Жаҳон | 08:26 / 06.02.2023
21269
2 дақиқада ўқилади

Туркияда 7,4 магнитудали зилзила юз берди

Мамлакат жануби-шарқидаги Шанлиурфа вилоятида вайронагарчиликлар кузатилди.

Фото: sabah.com

Туркиялик сейсмологларнинг маълумотларига кўра, 7,4 магнитудали зилзиладан кейинги ер силкинишлари душанба куни Туркиянинг кўплаб минтақаларида, жумладан Анқарада ҳам сезилган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Фавқулодда вазиятлар давлат бошқармасининг аниқлик киритишича, зилзила Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида маҳаллий вақт билан соат 04:17 да (Тошкент вақти билан 06:17) 7 км чуқурликда содир бўлган. Шундан сўнг ер силкинишлари ярим соат давомида турли ҳудудларда – Адана, Анқара, Анталия, Газиантеп, Кайсери, Мерсин, Трабзон, Шанлиурфада сезилди.

Бундан ташқари, Al Arabiya телеканалининг қайд этишича, ер силкинишлари Ироқ ва Ливаннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.

Yeni Shafaq газетасига кўра, Туркиянинг камида тўрт вилоятида вайронагарчиликлар қайд этилган. Уйларнинг қулаши Қаҳраманмараш, Малатя, Шанлиурфа ва Газиантеп вилоятларида кузатилган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот олинмаган.

Нашр вилоятдан олинган суратларни келтирмоқда, уларга кўра, силкинишлар натижасида камида битта бино бутунлай вайрон бўлган.

TRT давлат телеканали Туркия жануби-шарқидаги бир қанча вилоятлардан жонли тасвирларни намойиш этди. Уларнинг аҳолиси, совуққа қарамай, такрорий зилзиладан қўрқиб, уйларини тарк этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид