Спорт | 16:11 / 05.12.2022
28349
4 дақиқада ўқилади

Осиёликлар навбатдаги сенсацияларга тайёрланмоқда. Куннинг асосий интригалари

Японлар яна бир сенсация кўрсата оладими? Бразилия Кореяга қарши ўйинда қоқилмайдими?

Фото: Дмитрий Голубович, «ЧЕМПИОНАТ»

Бугун Қатардаги жаҳон чемпионати нимчорак финали доирасида яна икки учрашув бўлиб ўтади.

Япония — Хорватия (Тошкент вақти билан соат 20:00)

Гуруҳ босқичида шов-шув кўтарган жамоа ва ЖЧ-2018 финалчиси плей-оффнинг илк раундида тўқнаш келмоқда. Катта турнирларда японларникидан қизиқарлироқ саргузаштни топиш қийин. Осиёликлар Коста-Рикага ютқазди (0:1), аммо Испания (2:1) ва Германияни (2:1) енгиб, бундестимни жаҳон чемпионати плей-оффидан ташқарида қолдиришди.

Японлар ўлим гуруҳидан чиқиш билан чекланмай, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Бу жамоа Хорватия билан ўйинда фаворит саналмаса ҳам, иложсиз аутсайдер бўлмаслиги аниқ.

Япония термаси костарикаликларга қарши ўйинда биринчи рақам остида ҳаракат қилиб, ютқазиб қўйишди, аммо тўпсиз ҳаракат қилишга тўғри келган ўйинларда максимум натижа чиқара олишди. Бугунги учрашув, катта эҳтимол билан яна рақиб жамоанинг ҳудудий устунлиги билан кечади, аммо Япония учинчи бор қарши ҳужумларда муваффақиятга эриша оладими?

Хорватлар гуруҳда катта таассурот қолдира олишмади, фақат бир ўйинни кучли ўтказишди. Златко Далич жамоаси Канада билан ўйинда савиядаги фарқни яққол кўрсатиб қўйишди (4:1), аммо Марокаш билан тенгма-тенг ўйнашди (0:0) Белгияга қарши ўйинда эса вазиятлардан фойдалана олмади ва базўр дурангни сақлаб қолишди (0:0). Япония эса вазиятларни кўкка совуришни қандай жазолашини аллақачон намойиш этиб бўлди. Плей-оффда Хорватия ўзгара оладими?

Жамоалар жаҳон чемпионатларида икки бор тўқнаш келишган. 1998 йилда хорватлар гуруҳда ғолиб келишган (1:0), 2006 йилда эса муроса кўчаси танланган (0:0). 

Фото: Дмитрий Голубович, «ЧЕМПИОНАТ»

Бразилия — Корея (Тошкент вақти билан соат 00:00)

Бразилия иккинчи турдаёқ плей-офф масаласини ҳал қилганди, аммо сўнгги турда гуруҳдаги биринчи ўйинни бой бериб қўйишига бир бахя қолди — Швейцарияга биргина гол етмади. Қолаверса шу ўйинда икки ҳимоячи (Алекс Сандро ва Алекс Теллес) ҳамда форвард Габриэл Жезус жароҳат олиб сафдан чиқди. Ундан олдинроқ Данило ҳам жароҳат олганди, энди қанот ҳимоясида 40 ёшни қаршилаётган Дани Алвес ўйнайди.

Шунга қарамай, Бразилия — яққол фаворит. Июн ойида бу жамоалар ўртасидаги ўртоқлик учрашуви натижаси (Бразилия фойдасига 5:1) бугунги кунда ҳам кучлар нисбатини ифодалайди. Қолаверса, бугунги ўйинга Неймар қайтиши айтилмоқда, у «ПСЖ»даги жамоадошларидан ортда қолмаслиги керак. Қатарда Мбаппе аллақачон 5 гол урди, Мессида — 3 гол бор.

Корея қандай қаршилик кўрсатиши мумкин? Жамоада Сон Ҳин Миннинг ўрни беқиёс, Португалиянинг иккинчи таркибига қарши сўнгги тур ўйинида унинг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган тўпини Ҳванг Ҳи Чван дарвозага жойлаб, осиёликларни плей-оффга олиб чиққанди. Кореяликлар Уругвайни гуруҳда қолдириб, 1/8 финалга чиқишди — жанубий америкаликлар бу рақибни менсимай ҳаракат қилиши яхшилик келтирмаслиги мумкин. 

Кореяликларнинг Кимлардан иборат ҳимоя чизиғи «Наполи» аъзоси Ким Мин Жэ жароҳат олиши туфайли кучсизланди, у майдонга тушишга тайёрлигини айтаётган бўлса-да, болдиридаги жароҳати билан бразилларга қарши ўйнаши савол остида.

Бразилия устидан ғалаба қозониш учун Жанубий Корея таркибидаги барча футболчилар ҳаёт-мамот жангини ўтказиши керак. Буни уддалаб бўладими, бугун гувоҳ бўламиз?

Чоракфинал

Бу учрашувлар ғолиблари 9 декабр куни Тошкент вақти билан соат 20:00да «Education City» стадионида ўзаро баҳс ўтказади.

Мавзуга оид