Киев атрофидаги қочқинлар шаҳарчаси ва Бахмут мудофаасидаги жангчилар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 285-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия яна Украина ҳудуди бўйлаб ракета зарбалари йўллади. Энергетика инфратузилмаси шикастланган, камида икки киши ҳалок бўлган. Украина томони учирилган 70 ракетадан 60 дан ортиғи тутиб қолинганини маълум қилди. Ракеталардан бири Молдова ҳудудига тушган (маҳаллий нашрларга кўра, у украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан отилган бўлиши мумкин). Ҳозирча Молдова ҳукумати бу борада батафсил маълумот бермади;
- 5 декабр тонгида Россиянинг Рязан ва Саратов областларидаги аэродромларига дронлар ҳужуми рўй берди. РФ мудофаа вазирлиги бунда Украинани айблаган. РФ мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари дронларни уриб туширганини айтди, аммо қуруқликда уч ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган;
- БМТ Украина аҳолиси орасидаги уруш қурбонлари бўйича янги маълумотни тасдиқ этди: 24 февралдан 4 декабрга қадар 6702 киши ҳалок бўлиб, 10479 киши жароҳатлангани расман тасдиқланган. Қурбонлар орасида 424 бола бор, 775 бола яраланган.
- Владимир Путин «мерседес»да Керч бўғози бўйлаб ўтган кўприкда ҳаракатланди. Кўприкда ҳаракат 8 октябр кунги портлашдан кейин тўхтаб қолганди.
Киевликлар ракета зарбалари чоғида метрога тушиб яширинмоқда
5 декабр куни россиялик ҳарбийлар яна бир бор Украинанинг муҳим инфратузилма объектларини ўққа тутишди. Душанба куни кундузи ҳаво тревогаси мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида, жумладан Киев шаҳри ва Киев областида янгради. Пойтахт мэри Виталий Кличко сиреналар чалинаётган маҳалда кўплаб кишилар метрода яширингани ҳақида хабар қилди. Кейинроқ Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко Запорижжя области Новософиевка қишлоғида икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлади, Киевда қурбонлар бўлгани ҳақида маълум эмас.
Украина бўйлаб зарбалар оқибатлари
5 декабр кунги ёппа ракета зарбалари вақтида Черкасс, Запорижжя, Киев, Винница, Одесса областлари, Харкив ва Херсон шаҳарларида портлашлар кузатилди. Ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш тревогаси эълон қилинган ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган ҳудудларда электр энергиясини авариявий узиш ҳолатлари кузатилган. Бир қанча област марказларида — Одесса, Житомир ва Миколайивда — ток қисман ўчган. Одессада барча насос станциялари ва сув таъминотининг захира линиялари ўчирилган, област ҳудудида — икки инфратузилма объекти шикастланган (айнан қайсилари эканига аниқлик киритилмаган), бир киши тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Донецк ўққа тутилиши оқибатлари
«ДХР» ҳукуматига кўра, Украина қуролли кучлари Донецкнинг Ворошиловск ва Киев районларига тўртта ракета учирган. Зарба «Донецк Сити» савдо марказ ва «ДХР» ТИВ биноси жойлашган ҳудудга келган, тинч аҳоли вакилларидан тўрт киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, «ЛХР» «халқ милицияси» вакили Андрей Марочко Луҳанскдан 42 километр масофадаги Алчевск шаҳри ўққа тутилиши оқибатида ўн киши ҳалок бўлганини хабар қилган.
Киев атрофидаги қочқинлар шаҳарчасидаги ҳаёт
Модул шаҳарчалар — ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган, шунингдек босиб олинган ҳудудлардан кўчириб келинганлар вақтинчалик яшаши учун бинолар. Бундай шаҳарчалардан бири Киев яқинидаги Бородянка посёлкасида қурилган. Уйини йўқотган украинлар вақтинча турар жойларда қандай яшаётгани қуйидаги суратларда.
Херсон областида эксгумация ва дафн маросимлари
Херсон областининг озод этилган қисмида Россиянинг саккиз ойлик оккупацияси чоғида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари жасадлари аниқланиши ва қайта дафн этилиши давом этмоқда. Високопиля посёлкасида (Херсон области шимолида) яшовчи 67 ёшли Тамила Сергейнинг эрини россияликлар ўлдиришган — унинг жасади эндигина топилди ва эксгумация қилинди.
Бахмут атрофидаги украин жангчилари
Россиялик ҳарбийлар Донецк областидаги асосий мақсади бўлган Бахмут шаҳрини эгаллаш учун уринишларини давом эттирмоқда. РФ қўшинларининг бу йўналишдаги асосий кучлари «Вагнер» гуруҳи жангчилари бўлмоқда. 4 декабр куни Бахмут атрофида Украина томонида жанг қилган олти нафар грузин кўнгиллиси ҳалок бўлгани маълум бўлди. Қуйида Украина қуролли кучлари жангчилари фронт чизиғида қандай ҳаёт кечираётгани ва Бахмутни қандай ҳимоя қилаётгани суратларда.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
11:51 / 12.11.2024