Ўзбекистон | 18:51 / 21.01.2023
18983
2 дақиқада ўқилади

670 минг куб метр табиий газни ўғирлаш ҳолатлари аниқланди

Давлат ва жамият манфаатига етказилган зарар 545 млн сўмдан ошган.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилояти, Зарбдор туман бўлими томонидан «Ҳудудгаз Жиззах» корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширувда, фуқаро Б.Д. «Z.p» корхонасига қарашли паррандачилик биносини ҳеч қандай шартнома ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан юқори босимли газ тармоғига улаб, 376,9 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 248,8 млн сўм зарар етказилган.

Департаментнинг Тошкент туман бўлими томонидан ИИБ, «Ўзнефтегазинспекция» ва туман газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, «Х» маҳалласида яшовчи М.А. рақамсиз уйда жойлашган иссиқхонани ўзбошимчалик билан газ тармоғига улаб, 154,9 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Оқибатда, давлат ва жамият манфаатларига 154,9 млн сўм зарар етказилган.

Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан «Ҳудудгаз Бухоро» Ромитан туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширувда, «R.t» корхонаси раҳбари З.А. иссиқхонанинг газ тармоғи назорат тамғасини бузиб, 141,6 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Оқибатда, давлат ва жамият манфаатларига 141,6 млн сўм зарар етказган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид