Жаҳон | 21:59 / 27.11.2022
14195
5 дақиқада ўқилади

Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда

Сўнгги намойишлар Урумчидаги кўп қаватли бинодаги фожиали ёнғин ортидан бошланди: ўн киши ўлимига сабаб бўлган ёнғинни ўчиришга локдаун чекловлари халал бергани тахмин қилинмоқда.

Фото: Reuters / Scanpix / LETA

25 ноябр куни Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудининг йирик шаҳри Урумчида ковид чекловларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ғарб нашрлари ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга таяниб хабар тарқатди; Reuters агентлиги бу видеороликлар айнан Урумчида олинганини тасдиқлаган.

Роликларда кўчада тўпланган одамлар қўшиқ куйлаб, шиорлар айтаётганини кўриш мумкин — Reuters нашри ёзишича, намойишчилар «Локдаунни бекор қилинг!» дея ҳайқиришган ва Хитой мадҳиясини куйлаган, унда «Қул бўлишни истамайдиганлар, ўрнингдан тур!» сўзлари бор. BBC News нашри ёзишича, видеолардан бирида одамлар гуруҳи ҳимоя тўсиғини ёриб ўтишган. The New York Times хабар қилишича, айрим роликлар интернетнинг Хитой сегментида кенг тарқалган, аммо кейин ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилган.

Урумчида аҳолининг катта қисмига ўз уйини тарк этиш тақиқланган локдаун август ойидан буён, яъни юз кундан ортиқ вақт давомида сақланиб турибди. Шу билан бирга, бутун мухтор ҳудудда 25 ноябр куни ковидга чалиниш билан боғлиқ мингга яқин янги ҳолат қайд этилган, шундан фақат 20 ҳолатда касаллик ташқи аломатларга эга.

Намойишлар Урумчидаги кўп қаватли уйда 24 ноябр куни рўй берган ёнғин ортидан бўлиб ўтди, расмий маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида 10 киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши тан жароҳати олган.

Ўт ўчирувчилар ишига ковид чекловлари халал берган бўлиши мумкин. Ҳодиса чоғида олинган кадрларда ўрнатилган тўсиқ туфайли уй олдига етиб бора олмаётган ўт ўчириш машинасини кўриш мумкин. Ундан чиққан сувни юқори қаватдаги оловга етказишнинг имкони бўлмаган. The New York Times нашри ёзишича, бундай тўсиқлардан Хитой шаҳарларида локдаунлар вақтида чеклов чоралари доирасида ўрнатилади. Шунингдек, Reuters хабарига кўра, уйда яшовчилар локдаун туфайли ҳудудни тезда тарк эта олмагани ҳақида фикрлар бор.

Аммо маҳаллий фавқулодда хизмат бошлиғининг айтишича, ўт ўчирувчи машиналар уй олдига «ўтиш йўли жуда тор бўлгани ва шахсий автомобиллар кўплиги» туфайли кириб бора олмаган. Шунингдек, у бинода ёнғин вақтида чиқиш йўллари очиқ бўлгани, аммо айрим яшовчилар бу йўл қаерда жойлашганидан бехабар бўлганини айтган.

Маҳаллий маъмурларнинг таъкидлашича, бу уй гўёки коронавирус чекловлари нуқтайи назаридан «паст хавфли» деб таснифланганди, бу эса аҳоли уйни эркин тарк этишига имкон берарди. Аммо South China Morning Post журналистлари ёзишича, бу сўзларнинг тасдиғи топилмаган. Уйда яшовчилардан бири BBC News мухбирига айтишича, бу уйдан фақат расмийлардан рухсат сўраб, қисқа муддатга чиқиш мумкин бўлган.

26 ноябр куни, Урумчидаги намойишдан кейин, Хитой нашрларида Шинжон-Уйғур мухторияти расмийлари ёнғин юзасидан «синчковлик билан текширув» ўтказилиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилгани ҳақида хабар тарқатилди. Шаҳар мэри Мамтимин Хадир одамлар ўлими юзасидан ҳамдардлик билдириб, шаҳар аҳолисидан узр сўраган (BBS News буни ноодатий ҳодиса деб баҳолаган).

Бу Хитойда сўнгги ҳафталарда ковид чекловларига қарши илк намойиш эмас. Октябр ойи охирида Тибет мухтор ҳудудининг Лҳаса шаҳрида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув рўй бергани маълум бўлганди, ўша вақтда бу ҳудудда уч ойдан буён локдаун амал қилаётганди. Хабарларга кўра, бу ерда этник кўпчиликка мансуб бўлган ханлардан иборат ишчи мигрантлар норозилик билдиришган. Ноябр ойи ўрталарида Гуанчжоуда ҳам норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтди, бу ковид авж олган ҳудудлардан бири бўлиб турибди.

Хитой ҳукумати коронавирус кенг тарқалган аҳоли яшаш манзилларида қатъий чекловлар жорий этишда давом этмоқда. Бу эса Хитотй иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши айтилади. Аммо яқинда Хитой Компартияси қурултойида ковидга қарши «нол бардошлик» сиёсати муваффақиятли деб баҳоланди. Хитой расмий статистикасига кўра, мамлакатда пандемия бошидан буён коронавирусдан беш мингдан ортиқроқ киши вафот этган.

Сўнгги кунларда Хитойда, расмий статистикага кўра, мамлакат учун кунлик касалланиш билан боғлиқ рекорд кўрсаткичлар қайд этилмоқда — кунига 32-35 минг кишида касаллик аниқланмоқда. Ой ўрталарида мамлакатда маълум юмшатишлар жорий этилганди — хусусан, мамлакатга келувчилар ва касалланган кишилар билан яқин алоқада бўлганлар учун карантина муддати камайтирилганди.

Мавзуга оид