочар экан, юртига эмас, ҳаж амалини бажариш учун Арабистонга боради. Макка сари йўлга чиққан Худоёрхон Арабистонга осонроқ етиб бориш имконияти бўлган ҳолда, юриш қийин бўлган Бухоро, туркман чўллари ва Эрон йўналиши бўйлаб кетади. Афтидан у яна қўлга тушмаслик учун Россия империяси ҳудудини айланиб ўтган. Йўлларда ҳам таниб қолишмасин деб Худоёрхон қозоқча кийиниб олади.

1879 йилда, «Туркистон вилоятининг газети»да собиқ хон ҳақида берилган илк хабардан тўққиз ой ўтиб шу газетада Худоёрхон Арабистонга, Макка шаҳрига ҳажга бориб қайтаётгани, хабар чиққан пайтда унинг Шом шаҳрида бўлиб тургани ҳақида яна бир хабар берилади.

Худоёрхоннинг ҳаёти ҳақида тадқиқотлар олиб борган филология фанлари номзоди Собиржон Иброҳимов ва манбашунос олим Фузаил Исломов (Фузайл Исломов Худоёрхоннинг ўғли Фансуроллобекнинг невара куёви бўлган – изоҳ Шариф Юсуповники) собиқ хон ҳаждан қайтишда Боғдодда бетоб бўлгани ва шу ҳолида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳригача етиб келиб, шу ерда вафот этганини ёзган.

Шариф Юсупов ҳам ўз асарида Худоёрхон 1879 йилда Мозори Шарифда вафот этганини айтган. Аммо бугун турли манбааларда собиқ хоннинг вафоти 1882 , ҳатто 1884 йиллар деб ҳам кўрсатилган.

1894 йилда Худоёрхоннинг иккинчи ўғли Муҳаммад Аминбек томонидан «Туркистон вилоятининг газети» газетасида эълон қилинган «Фарғона музофотининг хонлари хусусидаги воқеотлар» асарида Худоёрхоннинг Афғонистондаги Каррух деган жойда вафот этгани келтирилган. Бу манзил Мозори-Шарифга яқин жойда экани айтилади.

Хон ҳаждан қайтиши давомида фон Кауфманга икки марта мактуб ёзган. Биринчи мактубини Истанбулда бўлган вақтида ёзиб юборади ва Тошкентда қолган фарзандларига эътибор беришини сўрайди. Бироқ фон Кауфман унинг мактубини эътиборсиз қолдиради.

Иккинчи мактубида у фон Кауфмандан Тошкентга қайтиб яшаши учун изн сўрайди. Фон Кауфман бу ҳақда Санкт-Петербургга хабар берганда император хон қайтиб келса унга тегмасликларини буюради. Аммо Худоёрхон ҳаётининг сўнгги кунларигача бу ҳақда билмайди.

Тарихчи Акмал Акрамнинг ёзишича, Худоёрхон Маккада икки марта бўлган. Собиқ хон мусулмонларнинг муқаддас шаҳрига  етиб борганида қўлига яра чиқади. Маккадаги табиблар ярани даволай олишмагач Худоёрхон денгиз орқали Бомбейга келади. Бу ерда ярани даволатиб яна Маккага қайтади. Сўнг қуруқлик орқали Туркистонга қараб йўлга чиқади ва Боғдодда бетоб бўлиб, Мозори Шарифда вафот этади.

Шариф Юсупов ўз асарида хон 1879 йилнинг охирроғида вафот этган деб кўрсатган. Худоёрхон вафот этганда милодий ҳисобда 50 ёки 51, ҳижрий ҳисобда 52 ёки 53 ёшда бўлган.

Худоёрхон ва Фурқат

Таниқли ўзбек шоири Фурқат 1859 йилда Қўқонда туғилган ва ёшлиги шу шаҳарда ўтган. Худоёрхон тахтдан қувилганда у 15-16 ёшларда бўлган. Худоёрхон Тошкентга қочганда Фурқат Қўқондаги мадраса талабаси бўлган. Орадан бироз ўтиб у ҳам Тошкентга кўчиб ўтган.

