Германия ва Полша Leopard 2 етказиб берувчи давлатлар йиғилишини чақирмоқчи
Германия ва Полша Украинага Leopard 2 танкларини етказиб берувчи давлатлар йиғилишини чақирмоқчи, деб хабар берди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Варшавада.
Ғарб ҳамкорлари Leopard 2 жанговар танкларининг биринчи батальонини йил бошидан уч-тўрт ой ичида Украинага етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда 8 февраль, чоршанба куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус Варшавага ташрифи чоғида маълум қилди.
«Биз камида битта батальонни жорий йилнинг дастлабки тўрт, балки уч ойида етказиб беримиз мумкин, кейин эса иложи борича тезроқ ҳаракат қилишимиз табиийдир», деди Писториус ва батальон тахминан 31 танкдан иборат бўлишини қўшимча қилди.
Вазирлик раҳбари, шунингдек, Германия ва Полша Украинага Leopard 2 етказиб беришни режалаштираётган давлатлар йиғилишини чақирмоқчи эканини айтди. Бундай формат ушбу давлатлар манфаати учун хизмат қилади, деб қўшимча қилди Писториус Варшавада Полша миллий мудофаа вазири Мариуш Блашчак билан учрашувдан кейин.
Бундан олдин, 7 февраль куни Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Киевда мэр Виталий Кличко билан учрашган эди. Томонлар Киевга ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатишни муҳокама қилган. «Германия Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади – қурол ҳам, иқтисодий ёрдам ҳам, сиёсий кўмак ҳам бўлади», — деб ёзди Кличко Facebook'да. Европалик ҳамкорлар Украинани зарур қурол-яроғ билан тезроқ таъминлаш бўйича қарор қабул қилишга бел боғлаган, дея қўшимча қилди сиёсатчи. Киевда Писториус Украина мудофаа вазири Олексий Резников билан ҳам учрашди.
7 февраль куни Германияга Leopard танкларини ишлатиш бўйича тайёргарликка юборилган украиналик ҳарбийлар билан бўлиб ўтган учрашувни шарҳлар экан, Писториус бу унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади: «Бу одамларнинг юзлари ичларида нималар бўлаётганини, қандай юкламага дуч келаётганини, фронтдан яқинда қайтганлар у ерда бошидан ўтказганлари қандай босим қилаётганини кўрсатиб турибди».
«Кўряпсизми, улар ҳозир Германияга боради, Leopard танклари билан танишади, машғулотлардан ўтади, кейин қайтиб келиб, яна фронтга кетади. Бу ақл бовар қилмайдиган юк. Бу менинг украиналиклар кўрсатаётган нарсага ҳайратимни ва ҳурматимни оширади», - дея қўшимча қилди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари.