Ўзбекистон | 00:04 / 17.12.2022
10151
2 дақиқада ўқилади

Парламентда 2023 йилги давлат бюджети муҳокамаси бошланди

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда Бюджетнома кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.

Давлат бюджетининг муҳокамаси қонунда белгиланган муддатдан кечикиб бошланди. 

Бюджет кодексининг 97-моддасига асосан Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис палаталарига, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай киритилиши белгиланган эди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 ноябрига қадар кўриб чиқилиши керак эди.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун Сенатга кўриб чиқиш учун қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида юборилиши, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун Сенат томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай маъқулланиши лозим эди.

Давлат бюджетининг муҳокамаси нега кечикиб бошланганига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси изоҳ бермади.

Мавзуга оид