Жаҳон | 17:23 / 24.12.2022
12819
3 дақиқада ўқилади

«Яндекс»нинг овқат етказиш сервиси ходимлари иш ташлаш қилди

Фото: РИА Новости

Россиядаги овқат етказиб бериш бўйича етакчи сервис ҳисобланган «Яндекс Еда» хизмати ходимлари Москва ҳамда Санкт-Петербургда 20-25 декабр кунлари иш ташлаш қилишди. Улар иш ҳақлари кескин тушиб кетгани ва меҳнат шартномасисиз ишлаётганидан норози бўлган.

Умумий ҳисобда 600 нафаргача курьер Россиянинг икки йирик шаҳрида ишга чиқмагани айтилмоқда. Компания матбуот хизмати мижозлардан ҳеч қандай эътироз тушмаганини маълум қилган, аммо ишчилар бунинг тескарисини айтмоқда.

Нимадан бошланди?

20 декабр куни «Курьер» касаба уюшмаси иш ташлаш бўлиши ҳақида эълон қилди. Бу норозилик акцияси давомида «Яндекс Еда» ишчиларини нафақат ишга бормай, буюртмаларни етказиб бермаслик, балки ресторанларга бориб кассада сунъий навбатларни келтириб чиқаришга чорлашди.

Касаба уюшмаси вакилининг «Болшой город» нашрига маълум қилишича, муаммо «Яндекс» рақобатчиси «Delivery Club» овқат етказиб бериш хизматини сотиб олганидан бошланган. «Яндекс Еда» овқат етказиб бериш бозорида асосий ўйинчига айлангач, курьерларнинг хизмат ҳақи камайиб кетган.

«Бу камситадиган даражада кам»

Маълум бўлишича, охирги ўзгаришлардан кейин курьерлар Москва ва Петербургда ҳар бир буюртмани етказиб бериш учун минимал 70 рубл ола бошлаган, ҳудудларда бу рақам 50 рублгача тушиб кетган. Аввал эса ҳар бир буюртма учун курьерлар 110 рубл олган.

«Бу камситадиган даражада кам пул, уни ишлаш учун курьер ноқулай ҳавода ҳам катта масофани босиб ўтиши керак. Агар режалаштирилган вақтда буюртма олиш давомида яна битта қўшимча буюртма олмаса, курьер шу пулни ҳам ололмаслиги мумкин», дейди нашр билан суҳбатда касаба уюшмаси фаолларидан бири.

Иш ташлашда қатнашган курьерлар қуйидагиларни талаб қилмоқда:

  • Ҳар бир буюртма учун 110 рубл тарифини қайтариш;
  • Етказиб бериш ҳудудини 2 километргача камайтириш;
  • Жарималарни бекор қилиш;
  • Бир вақтнинг ўзида бир нечта буюртмани етказиб бериш учун курьернинг розилигини олиш ва улар учун тўлиқ ҳақ тўлаш;
  • Курьер 20 дақиқагача кутиб қолган тақдирда қўшимча ҳақ тўлаш;
  • Буюртмани автоматик қабул қилиш функциясини бекор қилиш;
  • Мажбурий меҳнат шартномаси жорий қилиш.

Мавзуга оид