Кейинчалик 1890 йилда Фурқат Тошкентга кўчиб ўтгач Худоёрхоннинг кенжа ўғли Фансуруллобек билан дўст тутинади.

Фурқат сафар қилиш учун хориж давлатларига чиқиб кетганида, кейинчалик Шинжондаги Ёркентга бориб бу шаҳарда яшаб қолганида ҳам Фансуруллобек билан ўзаро мактуб ёзишиб туради.

Хоннинг кенжа ўғли жуда зиёли бўлган ва Остроумов раҳбарлигида чиққан «Туркистон вилоятининг газети» газетасига мақолалар ёзиб турган. Кейинчалик, 1906 йилда Мунавварқори Абдурашидхонов ва Маҳмудхўжа Беҳбудий бошчилигидаги бир гуруҳ жадидлар илк ўзбек газеталаридан бири бўлган «Хуршид» газетасини чиқара бошлашганда таҳририят ишига Фансуруллобек ҳам жалб қилинади. Газетанинг 10 сони дунё юзини кўргач, у ҳукумат томонидан ёпиб қўйилади.

Худоёрхон ҳақида ёзилган асарлар

Худоёрхон Қўқон хонлигини узоқ йиллар бошқарар экан, у ҳақда тириклигидаёқ турли асарлар ёзилган. Шариф Юсуповнинг ёзишича, Ниёзий Ҳўқандийнинг «Илғор аҳли қиссаси», Мулла Қори Қундузийнинг «Таворихи манзума», Мулла Авазмуҳаммад Сўфи Атторнинг «Туҳфатут таворихи хон», Мажҳур Хўжандийнинг «Тарихи Ҳўқанд», Шавқий Намангонийнинг «Жангномаи Худоёрхон», Абдулғафурнинг «Зафарномаи Худоёрхон» сингари асарларда Худоёрхон ҳаётининг турли даврлари тасвирланган.

Бундан ташқари, яна бир қатор шоирлар хонга атаб шеърлар ёзган. Н.Остроумовнинг эслашича, Худоёрхон Қўқондан Тошкентга қочган пайтдан бошлаб, у вафот этган пайт ва ундан кейин ҳам Фарғона водийсида ҳофизлар у ҳақда ёзилган ғазаллар ва мухаммасларни куйга солиб айтишган.

Турли шоирларнинг Худоёрхон ҳақидаги асарларидан таъсирланган Фурқат Тошкентда яшаган вақтида «Мухаммас Муҳаммад Худоёрхон тилидан» номли мухаммасини ёзади ва «Туркистон вилоятининг газети» газетасида чоп эттиради. Бироз ўтиб бу мухаммасни Остроумов ёрдамида рус тилига таржима қилдириб Россия Археология жамияти шарқшунослик бўлимининг «Ахбороти»да ҳам эълон қилади.

Шариф Юсупов Фурқат бу мухаммасни сал аввал Худоёрхоннинг ўлимига атаб ёзилган Мулла Сиддиқ Котибнинг марсия тарзида ёзилган мухаммасидан таъсирланиб ёзган дейди.

Мусулмонлар, биродарлар, биза қайдоғ замон ўлди?

Худоёрхондан айрилдук, ани ҳажри ямон ўлди.

Тушиб бизларга кулфат, ғайри мардум шодмон ўлди,

Шариат бўстонин гулситонига хазон ўлди,

Бу ҳасратдин диёнатпеша аҳли бағри қон ўлди.

(Бу мисралар Мулла Сиддиқ Котибнинг Худоёрхонга атаб ёзган 100 қаторли мухаммасининг биринчи банди).

Абдулла Қодирий асарларида Худоёрхон

Ўзбек халқининг атоқли ва буюк ёзувчиси Абдулла Қодирий ўзининг иккита романида ҳам Худоёрхон ҳаётининг маълум даврларини тасвирлаган. «Ўтган кунлар» романида Худоёрхоннинг ёшлик даври қисқароқ, «Меҳробдан чаён» романида хоннинг 1865 йилдан кейинги ҳаёти батафсилроқ тасвирланган.

