Жаҳон | 09:00 / 14.01.2023
4667
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Германияда мудофаа вазири алмаштирилиши мумкин

Немис нашрлари ҳукуматдаги манбаларга таяниб, Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт тез орада истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда. У бир неча бор оммавий ахборот воситаларида жанжалларга дуч келди.

Кристин Ламбрехт / Фото: Reuters

Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқишга яқин турибди, дея хабар бермоқда Германиянинг Bild ва Süddeutsche Zeitung нашрлари 13 январь, жума куни ҳукуматдаги ўз манбаларига таяниб. Ушбу маълумотни ntv канали ва dpa агентлиги ҳам манбаларни тўлиқ ошкор қилмасдан тасдиқлади. Süddeutsche Zeitung газетаси ҳатто истеъфога чиқиш мумкин бўлган вақтни ҳам очиқлади - 16 январдан 23 январгача. Шу билан бирга, Германия Мудофаа вазирлиги бу маълумотни изоҳга муҳтож бўлмаган миш-мишлар деб атади.

Германия мудофаа вазири, социал-демократ Кристин Ламбрехт бир неча бор оммавий ахборот воситаларида жанжалларга дуч келди - охирги марта немис ОАВ муваффақиятсиз деб тан олинган янги йил табриклари билан. Ламбрехт табрик видеомурожаатини ёзиб, унда Украинадаги уруш ҳақида портлаётган пиротехника фонида айтиб ўтди ҳамда улардан баландроқ овозда гапиришга уринди. Жанжалга, шунингдек, Ламбрехт ўғлининг хизмат вертолётидаги сурати эълон қилингани сабаб бўлган.

Сўров натижаларига кўра, вазир Германияда машҳур эмас. Хусусан, ZDF телеканали томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, немисларнинг 60 фоизи унинг истеъфога чиқиш қарорини қўллаб-қувватлайди. 2022 йил декабрь ойида мудофаа вазири бўлгунга қадар у Ангела Меркелнинг сўнгги кабинетида адлия вазири бўлган ва 2021 йилдан буён оила, аёллар ва ёшлар масалалари бўйича вазир лавозимида ҳам ишлаган.

Шу билан бирга, 2022 йил декабрь ойида канцлер Олаф Шольц очиқчасига Ламбрехтни танқиддан ҳимоя қилиб, «Бундесверда биринчи даражали вазир бор»лиги ва «унга қарши қандайдир танқидлардан ҳайратда қолгани»ни айтганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид