Иқтисодиёт | 15:15 / 19.12.2022
40656
4 дақиқада ўқилади

UzAuto'га субсидия 3,5 баробарга ошади

UzAuto таркибидаги корхоналар экспорт қилаётган машиналар учун чет элда тўланадиган утилизация йиғими ўзбекистонлик солиқ тўловчилар елкасига юклатилган. Бу юкнинг оғирлиги 3,5 баробарга ошиши кутиляпти. Депутат Расул Кушербаев “халқнинг ғазнасидаги бу пуллар монополист компаниянинг ҳисобига ўтказилиши”га қаршилигини билдирди.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлисдан тугаб бораётган 2022 йилги давлат бюджети ҳақидаги қонунни ўзгартиришни сўрамоқда.

Депутат Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, тегишли қонун лойиҳаси депутатлар қўлига “шошилинч берилган”. Унда 2022 йил бюджетини яна 2 трлн сўмга ошириш кўзда тутилган:

  • давлат-хусусий шериклиги асосида асосида фаолият кўрсатаётган хусусий боғчалар сонининг ортиб бораётгани ҳисобига, бу йўналишга қўшимча субсидиялар ажратиш учун Мактабгача таълим вазирлигига –  407,1 млрд сўм;
  • иссиқлик таъминоти бўйича аҳолига паст даражали тарифлар қўлланиши натижасида юзага келган зарарларни қоплаш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига – 404,7 млрд сўм;
  • экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автомобил саноати корхоналари томонидан тўланадиган утилизация йиғими харажатларига давлат бюджетидан маблағ ажратиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига – 224,5 млрд сўм;
  • ҳудудларда зудлик билан ечилиши лозим бўлган қўшимча тадбирларни молиялаштириш мақсадида кейинчалик маҳаллий бюджетларга қайта тақсимлаш (ўтказиб бериш) мақсадида Молия вазирлигига – 1 000,0 млрд сўм.

“Энг қизиғи утилизация йиғими кимларга ва қандай мақсадларда ишлатилаётгани, монополист UzAuto Motors утилизация йиғимини тўлаяптими-йўқми, бу яширилаётган бир вақтда давлат бюджетидан утилизация йиғими харажатларига 224,5 млрд сўм ажратиш сўралиши – мантиқсизлик. Катта эҳтимол билан халқнинг ғазнасидаги бу пуллар монополист компаниянинг ҳисобига ўтказилади”, – дея ёзган Кушербаев.

Депутат бу лойиҳанинг қабул қилинишига тўлиқ қаршилигини билдирган. Унинг Иқтисодиёт вазирлигига таяниб аниқлик киритишича, сўралаётган 224,5 млрд сўм маблағ иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчига тўлаб берилиши кўзда тутилган. Булар:

  • UzAuto Motors'га – 137,5 млрд сўм;
  • SamAuto'га – 87 млрд сўм.

Экспорт қилинаётган автомобиллар учун хориждаги утилизация йиғими бўйича харажатларни давлат бюджетидан компенсация қилишга амалдаги бюджет қонуни бўйича 2022 йилда 100 млрд сўм йўналтириш белгилаган. Ҳукумат сўрови қондирилса, бу сумма 324,5 млрд сўмга етади.

Автоишлаб чиқарувчиларнинг экспорти харажатлари бир қисми солиқ тўловчилар зиммасига юкланаётгани танқидларга сабаб бўлмоқда.

“Олаверинглар, давлатимиз камайиб қолармиди...”дея киноя қилди парламент депутатларидан яна бири Дониёр Ғаниев.

“Шу заводнинг ёпилиши қанча пулни иқтисод қилар эди. Худди шунга ўхшаган юзлаб “кўринмас” кичик заводлар бор, бир-икки одамни ишлатаман деб, 35 миллион халқнинг ҳаётини қимматроқ ва қийинроқ қилишади. Иқтисодиётимизга турган битгани зарар”,дея ёзди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни “паразитликнинг олий намунаси” дея таърифлаб, UzAuto Motors шундоғам ички бозорда сотаётган автомобиллари учун утилизация йиғимини тўламаётган бўлиши мумкинлигини эслатди. Давлат бюджетига тўланиши керак бўлган бу сумма 7 трлн сўмдан ошиқроқлиги айтилмоқда. Ҳозиргача бирорта идора бу пул тўланганми-йўқми, тўланган бўлса, қанча тўланган – очиқлаган эмас.

“Йил бошида тасдиқланган бюджетда хорижга экспорт қилинган автомобиллар учун утилизация йиғимини қоплашга 100 млрд субсидия бир думалаб йил охирида 325 млрд сўмга етибди. Бу – сиз ўз ёнингиздан қозоғистонлик ва россиялик харидорлар сотиб олаётган автомобиллар учун ҳам утилизация йиғимини тўлаяпсиз дегани.

Бундан бадтар паразитлик бўлиши мумкинми?” – дея савол берган Бакиров.

Айни кунларда парламент 2022 йил бюджетини ўзгартириш билан бирга, 16 декабрдан 2023 йил бюджети лойиҳасини кўриб чиқишни ҳам бошлади. Ҳукумат кетма-кет тўртинчи йил бюджет лойиҳасини парламентга киритиш муддатларини бузди.

Мавзуга оид