«Ўтган кунлар» романида Худоёрхоннинг тахтга энди ўтирган вақтлари, Мусулмонқулнинг саройдаги мавқеи ва хоннинг ўрнига давлатни бошқариши тасвирланган. Романнинг охирроғида эса Мусулмонқул ўлдирилгач қипчоқларга қилинган қирғинлар тасвирланган. Булар Худоёрхоннинг биринчи хонлик даврида содир бўлган.

Қодирийнинг иккинчи романи «Меҳробдан чаён»да Худоёрхоннинг 1865 йилдан кейинги ҳаёти кенгроқ тасвирланган. Романда воқеалар ривожи бевосита хоннинг ҳаёти билан боғланган.

Яъни хон асар қаҳрамони бўлган Анварга унаштириб қўйилган қиз - Раънога уйланмоқчи бўлади. Анвар Раънони аввалига Қўқоннинг ўзида, танишларининг уйига яширади. Охир-оқибат роман Анварнинг ўз хотинини олиб руслар қўл остидаги Тошкентга қочиб келгани билан якунланади.

Адибнинг ёзишича у «Меҳробдан чаён» романини ёзишдан аввал асарда тасвирланган давр ҳақида маълумот йиғиш учун бир неча марта Қўқонга борган. Худоёрхонни яқиндан таниган одамларни топиб улардан турли маълумотлар олган. Ана шулардан бири Худоёрхоннинг ҳарамида канизак бўлган Розия ойим номи билан аталган аёл эди.

Абдулла Қодирий бу аёл билан учрашганда у 90 ёшлар атрофида бўлган. Аёлнинг адибга берган маълумотларига кўра икки марта қувилиб учинчи марта қайта тахтга ўтирган Худоёрхон жами 100 дан ошиқ аёлга уйланган.

Исломда бир пайтнинг ўзида тўрттага уйланиш мумкин. Худоёрхон ҳар гал никоҳидаги хотинлардан бирига талоқ қўйиб, сўнг бошқа қизга уйланаверган. Талоқ қўйилган қизлар отасиникига жўнатилмаган ва канизак (аёл қул) сифатида ҳарамга тиқилган.

«Шариатда тўрттадан ортиқча хотин олиш йўқдур. Худоёрнинг расмий никоҳидаги хотини тўрттадан ошмас, яъни янги хотин оладирган бўлса, тўртинчи хотинини канизликка кечириб, ўрнига янгисини қўйиб турар эди», деб ёзган А.Қодирий «Меҳробдан чаён»даги жумлалардан бирига берган изоҳида.

Худоёрхон биринчи ва иккинчи марта тахтдан қувилганида унинг ҳарамидаги аксарият аёллар қочиб кетган. Ҳар гал тахтни қайтариб олган хон янгидан янги қизларга уйланиб, сўнг талоғини бериб ҳарамдаги аёллар сонини кўпайтираверган.

Хонликнинг йирик шаҳарлари ва бекликларида хонга қиз топиб берувчи махсус аёллар ишлашган ва улар бу иш ортидан Худоёрхондан мукофотлар олиб туришган. Розия ойимнинг эслашича Худоёрхоннинг ҳарамида водийнинг барча шаҳар ва бекликларидан қизлар бўлган.

«Меҳробдан чаён»да тасвирланган Гулшан ана шундай аёллардан бири бўлган. Асарда ёзилишича Гулшан ҳам Худоёрхоннинг биринчи хонлик даврида унга турмушга чиқиб, тахтдан қувилганда қочиб кетган канизаклардан бири бўлган.

Кейинчалик, XX асрда Худоёрхон ҳаётини таниқли олим Шариф Юсупов, Акмал Акрам, филология фанлари номзоди Собиржон Иброҳимов ва манбашунос олим Фузаил Исломов ва бошқалар ўрганишган. У ҳақда бир қатор асарлар ва мақолалар эълон қилишган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид