Жамият | 21:06 / 26.01.2023
39859
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги уйдан аёл ва унинг вояга етмаган жияни жасади топилди. Қотилликда гумонланган шахс ушланган

30 ёшли эркак ўз аммаси ва жиянини 7 млн сўм пул учун пичоқлаб ўлдирган.

25 январ куни Андижон вилояти, Хўжаобод тумани, «Мустақилликнинг 27 йиллиги» маҳалласида яшовчи 1960 йилда туғилган аёл К.А. ва унинг 2005 йилда туғилган қиз жияни С.К. мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.  

Шу куни вилоят прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди (Икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати кўп ўтмай аниқланишича, қотиллик аёлнинг қариндоши томонидан амалга оширилган.

«Андижонда содир этилган қотиллик жиноятини фош этиш борасида тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатлари олиб борилди. 

Аниқланишича, 25 январ куни соат 18.30 ларда 30 ёшли эркак аммасининг яшаш уйида кредит қарздорлигини тўлаш учун қарзга пул сўраган ва аммасидан рад жавобини олган.

Рад жавобидан жаҳли чиққан эркак пул маблағларини қўлга киритишни мақсад қилиб, аммаси ва у билан яшовчи жияни (амакисининг қизи) ни хўжалик пичоғи билан қасддан ўлдирган. Шундан сўнг, у хонадонда бўлган 7 млн. сўм пулни қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган», дейилади хабарда.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи шахс ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид