Жаҳон | 14:11 / 08.02.2023
12325
3 дақиқада ўқилади

WP: «айғоқчи шарлар» - Хитойнинг кенг қамровли кузатув дастури бир қисми

The Washington Post газетасининг ёзишича, 4 февраль куни АҚШ қирғоқлари узра уриб туширилган «разведка шарлари» бешта қитъада пайқалган ва Пекин томонидан ҳарбий объектлар ҳақида маълумот олиш учун фойдаланилмоқда.

Larry Mayer / The Billings Gazette / AP / Scanpix / LETA

АҚШ жануби-шарқий соҳиллари узра уриб туширилган эҳтимолий «разведка шари» Хитой раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли кузатув дастурининг бир қисмидир. Кўп йиллар давомида бундай ҳаво шарлари ХХР учун стратегик аҳамиятга эга бўлган турли мамлакатлар ва минтақалардаги ҳарбий объектлар ҳақида маълумот тўплайди, деб ёзади The Washington Post 7 февраль, сешанба куни АҚШ разведка хизматларидаги манбаларга таяниб. 

Уларга кўра, ҳаво шарлари ёрдамида кузатиш Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Тайван ва Филиппин ҳамда бошқа давлатлар устидан олиб борилган. Улар, жумладан, Хитойнинг жанубий қирғоғидаги Хайнан оролидан назорат қилинади, ҳозиргача бундай шарларни бешта қитъада кўришган, дея таъкидланади маълумотда. 

«Хитойликлар бошқа мамлакатлар ҳарбийлари ҳақида маълумот тўплаш учун ажойиб эски технологияни замонавий алоқа ва разведка имкониятлари билан уйғунлаштирмоқда», - дея иқтибос келтирган The Washington Post АҚШ маъмуриятининг исми ошкор этилмаган расмий вакилидан. Газетанинг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти Қўшма Штатларнинг барча элчихоналарига учинчи давлатларга ҳам берилиши мумкин бўлган «разведка шарлари» ҳақида батафсил маълумот юборган. «Бизнинг иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз бундан жуда манфаатдор», — дея қўшимча қилди манба. 

Бир неча кунлик кузатувлардан сўнг 4 февраль куни Жанубий Каролина қирғоқлари узра уриб туширилган Хитойнинг эҳтимолий «разведка шари» билан боғлиқ воқеа Вашингтон ва Пекин ўртасида шусиз ҳам таранглашган муносабатларни янада мураккаблаштирди. Хусусан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитой пойтахтига 5 ва 6 февраль кунларига режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Америка дипломатияси раҳбари ўз қарорини «АҚШ ҳаво ҳудудида Хитойнинг юқори баландликдаги разведка ҳаво шари мавжудлиги» билан изоҳлади. 

Хитой раҳбарияти расмий Вашингтон ва АҚШ оммавий ахборот воситаларининг айбловларини «асоссиз спекуляция ва пропаганда» деб рад этиб, воқеа «Хитойни қоралаш учун баҳона» сифатида ишлатилганини айтди. Хитой томонига кўра, ҳаво шари метеорологик мақсадлар учун махсус ишлаб чиқилган фуқаролик объекти бўлиб, АҚШ ҳаво ҳудудига тасодифан кириб келган. 

Мавзуга оид