Жамият | 15:51 / 07.12.2022
19147
7 дақиқада ўқилади

Рақамли дунё болалари: уларни экран касал қилиб қўйиши мумкинми? 

Интернет фойдаланувчиларининг ҳар учинчиси – болалар. Улар турли манбалардан, фильтрланган ва фильтрланмаган ахборотларни истеъмол қилишади. Оқибатда эса болаларнинг нутқида, ўқишида, дўстлар орттиришида муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Интернет асрида вояга етаётган болалар ҳали гўдаклигидан атрофдагиларнинг турли гаджетлардан фойдаланаётганини кўриб улғайишмоқда.

Табиийки, салгина улғайишгач уларни қизиқтирадиган энг асосий ўйинчоқ ҳам мана шу гаджетлар бўлади. Яқин қариндошимнинг бир ёшга тўлган қизалоғи телевизордан мултфильм қўйиб беришса, кўришни хоҳламасдан хархаша қилиб, телефондан қўйиб беришини талаб қилади. “Ҳозирги болалар туғилганданоқ телефонни тушуниб туғилишади” деган гаплар ҳам қулоққа чалинади. Лекин ҳали ақлини танимаган боланинг виртуалликка реал нарсалардан ҳам кўпроқ қизиқиши нормалми?

Фото: Shutterstock

2 ёшдан сўнг рухсат

“Болалар 2 ёшдан ошганларидан сўнг уларга экран вақти белгилаб, теливизор, You Tubeʼдан видеолар қўйиб бериш мумкин. Бундан олдинроқ экранга ўргатиш боланинг нутқи ва психологик ривожланишига салбий таъсир қилади. Бунда боланинг тили кеч чиқиши мумкин, у ўзининг “ўзи эканлигини” англаши қийин бўлади. Экрандаги суҳбатдош ундан жавоб беришни талаб қилмайди. Шу сабаб болалар “рақамли аутизм” касаллигига чалиниб қолиши ҳам мумкин. Бу – одамлар билан аралашиш, нутқ ва ўзини ҳис қилишда муаммолар билан намоён бўлади”, дейди психолог Розалия Габдулҳақова.

Хорижий нашрлар болага камида18 ойлик (1,5 ёш) бўлмагунча видео кўришга рухсат бермаслик лозимлигини ёзишади. Йўқса, болада хотира, тил чиқиши ва кейинчалик ўқишни ўрганишида муаммолар бўлиши мумкин. Лекин ҳозир 2 ёшгача ҳам болани виртуал оламдан узоқ тутиш осон эмас.

Рақамли аутизм

Бу атама, айниқса, пандемиядан кейин кўп ишлатила бошланди. Рақамли аутизм 4 ёшгача бўлган болаларнинг экран олдида кўп вақт сарфлаши сабаб уларда аутизмга ўхшаш аломатлар юзага кела бошлаши билан намоён бўлади. Аутист болаларга ташқи дунёга бефарқлик, ўзи билан ўзи гаплашиш, ижтимоийлаша олмаслик, ҳисларни ажрата олмаслик каби ҳолатлар хос.

Фото: Shutterstock

Болани кунига 2 соатдан кўп экран олдида қолдириш меъёрдан ортиқ ҳисобланади. Агар шундай қилинса, унинг ривожланишида хавфлар пайдо бўлиши мумкин: когнитив қобилиятида сусткашлик, социал ҳаётга мослашишда қийинчиликлар, нутқда муаммолар. 

Болаларнинг бола қаҳрамонлари

Статистик маълумотларга кўра, интернет фойдаланувчиларининг ҳар учинчиси – болалар. Улар интернет орқали ўйин ўйнашади, видео кўришади ва шу орқали турли кўринишларда ахборот истеъмол қилишади.

Болалар яхши кўрадиган платформалардан бири, шубҳасиз, You Tube. Бу платформа 0 ёшдан бошлаб болалар учун мўлжалланган турли мултфильмлар, қўшиқлар ва кўрсатувлар билан тўла. You Tubeʼга бир кунда тахминан 700 минг соатлик видео юкланади ва исталган одам ўзи контент яратиши мумкин. Видеоларни доимий равишда фильтрлаш имкони эса жуда оз. Бу эса болалар ўзларига зарарли видеоларни кўрмаслиги кафолатланмаганини билдиради.

 You Tubeʼда болакайлар учун кўрсатувлар тайёрлайдиган бола ютуберлар ҳам кўп. Масалан, “Райаннинг дунёси” влогининг 33,8 млн, “Настя каби” влогининг 102 млн обуначиси бор. Бу блогдаги видеолар миллионлаб марта кўрилган ва уларни айнан болалар кўришади. Турли мавзуларда саҳналаштирилган кўрсатувлар бир қарашда ранг-баранг ва зарарсиз. Аммо улар диққат билан кўриб чиқилса, боланинг вақтини экранда ўтказишдан ташқари бошқа зарарларини ҳам кўрасиз. Бу – онгостига таъсир қиладиган қўрқинчли ёки мумкин бўлмаган одатларни қилиш мумкинлигини кўрсатадиган саҳналар.

“Настя каби” влогидан бир нечта видеоларни кўриб чиқамиз.

Влогдаги “Зарарли жодугар тарихи” видеоси ярим миллионга яқин кўрилган. Унда жодугарга оид қўрқинчли саҳналар бор.

Ҳеллоун ҳақидаги мана бу видеодаги тасвирлар эса ҳатто катта одамни ҳам сескантириб юборади.

Тўғри, влогдаги видеолар кўнгилочар ва болаларга турли мавзуларда (масалан, овқатланишдан олдин қўлни ювиш кераклиги, санашни ўрганиш, тўфондан қандай ҳимояланиш каби) маълумотлар беради, лекин орадаги шундай қора тасвирлар бола руҳиятига таъсир қилмай қолмайди. 

Оқибат

Қўрқув уйғотувчи видеоларни томоша қилиш миянинг кичик миқдорда допомин қабул қилишига сабаб бўлади. Допомин танани рағбатлантирувчи функцияни бажаради ва бирор ҳаракатни қайта-қайта бажаришга хоҳиш уйғотади. Бу ҳаракат улар видеода кўрган хавфли вазиятни такрорлаб кўриш истаги бўлиши ҳам мумкин.

Фото: Shutterstock

“Ҳаёти You Tubeʼдан иборат бўлиб қолгани учун одамлар билан мулоқот қила олмай қолган, худди қисқа видеолар каби мавзудан мавзуга сакраб ўтиб кетадиган, виртуал дунёга тушиб қолишни орзу қиладиган болалар ҳам қабулимга келишади. Улар билан биринчи навбатда кун тартиби тузиб олиб, экран олдида ўтадиган вақтини бошқа машғулотларни бажаришга алмаштирамиз. Бунда боланинг ёшига ҳам кўп нарса боғлиқ. Агар боланинг ёши кичик бўлса, у билан ишлашда ота-онаси ёрдамидан фойдаланилади”, дейди психолог Розалия Габдулҳақова.

Болани қандай банд қилиш мумкин?

Розалия Габдулҳақова фикрига кўра, кичик ёшдаги болани видео қўйиб чалғитиш – муаммони ҳал қилмасдан уни вақтинча тинчитиш дегани.

“Болакай бирор вазиятни қабул қилолмагани учун ёки нимадандир норози бўлгани учун йиғлайди. Она эса буни тушуниб муаммони ҳал қилиш ўрнига уни телефон билан чалғитиб туради холос. Боланинг ёшига қараб унинг хархашаси ҳам ҳар хил бўлади. Масалан, 3 ёшли бола хоҳишларини яхши тушуна олмаганидан ёки талаб қилишни ўрганаётгани учун инжиқланиши мумкин. Ундан кичик ёшдаги бола эса қўлига телефон беришларига ўрганган бўлса яна шуни талаб қилаётган бўлади. Сабаби болаларга бир хиллик кўпроқ ёқади ва у видео кўриб хотиржам бўлишга ўрганган бўлса, яна шуни талаб қилади.

Она боланинг ёшидан келиб чиқиб, у учун экран олдида ўтириш ўрнига янги машғулот ўйлаб топиши керак. Шунингдек, хархашанинг аниқ сабабларини ўрганиб, ҳал қилишга ҳаракат қилиш керак”, дейди психолог. 

Реаллик даражасидаги виртуаллик

Виртуаллик ҳаётга кўчаётган даврда болаларни ундай чеклаш жуда қийин. Масалан, ҳозир Метаверс деб номланган 3Д форматдаги дунё яратилган, унда ҳамма ўзининг аватарини ясаб олиши мумкин. Бу аватар сиз бўлиб ҳаракатланиши ва одамлар билан танишиб, дўстлар орттириши, ўйинлар ўйнаши ва ҳатто сайр қилиши ҳам мумкин.

Фото: Shutterstock

Бундай шароитда болаларни гаджетлардан чеклаш эмас, уларни қаровсиз қолдирмаган ҳолда ахборот истеъмолига ўргатиб боришдан тўғрироғи бўлмаса керак. Бунда кўп нарса ота-онанинг сабрига боғлиқ бўлиб қолади.

Мавзуга оид